Катта орзуларим Ўзбекистон билан боғлиқ

    “Google”, “Apple”, “Amazon”, “Facebook” сингариларга ишга кириш учун шахсий маълумотномамни юбордим. Баъзи компаниялар синовидан муваффақиятли ўтдим, баъзан рад жавобини олган пайтларим бўлди. Катта тажриба орттирдим. Бир неча нуфузли компаниядан ишга таклиф этишди. Мен UBER компаниясида тўхтадим.

    Информатикага қизиқишим болаликдан бошланган

    2015–2019 йилларда Тошкентдаги Инҳа университетида компьютер муҳандислиги бўйича таҳсил олдим. Компьютерга қизиқишим ёшлигимдан бошланган. Аввалига компьютерда турли ўйинлар ўйнадим, расмлар чиздим. Офис дастурларини яхши тушунардим. Акам эса муҳандис­дастурчиликни пухта биларди. Унга қизиқиб мен ҳам дастурчи бўлишни орзу қилганман. Илк бор 9­синфда ўқиб юрганимда информатика фанидан HTML бўйича веб­сайт яратганман. Кейинчалик коллежда ўқиб юрган чоғимда информатика фанидан бир неча халқаро ва республика олимпиадаларида иштирок этдим. Университетда ўқиган йилларимда дастурлашни профессионал даражада ўргандим.

    2015 йилда биринчилардан бўлиб болаларга дастурлашни ўргатиш лойиҳаси — Codecraftни жорий этдик. Ўшанда 8-9 ёшли болаларга дастурлашни ўргатиш бўйича ишлаганмиз. Дарсликларни ҳам ўзимиз тузиб чиққанмиз. Икки йил шу лойиҳа устида ишладим. Шу муддатда 500 нафардан ортиқ болага дастурлашни ўргатдик.

    Бу олдин хаёлга келтириб бўлмайдиган иш эди. Чунки ёш болага қандай қилиб дастурлашни ўргатиш мумкин? Катта одамлар дастурлашни ўрганиши мумкин, бироқ болаларга бу юмуш қийинлик қилади, деган тушунча мавжуд эди. Бу стереотипдан чиқиб, болаларга дастурлашни ўргатиш мумкинлигини исботладик.

    Халқаро компанияларга йўл

    Шундан кейин Ўзбекистонда машҳур “Super Dispatch” компаниясига ишга ўтдим. Янги ишхонам автомашиналарни етказиб бериш бўйича дастурий таъминот яратиш билан шуғулланарди. Аввалига компанияда кичик дастурчи бўлиб ишладим. Кейин EPAМ глобал консалтинг компаниясида ишладим. У АҚШнинг Филадельфия шаҳрида жойлашган. Компаниядаги бир ярим йиллик фаолиятим давомида жуда кўп янгилик ўргандим. Ҳар хил миллат вакиллари билан ишладим. АҚШнинг корпоратив, муҳандислик маданияти билан яқиндан танишдим. Шундан сўнг кўп компанияларга, жумладан, “Google”, “Apple”, “Amazon”, “Facebook” сингариларга ишга кириш учун шахсий маълумотномамни юбордим. Баъзи компаниялар синовидан муваффақиятли ўтдим, баъзан рад жавобини олган пайтларим бўлди. Катта тажриба орттирдим. Бир неча нуфузли компаниядан ишга таклиф этишди. Мен UBER компаниясида тўхтадим.

    2020 йилда UBER жамоасига қўшилган эдим. Ўшанда пандемия айни авж олган, етказиб бериш, хизмат кўрсатиш тизими буткул онлайн форматга ўтиб кетганди. Илгари дўконлардан харид қилинадиган барча маҳсулотлар энди онлайн сотиб олина бошлади. Кафе ва емакхоналар ёпиқ, хуллас, етказиб бериш хизмати шиддат билан ривожланган палла эди.

    Мендан тез­тез Ватан соғинчи ҳақида сўрашади. Бунга жавобан айтишим керак: ҳар олти ойда Ўзбекистонга келаман. Кўпроқ тадбирларга чақиришади. Университетларда, анжуманларда нутқ сўзлайман, IT йўналишдаги нуфузли тадбирларда иштирок этаман. Бир оёғим она ватанимда, десам ҳам бўлади. Шу боис, ўзимни Ватандан йироққа кетмаганман, деб ҳисоблайман. Келгусида фақат IT компанияда ишламасдан, тадбиркорлик фаолиятимни ҳам юритмоқчиман. Катта орзуларим Ўзбекистон билан боғлиқ. Юрт ривожига ҳиссамни қўшиш фарзандлик бурчимдир.

    Эътибор катта, қилинадиган ишлар кўп

    Ўзбекистонда IT соҳада жуда катта ўсиш кузатиляпти. Мисол учун, дастурчилар олаётган маошга қараб талаб ошаётганини қайд этиш мумкин. Беш йил олдин ойига 500 доллар маош олганман. Ҳозир ўша пайтдаги даражамдаги дастурчилар камида 700­800 АҚШ доллари миқдорида маош олмоқда. Ахборот технологиялари соҳасига катта қизиқиш билдирилмоқда. Жуда кўп таълим ресурслари пайдо бўляпти. Ҳар хил стартаплар ва компаниялар ташкил этилаётгани қувонарли.

    IT инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг бу борадаги саводхонлигини ошириш борасида сезиларли ишлар қилинмоқда. Айниқса, онлайн таълимга катта эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Биз Codecraft стартапини яратганимизда бу онлайн ўқитиш тизими Ўзбекистонда ўзини оқламайди, деб ўйлардик. Чунки ҳар бир бола билан ишлаш, йўл­йўриқ кўрсатиш керак — бу осон иш эмас. Ҳозир кўп компанияларда онлайн дарслар йўлга қўйилаётгани ва бу тизим ўзини оқлаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

    Ўзбекистонга жуда кўп халқаро компаниялар кириб келди. Аксарият юртдошларимиз халқаро лойиҳаларга қизиқиш билдирмоқда. Бу қувонарли. Лекин бу мамлакатимизда соҳа шиддат билан ривожланиб кетганини билдирмайди. Дастурчиларнинг билими ва малакаси етарли эмас. Тажрибаси кам. Катта лойиҳаларда ишлаб кўрмаган мутахассис соҳани пухта ўрганолмайди.

    Ўзбекистонда IT соҳага қизиқувчилар кўп. Яқинда “Янги Ўзбекистон” университетида ахборот технологиялари ҳафталиги бўлиб ўтди. Анъанавий ўтказилаётган бу тадбир шундай истеъдодли дастурчилар шаклланишига хизмат қилади. Ўзбекистонлик ёшлар дунёнинг машҳур дастурчи муҳандислари билан танишиш имкониятига эга бўлди. Дунёнинг етакчи компанияларида ишлаётган дастурчилар тажрибасини ўрганди. Бу ёшларнинг дастурчиликка интилиши қизиқиш чегарасидан ўтиб, бир умрлик касбга айланишига замин яратади.

    Дархонбек МАМАТАЛИЕВ,

    UBER халқаро компанияси дастурчи муҳандиси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates