Кластер тизими — қишлоқ хўжалигида янги имконият ва самарадорлик омили

    Сўнгги 5 йилда ҳудудларда 31,5 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

    Қишлоқ хўжалигида чуқур қайта ишлашни ва саноатни ривожлантирмасдан кўзланган мақсадга эришиб бўлмаслигини бугун ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Кейинги йилларда бирламчи қайта ишлаш саноатида қишлоқ хўжалигида амалга оширилган ютуқларимиз кўлами кенгайиб бораётгани ана шу жиҳатдан эътиборга моликдир.
    Жумладан, Тошкент вилоятида ҳам 2018-2021 йилларда барча соҳаларга кластер тизими кенг жорий этилди. Хусусан, вилоятда 50 та агрокластерларнинг фаолияти йўлга қўйилиб, уларга фермерлар бириктирилаётгани ўзаро иқтисодий-ижтимоий муносабатлар барқарорлашиши, рақобатбардошлик ошишида мустаҳкам замин бўлмоқда. Бугунги кунда ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 20,5 фоизи агрокластерлар томонидан тайёрланмоқда. Натижада сўнгги 5 йилда ҳудудларда 31,5 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
    Бу йилги мавсумда ҳам пахта-тўқимачилик кластерлари яратилган шароитлардан омилкорлик билан фойдаланиб, пахтадан мўл ҳосил етиштиришди. Хусусан, кластерлар тизими жорий этилгандан то бугунги кунга қадар, пахта ҳосилдорлиги ўтган йилларга нисбатан 1,2 баробарга ва ҳосилдорлик 5-6 центнерга ошгани эътиборга молик.
    Биргина вилоятда фаолият юритаётган пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 2021-2025 йиллар давомида умумий қиймати 1 трлн. сўмлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, қишлоқ ҳудудларида 2,1 минг нафар ишсиз фуқаронинг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган. Масалан, Ўрта Чирчиқ туманида фаолият олиб бораётган “Ko’kcha Textil” МЧЖ томонидан ип-калава ишлаб чиқариш бўйича йилик қуввати 6,5 минг тонна бўлган, қиймати 140 млрд. сўмлик янги лойиҳани ишга тушириш ҳисобига 1050 та янги иш ўрни яратилаяпти.
    2020-2021 йилларда мева-сабзавотчилик кластерлари томонидан ҳам ўтган даврга нисбатан маҳсулот етиштириш ҳажми 115,6 фоизга ошганини кузатиш мумкин. Эътиборлиси, улар томонидан 35,4 млн. долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди.
    Бундан ташқари, вилоятда 2021 йилда умумий қуввати 13 минг тонна ва сақлаш сиғими 10 минг тоннага эга бўлган 2 та агрологистика маркази фаолияти йўлга қўйилди.
    Жорий йилда ғалла етиштириш 100 фоиз кластер усулда амалга оширилиши ҳисобига ўтган йилларга нисбатан ялпи ҳосил 1,2 баробарга, ҳосилдорлик эса 7-8 центнерга ошди. 2022-2025 йилларда вилоятда шоличилик, пиллачилик йўналишидаги кластерлар томонидан ҳам яна
    3 мингга яқин иш ўринлари яратиш режалаштирилди.
    Яна бир эътиборга молик жиҳат — кластер усули йўлга қўйилганидан сўнг соҳага 762,2 млрд.сўмлик 4609 та замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари харид қилиниши эвазига ҳосилдорлик ҳам, даромад ҳам ошганлигини кўриш мумкин.
    Масалан, Қуйи Чирчиқ туманини мисол тариқасида оладиган бўлсак, йиллар давомида бу туманда пахтачиликда бирор ютуқ ва юқори ҳосилдорликка эришилмаган. Шу сабабли туманда бугун фермер хўжаликлари деярли сақлаб қолинмади. Айта оламизки, ҳозир бу туман пахта етиштириш бўйича лидер ҳудудга айланди. 2020 йил пахтадан
    43 центнердан ҳосил олиниб, белгиланган режа 123 фоизга бажарилди. Яъни, республика бўйича энг юқори ҳосил олган туман сифатида эътироф этилди.
    Туманда мазкур соҳада илгари 1200 нафарга яқин ишчи меҳнат қилган бўлса, кластер томонидан бугун қарийб 8100 нафардан зиёд одамларнинг бандлиги таъминланди. Солиқ тушумлари ҳам йилига 8,7 млрд. сўмдан
    30 млрд. сўмгача ортди.
    Шунингдек, жорий йил ҳосили учун пахта майдонларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш натижасида 4364 гектар пахта майдонлари учун 39,1 млрд. сўм субсидия маблағлари ажратилди.
    Вилоятда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш борасида кластер тизимини йўлга қўйиш ўз самарасини бераётганини инобатга олиб, ҳозирда 8 та тумандаги фермер хўжаликлари кластерларга бириктирилган.
    Биргина Бекобод туманида жами 12 минг 500 гектар майдонда пахта ва 14 минг 800 гектарда ғалла етишитирилади. Шундан 6700 гектар пахта, 5000 гектар ғалла майдони кластер тизимига ажратилган. 250 дан ортиқ фермер хўжаликлари кластерлар билан шартнома тузган ҳолда фаолият олиб бормоқда.Вилоят ҳокимнинг 2021 йил 16 сентябрдаги қарори билан 2022 йил ҳосили учун туманда фермер хўжаликлари бошоқли дон етиштириш бўйича ғаллачилик кластерлари билан шартномалар тузишди. Сабаби, ўтган мавсумда 165 та фермер хўжалиги ғаллани давлатга сотиш режасини бажаришда белгиланган ҳосилдорликка эриша олмади.
    Бу каби ҳолатларни ҳар бир туман мисолида кўриш мумкин. Масалан, Бўка туманидаги “MELEK DON AGRO” МЧЖнинг жамғарма томонидан ажратилган имтиёзли кредит маблағларидан жами 37,5 млрд сўмлик қарздорлиги мавжуд бўлиб, шундан фермер хўжаликлар олдидаги якуний ҳисоб-китоблардаги қарздорлиги 10 млрд. сўмни ташкил этмоқда. Шундан келиб чиқиб, 14 минг 800 гектар майдон ҳудудда фаолият кўрсатиб келувчи “SANTA GROUP AGRO” МЧЖга бириктирилиб берилди.
    Биз кластер фаолиятига оид баъзи бир рақамларга тўхталиб ўтдик, холос. Кластер тизимининг жорий этилиши мисолида соҳада ҳали муаммолар кўплигини, уларни бартараф этишда кенг кўламли ишлар олиб борилаётганини кўриш мумкин. Иш бор экан, муаммолар ҳам юзага келиши табиий.
    Бир сўз билан айтганда, кластер тизими нафақат қишлоқ хўжалиги, балки саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларини қамраб олмоқда. Замон талабига мос одимлаш эса ҳамиша барча жабҳаларда ютуқ ва самаралар гарови бўлиб келган. Яъни, кластерлар боқимандаликка чек қўйиб, эркин ва самарали меҳнат қилишга ундайди.

    Тошкент вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.