Келинг, тарбияда ўрнак бўлайлик!

    2020/2021 ўқув йилида Президент мактабларини тамомлаган 96 нафар ўқувчининг барчаси муддатидан аввал нуфузли хорижий олийгоҳларга грант асосида ўқишга кирди.

    Президентимиз шу йил 30 июнда Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган маърузасида “Ёшлар ўртасида жиноятчилик, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, оилавий ажралишлар, бузғунчи ва радикал оқимлар таъсирига тушиш ҳолатлари давом этаётгани давлат раҳбари сифатида шахсан мени жиддий ташвишга солмоқда”, деди. Халқ келажаги ғамида айтилган бу фикр барчани ўйлатиб қўйгани табиий.

    Бу ҳаётий ҳақиқатни эшитиш, тан олиш қанчалар қийинлигини ҳар бир отаона жуда яхши ҳис қилса керак. Тўғри-да, ахир не-не орзу-умидлар билан ўстираётган боласи жиноятчи деган тамғани олса, бунга чидаб бўладими?!

    Ҳар қандай соҳанинг тараққиёти шу соҳада юқори салоҳиятга эга, илмий изланиш ва тадқиқотлар олиб бораётган кадрларнинг амалий ишлари натижаларига боғлиқ. Айни вақтда мамлакатимизда бу борадаги ислоҳотлар ҳам изчил давом эттирилмоқда. Мунтазам равишда муаммолар ечимига қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, ижроси бўйича ҳисоботлар бериб борилмоқда.

    Юртимизда кўплаб мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилиб, уларга қамров салмоғи йилдан йилга ўсиб боряпти. Давлатимиз раҳбарининг қарори асосида 2021-2022 йилларда мактабгача таълим хизматларини кенгайтириш билан боғлиқ чора-тадбирларни молиялаштириш учун 100 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиш белгиланди.

    Албатта, таълим-тарбиянинг катта қисмини бола мактаб даврида олади. Шу маънода, мактабларда таълим сифатини ошириш, иқтидорли ўқувчилар селекциясини амалга ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Бугунги кунда мамлакатимизнинг бир нечта ҳудудида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар очилди ҳамда яна кўплаб шундай таълим муассасаларини очиш режалаштирилмоқда.

    Бу каби саъй-ҳаракатлар ўзининг ижобий натижасини кўрсата бошлади. Ҳатто 2020/2021 ўқув йилида Президент мактабларини тамомлаган 96 нафар ўқувчининг барчаси муддатидан аввал нуфузли хорижий олийгоҳларга грант асосида ўқишга кирди. Тошкентда ана шундай нуфузли олий таълим муассасаларидан бири сифатида фаолият олиб бориши кутилаётган “Янги Ўзбекистон” университети очилди.

    Кўплаб ёшлар тенгдошларига ўрнак бўладиган даражадаги ютуқларни қўлга киритмоқда. Мисол учун, Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Ёшлар академияси аъзоси, 23 ёшли Зиёдилла Бутакхановни танийсизми? У аэрокосмик тадқиқотлар соҳасида мустақил тадқиқот олиб бориб, аэростат ясаган ва уни Ўзбекистон Республикаси байроғи билан 48 километр баландликка учирган.

    Ёки кўплаб одамларнинг муаммоларини ҳал қилиш учун турли соҳалар билан боғлиқ профессионал лойиҳалар яратган, веб-сайтлар ва асосан сунъий интеллектли роботлар ишлаб чиқариш устида иш бошлаган, кўплаб мусобақа ва халқаро олимпиадалар ғолиби, Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 225-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Асадбек Рўзиевни олайлик. У бўш вақтларида ахборот-коммуникация технологиялари бўйича турли буюртмаларни бажаради ва шунинг эвазига ойига ўртача 400 АҚШ доллари ишлаб топади.

    Тошкент шаҳридаги Президент мактаби битирувчиси Темурбек Сулаймонов ҳозиргача дунёнинг 29 та нуфузли олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинган.

    “Ташаббус-2021” кўрик-танловининг республика босқичида “Энг яхши ёш тадбиркор” номинациясида 3-ўринни эгаллаган Аҳмаджон Муҳаммаджоновнинг бошқа тенгдошларидан фарқи нимада? “Smart Solutions System” МЧЖ директори бўлган бу йигит сув хўжалигини рақамлаштиришга хизмат қиладиган “Smart-water” қурилмаcини яратган.

    Ўзбек тили фанидан Республика фан олимпиадасида 1-ўринни эгаллаган, БМТ томонидан ўтказилган “Превентив дипломатия элчиси” халқаро танловида ғолиб бўлган, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси Абу Толиб Ғиёсов ҳам ижтимоий-сиёсий билимлар соҳасидаги рақобатда жаҳондаги тенгдошларини ортда қолдиришга қодир.

    Бу каби ёшлар жуда кўп ва мамлакатимизда ёшларга яратилган шароит ва имкониятлар сабабли уларнинг сафи кун сайин кенгайиб бормоқда. Айниқса, юртимиз бўйлаб ўтказилаётган танлов ва мусобақалар, олимпиада ва бошқа тадбирларда янги-янги иқтидорлилар кашф этилмоқда. Бу нима дегани? Бу — ўзбек халқига 96 нафар ёш Беруний, бўлғуси Улуғбегу хоразмийлар, Навоий ва бобурлар, Авлоний, Фитрату қодирийлар келди, дегани. Янада аниқроқ, тушунарлироқ қилиб айтганда, бу — аждодларга муносиб ворисларни тарбиялаш билан янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворининг илк темир илдизлари ўрнашди, дегани.

    Давлатимиз раҳбари Ёшлар кунига бағишланган тадбирда сўзлаган нутқида халқимизга ёт бўлган турли иллатларни ўзига касб қилишга уринаётган бетарбия ёшлар ҳақида тўхталар экан, жумладан, бундай деди: “Яқинда ижтимоий тармоқларда кўрсатилган хунук воқеалар, яъни жойлардаги Алишер Навоий, Амир Темур, Мотамсаро она ҳайкаллари ёнида айрим тарбиясиз ёшлар томонидан содир этилган номаъқул ҳаракатлар мени ниҳоятда ранжитди. Бу болаларнинг ота-онаси, бобо-момолари, ўқитувчи ва муаллимлари, қолаверса, маҳалла-кўй, ёшлар билан ишлайдиган масъул мутасаддилар қаерга қараяпти?”

    Тарих фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Абдухалил Маврулов ўз чиқишларидан бирида “Ёшлар ҳар бир шахснинг тарбияси қандай бўлиши лозимлиги тўғрисида китоб ўқимаганми, бу ҳақда ота-оналарию устозларидан фикр эшитмаганми?” деган саволни қўяди. Жавобни ҳам профессорнинг ўзи беради: “Шубҳасиз, ўқиганлар, эшитганлар, биладилар. Хўш, унда нега бу ҳол такрор-такрор қайтарилмоқда? Бизнинг фикримизча, бунинг сабаби ёшларнинг ўзларини ўзлари бошқара олмасликлари, мустақил тафаккурга эга эмаслигидир. Бунга кўпинча биз, ёши катталар ҳам сабабчимиз. Биз кун давомида ҳамма билан турли мавзуларда гаплашамиз. Аммо фарзандларимиз билан-чи? Кўпчилик ота-оналар суткадаги 24 соат ичида ўз фарзанди билан 15-20 дақиқадан ортиқ гаплашмайди. Натижада болада ота-она олдидаги масъулият ҳисси камайиб бораверади, назоратнинг пасайиши унда сохта эркинликни юзага келтиради”.

    Шу ўринда айтиб ўтиш жоиз деб топган бир масалага тўхталмоқчимиз. Бу — ҳамиша тортишувларга сабаб бўладиган болани тарбиялаш, яъни боланинг тарбиясиз ўстирилгани учун айбдорни қидириш муаммоси. Тарбия учун ким жавобгар? Бу саволни кимга беришингизга қараб, жавоблар тусланаверади. Ота-онага берсангиз, мактабни, мактабга берсангиз, маҳаллани, маҳаллага берсангиз, ота-она ва мактабни айбдор сифатида кўрсатади. Аслида, ҳақиқатан ҳам, барчанинг жавоби тўғри — тарбияга барча бирдек масъул.

    Тарбия учун энг биринчи масъул — бу ота-она, иккинчи — педагоглар ва ниҳоят, учинчи — маҳалла-кўй. Ана шу ҳар учала қатламда ҳам масъулият теппа-тенг бўлиши керак. Агар ота-она мана шу мажбуриятни, масъулиятни ўз зиммасига олиб, куну тун боланинг келажаги учун жон куйдирмас, давлат томонидан яратиб берилаётган имконият ва шароитлардан унумли фойдаланмас экан, ҳеч қачон бола ўзидан ўзи оқил ва доно бўлиб улғаймайди. Шу маънода, бола тарбияси масаласида биринчи ва энг катта масъулият ота-онага юкланади. Фақат ота-онанинг ўзигагина айб қўйиш — бу ҳеч кимга айб қўймаслик билан баробар. Чунки ота-оналарни тизимли бошқаришнинг имкони йўқ. Улар, хоҳлайсизми-йўқми, алоҳида хонадонларда яшайди.

    Кўчада ёшлар тарбияси билан боғлиқ нимадир воқеа содир бўлдими, демак, биз, ўқитувчилар ҳам онгли равишда ўзимизни айбдор деб ҳис қилишимиз зарур. Аслида, ҳар бир педагог-ўқитувчи ўз устида ишлаб, вазифасига сидқидилдан ёндашса, билим, малака ва кўникмаларини ошириб, том маънодаги педагогга айланса, жамиятда маънавият ва шахснинг ахлоқий тарбияси билан боғлиқ қатор муаммолар ўз ўрнини юксак ижобий натижаларга бўшатиб беради.

    Педагогика фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Қуронов қизиқ бир ҳолатни тасвирлаган эди. У кишининг таҳлилига кўра, бирор жойда тўртта одам йиғилиб, ўзаро суҳбат бошласа, суҳбатдошларнинг касбига қараб, мурожаат қилинар экан. Масалан, шифокордан бирор касалликнинг давоси ҳақида сўралса, автомобиль устасидан машинанинг эҳтиёт қисмлари тўғрисида ва ҳоказо. Лекин нимагадир шу даврада ўқитувчи бўлишига қарамай, бирор киши ундан бола тарбияси ёки бу борадаги муаммоларнинг ечими ҳақида сўрамас экан.

    Халқимиз “Бир болага етти қўшни ота-она”, “Бир болага етти маҳалла ота-она” каби ҳикматли сўзларни бежиз айтмаган. Бола катта бўлиб, шахсга айлангач, ўзида бор одату фазилатларни, аввало, қаерда намойиш қилади? Маҳалладами?! Агар бола ўғри ёки гиёҳванд бўлса, унинг салбий таъсири оиладан кейин кимга тегади? Атрофига кимни шерик қилиш эҳтимоли юқори? Шу маҳалладаги тенгдошлари, ўртоқлари, қўни-қўшнилар эмасми? Демак, ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш учун маҳалла аҳли фақат ўз боласинигина эмас, маҳалладаги бошқа болаларнинг тарбияси масаласида ҳам масъулликни ҳис қилишлари зарур бўлар экан. Боланинг бегонаси бўлмайди, деган гапни ҳар биримиз ўзимизга қоида қилиб олишимиз зарур бўларкан.

    Маҳалламизда бир бола бўлар эди. Болалигиданоқ ўғриликка ўрганган. Унинг бу одати, аввало, ота-онасига, кейинчалик маҳалладагиларга маълум бўлди. Мактабга бормас, сумкасини қаергадир яшириб, далада одамларга ёрдам бериб юрар эди. Синф раҳбари бола мактабга келмаганини ота-онасига айтиш учун синфдошлари билан унинг уйига борганида ота-она норози бўларди. Маҳалладаги одамлар кўмаклашиш ўрнига, ота-онанинг устидан кулишган ҳам. Ўқитувчига эса “Битта боласини эплаб ололмаса, нима қилиб юрибди фарзанд ўстириб?”, “Э, мактабга бориб олим бўлармиди, ундан кўра қўй олиб берсин, боқиб юради”, “Сизга зарурми шунча, бировнинг боласини орқасидан юриш, керак бўлса ўзи боқиб, ўзи тарбиялаб олсин” каби гапларни айтишган.

    Орадан йиллар ўтди. Бола йигитга айланди. Ўша гапирган одамларнинг уйидан жуда кўп нарсаларни ўғирлади. Лекин уни на биров қўлга туширди, на ўғирлатган нарсасини қайтариб олди. Ҳатто бошқа маҳалладаги одамлар бирор нимани аниқламоқчи бўлсалар, “Фалончи ўғрининг кўчаси”, “Фалончи ўғрининг отаси, онаси ёки укаси”, “Фалончи ўғрининг қўшниси” деб мўлжал оладиган бўлди. Шунда ҳам бирор-бир фаол “келинглар, шу болани ўртага олиб, тарбияси билан шуғулланайлик”, демади. Охир-оқибат бола ўғрилик оқибатида қамалди. Қамоқда нима бўлгани номаълум-ку, аммо маҳаллада унинг ўғрилигидан зарар кўриб, ҳалигача ўрнини қоплай олмаган одамлар бор. Ота-онаси ва оила аъзолари эса бошқа жойга кўчиб кетиб, гап-сўзлардан қутулиб қолдилар.

    Мана, бир боланинг тарбиясизлиги ота-онаю маҳалла-кўйга қай даражада таъсир қилди. Биз ана шундай нохушликларнинг олдини олишимиз, жамиятимизда кучли маънавиятли инсонлар сафини оширишнинг барча чораларини кўришимиз керак. Бунинг учун нима қилиш керак? Мазкур саволга жавоб сифатида ва хулоса ўрнида шуни айтмоқчимизки, бугунги кунда Президентимиз бошчилигида ахлоқий тарбия йўналишида олиб бораётган ишларимизни янада жадаллаштиришимиз, янги босқичга олиб чиқишимиз керак.

    Отабек БОЗОРОВ,

    фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates