Камбағал оилаларни қачон “темир дафтар”дан ўчириш мумкин?

    Фикр 31 июл 2020 4993

    Ўзбекистонда одамларнинг муайян қисми етарли даромад манбаига эга эмас ва камбағаллиги узоқ йиллар «ёпиқ мавзу» бўлиб келди.

    Лекин давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан аҳолининг ночор қисмига кўмак бериш мақсадида комплекс ва ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилди. Бу борада амалга оширилиши лозим бўлган аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

    Карантин чекловлари туфайли иш ўринлари яратиш, хусусан, камбағалликка қарши курашиш осон кечмаяпти. Шу боис, пандемиянинг таъсирини юмшатиш мақсадида «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати йўлга қўйилди.

    Мазкур ҳаракат доирасида вилоятимизда 79 минг муҳтож оилага кўмак берилгани ночор оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларнинг кўламини яққол кўрсатиб турибди.

    Умуман, ўрганишлар давомида, вилоятимизда 47 минг 770 та камбағал оила мавжудлиги аниқланган. Уларнинг 221 минг 192 нафар аъзоси «темир дафтар»га киритилган. Жумладан, Ургут туманида 6796 та, Самарқанд шаҳрида 5613 та, Паст Дарғом туманида 4596 та, Каттақўрғон туманида 3556 та, Пайариқ туманида 3472 та, Пахтачи туманида 2766 та, Иштихон туманида 2515 та, Самарқанд туманида 2245 та, Жомбой ва Нарпай туманларида 2170 тадан, Тойлоқ туманида 2166 та, Булунғур туманида 2106 та, Қўшработ туманида 1964 та, Нуробод туманида 1893 та, Оқдарё туманида 1845 та, Каттақўрғон шаҳрида 1053 та шундай оила рўйхатга олинди. Бу оилаларга «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида 24,6 миллиард сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.

    Бугунги кунда «Ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказлари»да 571 нафар тадбиркорлар, кўнгилли ҳамда волонтёрлардан иборат ишчи гуруҳлар шакллантирилган. Улар ёрдамида 19 минг 747 та кам таъминланган эҳтиёжманд оилаларга кўмаклашиш чоралари кўрилмокда. Қайд этиш лозимки, ўтган даврда марказларга 2978 та мурожаат тушди. Лекин мавжуд маълумот ва имкониятлардан келиб чиқиб кўпроқ, яъни 18 минг 538 нафар фуқарога ёрдам кўрсатилди.

    Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиниб, 3,3 тонна ўсимлик ёғи, 23,3 тонна ун, 2,11 тонна шакар, 3,7 тонна макарон, 0,5 тонна гўшт, 0,6 тонна товуқ гўшти, 6 тонна картошка, 9,7 тонна пиёз, 3,7 тонна сабзи, 2,3 тонна гуруч, 0,3 тонна қуруқ чой, 1052 қути тухум, 20 минг 410 та ниқоб, 8450 та қўлқоп тарқатилди.

    «Темир дафтар»га киритилган 60 минг 882 нафар меҳнатга лаёқатли, лекин ишсиз фуқаролардан 42 минг 583 нафарининг бандлиги таъминланди. Жумладан, 329 киши оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик йўналишида иш билан таъминланган бўлса, 16 минг 424 киши ўзини ўзи банд қилиш ва жамоатчилик ишларига жалб қилинди. Шунингдек, 11 минг 411 киши қишлоқ хўжалиги, 14 минг 419 киши қурилиш ва бошқа соҳаларда ишга жойлаштирилди.

    Шаҳар ва туманлар кесимида олиб қараганда Самарқанд шаҳрида 464 та, Ургут туманида 481 та, Паст Дарғом туманида 378 та, Булунғур туманида 307 та, Жомбой туманида 263 та, Каттақўрғон туманида 202 та, Қўшработ туманида 191 та оила доимий иш билан таъминланди.

    Бу борадаги кўрсаткич Пахтачи туманида 164 та, Самарқанд ва Тойлоқ туманларида 151 ва 152 та, Нарпай туманида 115 та, Оқдарё туманида 122 та, Нуробод туманида 98 та, Пайариқ туманида 66 та, Каттақўрғон шаҳрида 58 тани ташкил қилмоқда.

    Шунингдек, камбағал оилаларнинг 747 нафари тадбиркорлик орқали банд қилинди.

    Президентимиз таъкидлаганидек, «Камбағалликни камайтириш ойлик ёки нафақа миқдорини кўпайтириш, ёппасига кредит бериш дегани эмас. Бунинг учун, энг аввало, аҳолини касбга ўқитиш, молиявий саводхонлигини ошириш, одамларда тадбиркорлик ҳиссини уйғотиш, инфратузилмани яхшилаш, фарзандларини ўқитиш, сифатли даволаниш, манзилли нафақа тўлаш тизимини жорий қилиш керак».

    Мазкур талаб асосида олиб борилган ишлар натижасида маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан 6693 та оилани камбағалликдан чиқариш бўйича таклифлар берилди.

    Шу ўринда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойишига асосан "Саховат ва кўмак" фонди орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ёрдам тарқатилиши белгиланганлиги ҳам бу борадаги ишларнинг аҳамиятини янада ошириши шубҳасиз. Негаки, бунинг учун Инқирозга қа рши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 150 миллиард, шу жумладан, вилоятимизга 10 миллиард сўм ажратилгани муҳтож оилалар учун яхшигина кўмак бўлади.

    Албатта, камбағалликни қисқартириш бўйича қилинаётган ишлар шу билан якунланмайди. Бу борада июль-сентябрь ва октябрь-декабрь ойлари учун алоҳида вазифалар белгилаб олинган.

    Хусусан, ушбу йўналишда мономарказлар ва касбга ўқитишга мўлжалланган муассасаларни босқичма-босқич ташкил этишни амалга ошириш дастури ишлаб чиқилган. Дастурга мувофиқ, сентябрь ойида Самарқанд шаҳар енгил саноат ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқув ишлаб чиқариш базасида «Ишга марҳамат» мономаркази, Самарқанд тумани Гулобод ижтимоий-иктисодий коллежининг ўқув ишлаб чиқариш базасида «Самарқанд тумани касб-ҳунарга ўқитиш маркази», шунингдек, вилоятнинг 14 та туман (шаҳар)ларида «Касб-ҳунарга ўқитиш маскани» ташкил этилиши белгиланган.

    Бугунги кунда маҳаллаларда дизайн, пазандачилик, тикувчилик ва бошқа касбларга ҳамда хорижий тилларга ўқитиш курсларида иштирок этувчи 1567 нафар талабгорларнинг рўйхати шакллантирилган.

    Асқар Умаров,

    Самарқанд вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates