“Катта орзулар қилишдан қўрқмаяпман”

    "Янги Ўзбекистон" газетасининг шу йил 8 сентябрь сонида журналист Кумуш Абдусаломованинг “Катта орзулар қилишдан қўрқмаяпман” сарлавҳали мақоласи чиқди. Қуйида мақолани эътиборингизга ҳавола этяпмиз.

    Биз илгари ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга имконият яратиш ҳақида гапирганда, албатта, сафнинг олдида турган, қатор-қатор медалларни, ютуқларни қўлга киритган ёшлар ҳақида гапирар эдик. Майдонга фақат уларни олиб чиқардик, кўрсатувлар қаҳрамони ҳам улар эди. Аммо сўнгги йилларда ёшларга чинакам шароит яратиш аслида қандай бўлишини ҳар биримиз ўз ҳаётимиз мисолида кўриб турибмиз.

    Жамиятда ўз ўрнини тополмаган, аниқ мақсади, йўл-йўриқ кўрсатадиган одами бўлмаган ёшларнинг муаммолари кун сайин улканлашиб боравериши ҳаётий ҳақиқат. Давлатимиз раҳбари ўз чиқишларида ёшлар муаммоларини ҳал қилиш ҳар бир раҳбарнинг асосий вазифаси эканини алоҳида таъкидлайди. Шунга асосан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш мақсадида алоҳида тизимли лойиҳани йўлга қўйди. Унга мувофиқ, жамғарма маблағлари ҳисобидан янги иш ўринлари яратишга шай тадбиркорларга турли миниускуналар, инвентарлар қулай шартлар асосида ижарага берилади.

    Жамоат ишлари жамғармаси томонидан тадбиркорларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, асосан, тикув машинаси, дазмол, пайвандлаш аппарати, мотокультиваторлар ижарага берилмоқда. Натижада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида шу йилнинг ўтган етти ойи давомида “Ёшлар дафтари”га киритилган, иш жойига эга бўлмаган 44 минг 785 нафар йигит-қизнинг бандлиги таъминланди. Жумладан, бу борада Фориш туманида ҳам муайян ишлар бажариляпти.

    — Иш сўраб келган аёлларга нима деб жавоб бераман, деган савол қийнарди. Ҳудудимизда деҳқончилик билан шуғулланиш бироз қийин. Сув билан боғлиқ муаммо бор. Маҳаллабай юриб ўрганганимизда, аҳолини қийнайдиган энг муҳим масала ҳам ишсизлик экани маълум бўлди. Кўпи аёллар, қизлар. Шундай пайтларда уларнинг бандлигини таъминлаш учун нима қилсам бўлади, деб ўзимга ўзим савол берардим, — дейди Фориш тумани ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Гавҳар Алиева. — Мана, энди юзимиз ёруғ. Туманимизда 48 мингдан ортиқ хотин-қиз истиқомат қилади. Касбга ўқиган аёллар, қизларга “мана сизга иш жойи, марҳамат ишланг”, дейишимиз мумкин. Бугун туман аҳолисининг эътибори “Технотроник текстиль” корхонасига қаратилган. Тумандаги 300 дан ортиқ хотин-қиз шу ерда ишлаяпти.

    — Туманимизнинг аввалги ҳокими билан Форишда янги иш ўринлари очиш бўйича маслаҳатлашдик. У “Биз раҳбарлар кетадиган одаммиз, сиз эса шу ернинг фарзандисиз. Ота-боболарингиз шу ерда ётибди, иш ўрни очинг. Сизга қандай ёрдам керак бўлса берамиз”, деди. Шу далда сабаб бўлиб анчадан бери кўнглимга тугиб юрган ниятимни амалга оширишга қарор қилдим. Мана, шукрки, орадан бир йил ўтиб, корхонамиз биз истаган кўринишга келди. Туркиядан мутахассис чақирдик. Барча тажрибасини ўргатяпти, — дейди “Технотроник текстиль” корхонаси раҳбари Ғофур Ражабов. — Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси томонидан 200 та тикув машинаси қулай ижара шартлари асосида берилди. Энди тежалган пулга газлама сотиб оламиз. Хорижга маҳсулот экспорт қилишни бошладик. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганимга анча йиллар бўлди. Бу соҳада ўзига хос тажрибам бор. Аммо тадбиркорлар учун бу даражада эътибор, бундай ғамхўрлик бўлишини тасаввур ҳам қилмаганман. Ҳар бир тадбиркор бу имтиёзлардан унумли фойдаланиб, қўрқмасдан ўз ишини юритса бўлади. Ҳар гал янги ишчини ишга олганимда бу дунёда умрим бекор ўтмаётганидан хотиржам бўламан. Одамлар ўз иш жойига, доимий даромад манбаига эга бўлганда, уларнинг ўйнаб-кулиб юрган фарзандлари кўз олдимга келади. Ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизни хорижга экспорт қилганда эса, ўзимда ғурур туяман.

    Тадбиркорлик субъектларида ёшлар ва аёллар учун янги иш ўрни ва доимий даромад манбаи кўпаймоқда. Буларнинг ҳаммаси ҳақида уларнинг ўзидан эшитамиз.

    Сурайё Жуманазарова, 21 ёш (Урганч туманидан):

    — Мактабда аъло баҳоларга ўқидим. Аммо оилавий шароитимиз кўтармагани боис, олий маълумот ололмадим. Ҳаётда яхши яшашнинг ягона чораси олий маълумотли бўлиш эмас экан. Буни яқин йилларда юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибордан англадим. Касб-ҳунар эгаллашни жуда истардим. Маҳалла фуқаролар йиғинидан мутасаддилар келиб, “Ёшлар дафтари”га рўйхатга олишди. Улардан касб-ҳунар эгаллашим мумкинлигини эшитиб жуда севиндим. Ҳозир қўлимда сертификат бор, сўнгги русумдаги тикув машинасида либослар тикяпман. Тиккан буюмларимизни чиройли, мукаммал ҳолатда кўрсата оляпмиз. Ишимизга харидор бор, рўзғоримизга барака кириб, оиламга нафим тегяпти. Кимгадир кулгили туюлиши мумкин, аммо бу мен учун бахт.

    Рўза Келдибекова, 23 ёш (Фориш тумани):
    — Биз ишлаётган тўқимачилик корхонаси ўрни бийдай адир эди. Эсимда, болалигимизда шу ерларда қўй боқиб юрардик. Бир пайтлар келиб, бу жойда замонавий корхона қурилади, унда ишлайсан, деса, рости, ишонмасдим. Ҳозир биз тикаётган кийимларни узоқ юртларда кимлардир кийиб юришини тасаввур қилиш мен учун жуда ҳайратли. Бозорда турли хорижий сўзлар ёзилган футболкаларни кўрганимда, шу кийимларни ким тиккан экан, дизайнини ким ўйлаб топган экан, деб қизиқардим. Энди ўзим шундай ишларнинг тепасида турибман. Эрталаб ишга келаётганимда ҳар бир босган қадамим учун шукрлар айтаман. Ишдан уйга қайтаётганимда ҳам ўзимдан кўнглим тўлиб, оилам, болаларим бағрига қайтаман. Бир аёл учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.

    Юлдузхон Эшмуродова, 27 ёш (Хива шаҳри):
    — “Ёшлар дафтари”га киритилган эдим. Ишсиз, бекорчи юрган тенгдошларим бор эди. Қизлар асосан, кунлик ишларга, далага — йиғим-теримга чиқиб юрарди. Йигитлар эса иложини топса, чет элга бориб ишлаб келишни маъқул кўрарди. Шу дафтарга рўйхатга олиш бошл ангандан кейин ҳаммасининг фикри ўзгарди. Қизлар ўзи истаган касб-ҳунарни эгаллай бошлади. Йигитлар чет элга кетмай, ер олиб деҳқончилик қиляпти ё тадбиркорлик билан шуғулланяпти. Мен ўзим қизиққан тикувчиликни ўрганиб, ишга кирдим. Орзуларим ушалишига, доимий даромадга, ҳаётда ўз ўрнимга эга бўлишимга сабабчи бўлган давлатимиз раҳбарига раҳматлар айтаман.

    Рушана Ашурова, 25 ёш (Фориш тумани):
    — Телевизорда “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” дейилса, аввалига тушунмадим. Кейин маҳалла фуқаролар йиғинидан келиб мени ҳам “Ёшлар дафтари”га киритиб қўйишди. Шунчаки рўйхатга оляпти, деб ўйладим, бошида ҳеч нарсани тушунганим йўқ-да. Аммо бу дафтарга киришнинг фойдасини, натижасини кейин англадим. Мен каби тенгдошларим, дугоналарим номидан бемалол айта оламан: “Ёшлар дафтари” биз учун чинакам бахт дафтари, мақсад дафтари, орзулар ушаладиган дафтар бўлди. Қўлимдан иш келаётганидан, тикишни ўрганиб, шундай тикув корхонасида ишлаётганимдан мамнунман. Тикувчиликнинг барча сир-асрорларини пухта ўрганяпман. Мутасаддиларни маҳаллабай, хонадонбай юриб, дарду ташвишларимизни эшитишга ундагани, бизга нима керак бўлса, муҳайё қилаётгани учун Президентимиздан беҳад миннатдорман. Энди ҳаётга бошқача кўз билан қараяпман. Катта орзулар қилишдан қўрқмаяпман. Чунки бу юртда ҳар қандай орзу ўз ижобатини топади.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates