Мазкур акциядан кўзланган асосий мақсад – “Кўкрак бези саратонининг эрта диагностикаси” ижтимоий лойиҳаси доирасида ОАВ ва ташкилотлар ахборот хизматида фаолият олиб бораётган журналист аёлларни бепул тиббий кўрикдан ўтказиш.
Жорий йилнинг 18 декабридан 23 декабригача давом этадиган ушбу акция аёллар онкологик касалликлари орасида энг кўп тарқалган кўкрак бези саратонининг олдини олишга қаратилган.
Айни кунда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Марказий поликлиникасида журналист аёлларни юқори технологик рақамли ускуна ёрдамида текширувдан ўтказиш давом этмоқда. Уларни Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси масъул ходими кутиб олиб, шифокор қабулига йўлламоқда. Қайд этилган маълумотларга кўра, бугунга қадар телевидение, радио, босма ОАВ, интернет нашрлари ва ахборот хизматларида ишлаётган 50 нафарга яқин аёл журналистлар тиббий кўрикдан ўтказилган.
– Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан журналист аёлларни бепул тиббий кўрикдан ўтказиш акцияси эълон қилинганидан хабар топиб, таҳририятимиздаги аёл ҳамкасбларимиз билан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Марказий поликлиникасига келдик, – дейди “Тонг юлдузи” газетаси бўлим муҳаррири Озода Турсунбоева. – Албатта, кўплаб касалликларнинг олдини олиш ва даволашда энг муҳим омиллардан бири, сўзсиз, шу хасталикларни эрта аниқлаш ҳисобланади. Афсуски, биз, аёллар ҳар доим ҳам ўз соғлигимизга вақт ажратолмаймиз. Иш ва ҳаёт ташвишлари билан банд бўламиз. Мана, бугун ижодий жамоамиз аёллари бир-биримизга далда бўлиб тиббий кўрикдан ўтдик. Бизнинг солиғимизга бефарқ бўлмаган Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига, ўз вазифасини сидқидилдан бажараётган тиббиёт ходимларига миннатдорлик билдирамиз. Барча ҳамкасб опа-сингилларимизни тиббий кўрикдан ўтишга чорлаймиз.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси
Ахборот хизмати