Жозибадор имкониятлар ҳудуди

    Дунёнинг 150 га яқин давлатида 5 400 дан ортиқ иқтисодий ҳудудлар мавжуд.

    Бу дунёда ҳамма нарса бир-бири билан узвий боғлиқ. Айниқса, иқтисодиётда. Мисол учун юқори қўшилган қийматга эга бўлган маҳсулотни ишлаб чиқариш учун замонавий, юксак технологияли қувватлар зарур. Бундай корхоналарни барпо қилиш учун эса, хорижий ва маҳаллий инвестицияни жалб этиш яхши самара беради. Улар ўз навбатида қулай шарт-шароитлар яратилган, кенг имтиёз, рағбатлар берилган жойда бутун салоҳиятини намоён этади. Мана шу жиҳатларнинг барчаси мужассам бўлган масканда махсус ёки эркин иқтисодий ҳудудни ташкил этиш имконияти вужудга келади.

    Кўплаб олимлар томонидан берилган таърифлар умумлаштирилганда, бундай ҳудудлар минтақани жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун мамлакат ва чет эл капиталини, истиқболли технология ва бошқарув тажрибасини жалб этиш мақсадида тузиладиган, аниқ белгиланган маъмурий чегаралари ва алоҳида ҳуқуқий тартиботи бўлган махсус ажратилган макону масканлар ҳисобланади.

    Уларнинг тарихий илдизлари ўн олтинчи аср ўрталарига бориб тақалади. Тадқиқотчилар дастлабки махсус иқтисодий зона сифатида 1547 йилда “Эркин савдо шаҳри” деб эълон қилинган Италиянинг Ливорно шаҳрини тилга олишади. Шундай ҳудудни ўзига хос ташқи савдо акнлави сифатида таърифлаган 1973 йилги Киото конвенцияси имзоланганидан кейин эркин иқтисодий зоналар кўплаб мамлакатларга тарқалди. Масалан, ўтган асрнинг 90-йилларида уларнинг турли кўринишдаги сонига нисбатан минглаб, деган таъриф қўлланила бошланган бўлса, айни кунга келиб дунёнинг 150 га яқин давлатида 5 400 дан ортиқ иқтисодий ҳудудлар мавжуд.

    Улар орасида Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган махсус иқтисодий зоналар ҳам бор. Мамлакатимизда 2008-2016 йиллар давомида фақатгина 3 та ана шундай ҳудуд ташкил этилган бўлса, айни кунга келиб улар сони 23 тага етди. Эркин иқтисодий зоналарда умумий қиймати 2,6 миллиард долларлик 453 та лойиҳа амалга оширилиб, 36 мингга яқин иш ўрни яратилган.

    Махсус иқтисодий зоналар бўш турган ва фаолият кўрсатмаётган давлат мулки объектлари, маъмурий-ҳудудий тузилмалар ҳудудлари негизида, шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда ташкил этилади.

    Эътироф этиш жоиз, мамлакатимиз ҳудудларининг имкониятлари катта. Шундан келиб чиққан ҳолда, давлатимиз раҳбари 2021 йилнинг 30 апрель куни “Махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинган эди. Унга мувофиқ, жорий йилда эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари инфратузилмасини яхшилаш учун 1 триллион 600 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланди. Хусусан, 17 та эркин иқтисодий зонада қўшимча электр энергияси, газ, ичимлик суви ва оқова сув тармоқлари ҳамда автомобиль йўлларини барпо этиш учун 584 миллиард сўм йўналтирилади.

    Жорий йилда эркин иқтисодий зоналарда умумий қиймати 1,1 миллиард доллар бўлган 332 та лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган 2016 йил 26 октябрда қабул қилинган “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонига асосан, эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари уч йилдан ўн йилга қадар ер, фойда солиғи, юридик шахслар мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўловидан озод этилган. Бунда киритилган сармоялар миқдори инобатга олинган, яъни:

    300 мингдан 3 миллион АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар — 3 йил; 3 миллиондан 5 миллион АҚШ долларигача — 5 йил; 5 миллиондан 10 миллион АҚШ долларигача —7 йил; 10 миллион ва ундан кўп АҚШ доллари ҳажмидаги инвестициялар сўнгги 5 йилда амалдаги ставкалардан 50 фоиз кам ҳажмдаги даромад солиғи ва ягона солиқ тўлови ставкалари қўлланган ҳолда — 10 йил муддатга берилиши назарда тутилган эди.

    — 2020 йил 19 июндаги “Алоҳида солиқ ва божхона имтиёзларини бекор қилиш тўғрисида”ги Президент фармони билан бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, — дейди Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Музаффар Назаров. — Уларга мувофиқ, 2020 йил 1 октябрга қадар эркин иқтисодий зоналар иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ва “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонунда белгиланган тартибда алоҳида солиқлар, шунингдек, божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари инобатга олинган. Жумладан, Қонуннинг 39-моддасига асосан, эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари солиқ бўйича имтиёзлардан Солиқ кодексида белгиланган тартибда фойдаланиши қайд этилган.

    Ўтган йили янги Солиқ кодекси амалга киритилганидан кейин махсус иқтисодий зона иштирокчилари шу каби имтиёзлар сақланиб қоладими ёки йўқми, деб безовта бўлиб, мутасадди идораларга мурожаатлар билан чиққан эди.

    —Ўзбекистон Президентининг шу йил 14 сентябрь куни инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинган “Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида бу масалага тўла ойдинлик киритилди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдиғани Умиров.— Қарорга мувофиқ, махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларини пандемия даврида янада қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга солиқ тўловларидан олдин берилган айрим имтиёзлар муддати узайтирилмоқда ҳамда улар фаолияти учун бир қатор енгилликлар ҳам кўзда тутилмоқда.

    Биринчидан, 2020 йил 1 январдан бошлаб махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёзлар бекор қилинган эди. Эндиликда эса 2020 йил 1 октябрга қадар махсус иқтисодий зона иштирокчилари руйхатига киритилган иштирокчилар учун, улар томонидан киритилган инвестициялар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, реестрга киритилган санадан бошлаб 3 йилдан 10 йилгача бўлган муддатларда ушбу имтиёз тўлиқ қўлланилади. Шу мақсадда махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига улар томонидан киритилган инвестициялар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда фойда солиғи бўйича имтиёзлар беришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

    Иккинчидан, махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига 2021 йил 15 сентябрдан бошлаб маҳсулот ишлаб чиқаришда ва ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, хомашё ва материалларни импорт қилганда қўшилган қиймат солиғи ва божхона божини фоизлар ҳисобланмаган ҳолда 120 кунгача муддатга кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш ҳуқуқи берилмоқда.

    Учинчидан, махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчиларига ортиқча қўшилган қиймат солиғи суммасини етти кун ичида қоплаб бериш тартибига қатъий амал қилиниши назарда тутилмоқда. Бундай тартиб тадбиркорларга бир йилда ўртача 350 миллиард сўм қўшилган қиймат солиғини қисқа муддатда қайтариб олиш ва айланма маблағларини кўпайтириш имкониятини яратади.

    Хулоса ўрнида айтганда, мазкур қарорда кўзда тутилган имтиёзлар аввало тадбиркорларимизга, инвесторларга фаолият олиб боришлари зарур бўлган молиявий ресурсларидан унумли фойдаланишларига ва улар томонидан рақобатдош, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришларига кенг имкониятлар яратиши билан янада аҳамиятлидир.

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates