Жиноят ишлари бўйича Термиз туман суди судланувчини оқлади

    “Микрокредит банк” АТБ Сурхондарё вилояти минтақавий филиали амалиёт бўлими етакчи мутахассиси Г.Бобоқулов Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 228-моддаси 1-қисми ва 3-қисми билан айбланган эди. 

    Яқин йилларда ҳам фалончи суд залида оқланибди, деган сўзни эшитсангиз, ишонмасдингиз. Чунки, бундан етти-саккиз йил муқаддам судда оқлов ҳукмини чиқариш ушалмас орзу эди.

    Эндиликда бу ҳолат халқимизни ажаблантирмайди. Жиноятга жазо муқаррарлиги таъминланиб, айбсиз фуқароларга оқлов ҳукми чиқарилаётир.

    Суд-ҳуқуқ тизимида кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар янгиланган Конституциямизда янада мустаҳкамланиб, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

    Ноҳақ айбланган шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланяпти. Бунга “Микрокредит банк” АТБ Сурхондарё вилояти минтақавий филиали амалиёт бўлими “Учқизил” банк хизматлари офиси муаммоли активлар етакчи мутахассиси Г.Бобоқулов ҳам яққол далилдир.

    Гап шундаки, 2021 йил “Термиз мега тезкор транс” МЧЖ мутасаддилари банкка ошхона биносини таъмирлаш ва жиҳозлаш учун йиллик 24 фоизли 36 ой муддатга мақсадли кредит ажратилишини сўраб мурожаат этади.

    Ўша йили 8 февралдаги 17-кредит шартномасига асосан тадбиркорга 1 миллиард 800 миллион сўм кредит маблағи ажратилади. Шундан сўнг кредит шартномасида таъминотчи сифатида кўрсатилган Ф. Аннаева раҳбарлик қилган масъулияти чекланган жамиятга ўзининг жавобгарлигидаги “IABS” дастурий таъминоти орқали кредит олувчи “Термиз мега тезкор транс” МЧЖ раҳбари Ғ. Назаров рухсатисиз ва у томонидан тақдим этилиши керак бўлган тўлов топшириқномаларисиз ўтказиб беради. Оқибатда тижорат банкининг 1 миллиард 800 миллион сўм маблағини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилади.

    Шундан сўнг у жиноятини яшириш учун “Термиз мега тезкор транс” МЧЖ раҳбари Ғ.Назаров номидан тегишли тўлов топшириқномаларини тайёрлаб, уларга сохта ёзувлар киритиб, унинг номидан ўзи имзолаб, расмий ҳужжатларни қалбакилаштиради.

    Ҳужжатлар қалбаки эканини билатуриб, уларни банк маъмуриятига тақдим этади. Бу ҳолат бўйича у Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди, 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 1-қисми ва 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган.

    Судланувчи Г. Бобоқулов эса судда айбига иқрорлик билдирмасдан, ушбу жиноят иши юзасидан ўзганинг мулкини талон-торож қилмаганини, таъминотчи ва мулкдорлар айнан шу кредит бўйича судланганини, аммо уни уларга нисбатан очилган ва юритилган жиноят иши бўйича терговга чақиришмагани, буни эса кейинчалик билганлигини, бирор-бир таъминотчи ёки мулкдор билан тил бириктирмаганини, ўзига қўйилган айблов нотўғри экани учун айбловларни олиб ташлаб, суддан оқлов ҳукми чиқаришни, иш ҳужжатлари юзасидан қонуний қарор қабул қилишни сўраб, кўрсатув берди.

    Суд давлат айбловчисининг хулосаси ва ҳимоячининг фикрини тинглаб, судланувчи, фуқаровий даъвогар ва гувоҳларнинг кўрсатувларини эшитиб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, Г. Бобоқуловнинг жиноят содир этганликдаги айби, жиноят ишининг бир қисмига жиноят ишини қўзғатган ҳолда алоҳида иш юритувга ажратиш тўғрисидаги қарорни таҳлил ва иш ҳужжатларидаги далилларни тегишли тартибда муҳокама қилди.

    Хусусан, тергов ҳужжатларида Г. Бобоқулов кредит суммасини чиқаришда кредит папкасини тайёрлаб, тегишли тартибда электрон базага киритган ва кредит пулларнинг чиқиб кетишига сабабчи бўлган, дейилган бўлса-да, бу ҳолат биронта далил билан исботланмаган. Ёки бу ишлар Г. Бобоқулов томонидан қандай амалга оширилгани бўйича далиллар олинмаган.

    Хуллас, судда Г. Бобоқуловнинг жуда кўп миқдордаги ўзганинг мулкини талон-торож қилганликда Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганлигини исботлаб бўлмади. Шунингдек, дастлабки тергов органи судланувчининг ҳаракатларини Жиноят кодексининг 228-моддаси 3-қисми билан ортиқча квалификация қилингани маълум бўлди.

    Жиноят ишлари бўйича Термиз туман судида ўтказилган очиқ суд мажлисида дастлабки тергов органи томонидан судланувчи Г. Бобоқуловга қўйилган айб квалификацияси муҳокама қилиниб, адолатли тўхтамга келинди. Унинг қилмишида жиноят таркиби ва аломатлари йўқлиги сабабли айбсиз деб топилиб, оқланди.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates