Мажбурий меҳнатми ёки иқтисодий ривожланиш?

    Ўзбекистон энг тўғри ечимни танлади.

    Ўзим америкалик эканимга қарамай, мени доим Ўзбекистон билан боғлаб турадиган жиҳатлар бўлган. Мамлакатнинг оиламиз билан боғлиқлик томонлари ҳам бор. 1970-йилларда қайнотам бу ерда бўлганини кўп эсларди. Менинг илк ташрифим эса 1994 йилга тўғри келади. Шундан бери Ўзбекистондаги ўзгаришларни кузатиб бораман. Айниқса, 2017 йилдан кейинги ривожланишлар кўлами жуда ҳайратланарли. Мамлакат барча соҳаларда катта ўзгариш ва ютуқларга қадам қўйиб, Марказий Осиёнинг энг истиқболли давлатларидан бирига айланганини кўриш қийин эмас. Президент томонидан илгари сурилаётган ташаббус ва ислоҳотлар Ўзбекистон салоҳиятини жаҳон майдонида намоён этмоқда.

    Хорижлик тадбиркор сифатида бу мени ҳам бефарқ қолдирмади. 2018 йилда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш бўйича ислоҳотларда иштирок этиш таклифини олганимизда мамнуният билан рози бўлдик. Ўша йили оиламиз билан биргаликда Ўзбекистон — АҚШ қўшма корхонаси — “Silverleafe Uzbekistan”га асос солдик. Жиззах вилоятида пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этиб, айни пайтда фаолиятини такомиллаштириб боряпмиз. Қарийб 12 минг гектар ерда пахта етиштириб, тўлиқ қайта ишлаймиз ва тайёр маҳсулотларни Европа бозорларига экспорт қиламиз.

    Ўзбекистон аввалдан дунёдаги йирик пахта етиштирувчилардан бири бўлиб келган, ҳозир ҳам шундай. Аммо энди мамлакат пахта хомашёсини сотувчи эмас, балки уни тўлиқ қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ҳолида экспорт қилаётган етакчи давлатлардан бири. “Made in Uzbekistan” бренди остидаги тайёр тўқимачилик маҳсулотлари жаҳоннинг кўплаб давлатларига кириб бориб, ҳатто Европа бозорларида ўз ўрнини эгалламоқда. Айниқса, 2022 йилда ўзбек пахтасига бойкотнинг бекор қилиниши миллий тўқимачилик саноатида янги даврни бошлаб берди ва бу тармоққа жаҳоннинг машҳур брендлари катта қизиқиш билдира бошлади. Яъни мазкур йўналиш хорижлик ишбилармон ва инвесторлар учун ҳам мамлакатдаги истиқболли бизнеслардан бирига айланди.

    Мазкур тармоқдаги ютуқларнинг энг катта омилларидан бири илғор илм-фан ва инновацион технологияларнинг фаол жалб этилаётгани билан боғлиқ. Ўзбекистоннинг аввалги қишлоқ хўжалигини ҳозиргиси билан таққослаб бўлмайди. Биз кўрган эскича ишлаш тизимидан асар ҳам қолмаган. Ҳозир соҳа тубдан янгиланиб, халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий технологиялар асосида фаолият юритяпти.

    Президент Шавкат Мирзиёев бу борадаги фаол ҳаракатлар орқали қишлоқ хўжалигида юқори ҳосил олиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ички бозорда маҳсулотлар таннархини арзонлаштириш, экспорт ҳажмини ошириш билан бир қаторда инсон ҳуқуқларини кафолатлаш мақсадларини илгари суряпти. Компаниямиз ҳам ана шу мақсадлар тарафдори. Биз соҳада янгича технологияларни жорий этиш орқали Ўзбекистонни АҚШнинг етакчи тўқимачилик маҳсулотлари етказиб берувчилари қаторига қўшишга интиламиз. Қолаверса, соҳада илмий тадқиқотлар, замонавий тажрибалар олиб бориш, табиий ресурслар тежамкорлигини таъминлашга қаратилган қатор лойиҳаларни амалга ошириб келяпмиз.

    Шундай қилиб, Президент Мирзиёевнинг ислоҳотларига жавобан ва зиддиятсиз пахтага эҳтиёж борлигини кўриб, "Silverleafe Uzbekistan" компаниясига қардош компания очдим – "Silverleafe Cоtton Tracing" (SCТ). "Silverleafe Cоtton Tracing" орқали биз пахта етиштириш жараёнида инсон ҳуқуқларини суиистеъмол қилишнинг ҳеч қандай шакли юзага келмаслигини таъминлайдиган ноёб “Digital Ag Track & Trace” (DATT) технологиясини яратдик.

    “Digital Ag Track & Trace” ноёб технологияси пахта етиштириш жараёнида инсон ҳуқуқлари бузилишининг ҳар қандай шаклига йўл қўймасликни таъминлайди. Яъни пахта етиштириш жараёни тўлиқ замонавий технологиялар ёрдамида бошқарилиб, кузатиб борилади. Бунинг учун дунёдаги етакчи қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчи “John Deere” компанияси билан ҳамкорликда ишладик. Улар бизга “Silverleafe Cotton Tracing” маҳсулотлари сифатини рақамли назорат қилувчи жаҳондаги илк тизимни тақдим этди. Бу технология пахта етиштиришдаги энг катта муаммо — мажбурий меҳнатни тўлиқ бартараф этиб, шаффоф таъминот занжирини яратиш имконини беради.

    Гап шундаки, мажбурий меҳнат масаласи ҳалигача тарихда қолган эмас. 2023 йил ҳолатига кўра, жаҳондаги пахтанинг қарийб 70 фоизи ҳамон қўл билан йиғиб олинган ва бу мажбурий меҳнат ҳамда инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ хавотирларни келтириб чиқармоқда.

    Ўзбекистон мажбурий ва болалар меҳнатини йўқ қилишга қатъий киришган. 2017 йилдан бошлаб ўзига олган мажбуриятни бажаришда жиддий фаоллик кўрсатмоқда. Чунки бу жаҳон бозорига чиқишнинг асосий талабларидан бири эди. Хорижнинг аксарият кийим брендлари ҳамкорликда, аввало, мана шу жиҳатга эътибор қаратади. Демак, АҚШ ва Европа давлатлари бозори билан ишлайдиган “Silverleafe Uzbekistan” қўшма корхонамиз учун ҳам ана шу жиҳатни кафолатлаш муҳим. Биз жорий этаётган янги “Digital Ag Track & Trace” технологияси шу масалага ечим сифатида яратилди.

    Рақамли кузатув тизими дунёдаги биринчи “даладан — модага” механизмини таклиф этади. Бунда пахтани тўғридан-тўғри таъминот занжири бўйлаб дала майдонидан то якуний маҳсулот тайёр бўлгунча кузатиш мумкин. У ҳар қадамда шаффофликни кафолатлайди. Пахтанинг ҳар бир партияси ўз рақамли паспортига эга бўлиб, эҳтиёткорлик билан муҳрланади ва ишлаб чиқариш жараёни хирмондан тортиб, йигирув, пардозлаш фабрикаларигача давом этиб, янгиланиб бораверади. Жараёнда маълумотлар базаси шаклланади. Бу эса брендлар ҳамда ишлаб чиқарувчиларга йиғимдан кейин сифатсиз маҳсулот аралаштирилмаганини текшириш имконини беради. Ҳар бир партия учун яратилган геофазовий излар орқали эса пахта қаерда ва қандай йиғилганигача кўриш имкони мавжуд.

    Технологияни қўллаш бўйича 2022-2023 йилларда АҚШ, Австралия ва Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятида тадқиқот синовларини якунладик. Жорий йилги пахта йиғимида уни тўлиқ амалиётга жорий этамиз. Бунинг учун корхонада 45 та “John Deere” комбайни шай ҳолатга келтирилган. Қолаверса, шу йилдан бошлаб низоларсиз пахта реестрини яратамиз. Келгусида янги технологияни бошқа мамлакатларда ҳам жорий этишни мақсад қилганмиз.

    Замонавий тизим, энг аввало, инсон ҳуқуқларини кафолатлашни назарда тутади. Пахта теримини мажбурий меҳнатга йўл қўймасдан, қонунбузарликларсиз ўтказишни таъминлаш бўйича брендга ҳам, мижозларга ҳам кафолат беради. Замонавий техникада йиғилган пахта қўл меҳнатидан кўра тезроқ, сифатлироқ бўлиши билан манфаатлидир.

    Ҳозирги кунда қишлоқ хўжалигини илғор технологияларсиз ривожлантириш қийин. Тежамкорликни таъминлаш учун бу жуда зарур. Масалан, Ўзбекистон шароитида сувнинг энг катта сарфи қишлоқ хўжалиги ҳиссасига тўғри келади. Агар сув танқислиги ортиб бораётган ҳозирги шароитда эски техника қанчалик катта ҳажмда сув йўқотишларига олиб келишини ҳисоб-китоб қилсак, янгиларининг самарадорлиги яққолроқ кўринади. Шу боис, бу масалага жиддий эътибор бериляпти.

    “Silverleafe Uzbekistan” компаниямиз Ўзбекистонда иш бошлаган илк йилларда тупроқ билан боғлиқ муаммоларга дуч келганмиз. Яъни йиллар давомида пахта экилиб, ердан нотўғри фойдаланилгани ҳисобига тупроқ сифати ва унумдорлигини йўқотган эди. Муаммони ечиш мақсадида АҚШдан энг замонавий, махсус техника воситаларини олиб келдик. Улар орасида сув тежовчи “Pulsar Irrigation” тизими ҳам бор эди. Маҳаллий мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, мазкур технология сув ресурсларини анъанавий усулларга нисбатан 40 фоиз тежайди. Сув йўқотишларини минималлаштириш ва тизим бошқаруви асосида сувни керакли жойга тезроқ етказиб бериш каби бошқа кўплаб афзалликларга эга.

    Умуман, корхонамиз Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги имкониятларидан максимал фойдаланиб, соҳага янгича технологияларни жорий этиб келмоқда. Мазкур илғор техника ва технологиялар кластерда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириб, меҳнат харажатларини қисқартириш, ишчи кучи етишмаслиги билан боғлиқ хавфларни камайтиришга имкон беради.

    Катта лойиҳаларимиз билан мамлакат иқтисодиёти, қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожига ҳисса қўшаётганимиздан мамнунмиз. 2022 йилда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан “Дўстлик” ордени билан тақдирланганим эса мен учун кутилмаган воқелик бўлди. Бу ўзаро ҳамкорлигимизга бўлган ҳурмат ва ишонч белгиси, деб биламан.

    Ишонамизки, бизнинг кейинги ҳамкорлигимиз пахта ва тўқимачилик маҳсулотларини глобал ишлаб чиқариш учун катта имкониятлар яратади.


    Дэн ПАТТЕРСОН,

    Жиззах вилоятидаги “Silverleafe Cotton Tracing” ва “Silverleafe Uzbekistan” қўшма корхонаси ва пахта-тўқимачилик кластери директори


    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates