Навоий вилоятида кимё саноати ривожланган. Ҳудудда минерал ресурслар кўп, тармоқ инфратузилмаси ва кадрлар салоҳияти яхши. Бундан фойдаланиб, истиқболли корхоналар ташкил этиш учун эса мамлакатимизда қулай инвестиция муҳити ва тадбиркорларга шароит бор.
Шу негизда хитойлик ишбилармонлар томонидан “Zarafshon industrial technology” номи остида кимё технопарки барпо этилмоқда.
Мазкур мажмуа учун 130 гектар ер майдони ажратилган. Бу ерда умумий қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ бўлган 18 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Ҳозиргача уларнинг иккитаси - 40 минг тонна олеум, 170 минг тонна сульфат кислотаси олиш лойиҳалари ишга туширилди.
Эътиборлиси, сульфат кислотаси ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган иссиқликдан унумли фойдаланиш мақсадида 1,4 мегаватт қувватга эга буғ-газ қурилмали энергоблок қурилган. Бу корхона ўзини ўзи тўлиқ электр энергияси билан таъминлаш имконини беради.
Давлатимиз раҳбарига технопаркда амалга ошириладиган янги лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Хусусан, қиймати 150 миллион долларлик 1 миллион тонна сульфат кислотаси, 120 миллион долларлик 50 минг тонна каустик сода ҳамда 135 миллион долларлик 100 минг тонна фталоцианин (тўқимачилик бўёғи) ишлаб чиқариш корхоналари қурилиши бошланган.
Технопаркда бошқа тармоқлар билан кооперация алоқалари самарали йўлга қўйилади. Натижада қурилиш саноатида 75 миллион, енгил саноатда 107 миллион, тиббиётда 38 миллион долларлик четдан келадиган маҳсулотлар ўрни қопланади.
Технопаркда маҳаллийлаштириш айни пайтда 31 фоизни ташкил қилади. Лойиҳалар босқичма-босқич амалга оширилиши натижасида бу кўрсаткич икки баробар ортади.
Давлатимиз раҳбари корхоналарда ишлаб чиқариш балансини таъминлаш, "off take" шартномалар қилиб, маҳсулотларни кафолатли сотиш зарурлигини таъкидалди.
Бугунги кунда технопаркда 300 кишининг бандлиги таъминланган. Барча лойиҳалар амалга ошгач, 2 мингдан зиёд иш ўрни яратилади, антрахинон, каустик сода, мис хлориди, диметилсульфат, натрий сульфид, резорцин каби маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилади. Технопаркнинг йиллик экспорт салоҳиятини 2026 йилда 30 миллионга етказиш ва изчил ошириб бориш режалаштирилган.
Шунингдек, керакли коммуникация тармоқлари ҳам хорижий инвестор маблағлари ҳисобидан қурилмоқда.
Шу ерда 2024-2030 йилларда "Навоийазот" акциядорлик жамияти негизида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимот қилинди.
Унга кўра, 5 миллиард долларлик 22 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Уларда 3 мингдан зиёд янги иш ўрни бўлади. Йилига 2 миллиард доллардан зиёд кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, асосий қисми экспортга йўналтирилади.
Президентимиз лойиҳаларда экология талабларига алоҳида эътибор қаратиш, заводларни углерод оксидини ҳавога кам чиқарадиган ускуналар билан жиҳозлаш бўйича кўрсатмалар берди.
Лойиҳалардан 4 таси келгуси йили фойдаланишга топширилиши мўлжалланган. Давлатимиз раҳбари уларнинг инвесторлари билан мулоқот қилди.