АОКАда бўлиб ўтган брифингда Дин ишлари бўйича қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Илҳом Маърупов "Ҳаж-2024" мавсумига кўрилаётган тайёргарлик ҳақида маълумот берди:
“Ҳаж-2024” мавсумига пухта тайёргарлик ишларини амалга ошириш мақсадида, дастлабки ишчи гуруҳ Саудия Арабистонига етиб бориб, айни пайтда Макка ва Мадина шаҳарларидаги меҳмонхоналарда, шунингдек, Мино, Арафот, Муздалифа манзилларида бўлиб, юртдошларимиз учун барча шароитларни ҳозирлаш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Шунингдек, ўзбекистонлик зиёратчилар учун ажратилган меҳмонхоналар шай ҳолатга келтирилган ҳамда юртдошларимизни кутиб олиш бўйича барча зарурий ишлар амалга оширилди.
Жорий йилнинг 23 майдан 7 июнь кунига қадар республиканинг 10 та ҳудудий халқаро аэропорти: Тошкент, Наманган, Фарғона, Қарши, Термиз, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Урганч, Нукус шаҳарлари орқали ҳожиларни Мадина шаҳрига юбориш ҳамда 22 июндан 12 июлга қадар Жидда шаҳридан Ўзбекистонга олиб келиш ишлари амалга оширилади.
Маълумот учун: зиёратчиларимиз Мадина шаҳрида “Масжиди Набавий”дан 100 метр узоқликда жойлашган 5 юлдузли “Зам-зам Пуллман” меҳмонхонасида, Макка шаҳрида эса “Abraj al-Dana”, “Al-Ayam Elite”, “Dali Hotel”, “Najma Al-Saad”, “Open Hotel”, “Shueae Nozha Hotel”, “Ayed Al-Saha” меҳмонхоналарида истиқомат қиладилар.
Ҳаж мавсумида ўзбекистонлик зиёратчиларга хизмат кўрсатиш, ибодатларни эмин-эркин ҳамда тўла-тўкис амалга оширишлари учун юқори малакали Ишчи гуруҳи, шифокорлар, ошпазлар ва гуруҳ раҳбарлари жалб этилади.
Саудия Арабистони Подшоҳлиги томонидан белгиланган тартибга мувофиқ Ҳаж амалларини бажариш учун зиёратчида “Ҳаж-2024” визаси бўлиши шарт.
Саудия Арабистони ҳукумати қолган барча турдаги визалар - умра, туризм, бизнес, зиёрат ва бошқалар билан ҳаж тадбирини амалга оширишга қатъий йўл қўймаслигини эслатиб ўтамиз.