Бу кластерлар томонидан етиштирилган пахта хом ашёси экологик жиҳатдан тоза эканлиги халқаро даражада тан олинганини тасдиқлайди.
Ўзбекистон пахта-тўқимачилик саноатида юксак салоҳиятга эга мамлакат ҳисобланади. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан соҳада кластер тизими жорий этилиши эса унинг экспорт салоҳияти ошишига кенг йўл очиб берди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда республикамизда пахта хом ашёсини етиштириш, уни бирламчи ва чуқур қайта ишлаш билан 142 та пахта-тўқимачилик кластери шуғулланмоқда. Улар томонидан 2023 йилда 1 миллион гектардан ортиқ майдонда ғўза парваришланиб, ҳар гектаридан ўртача 35,5 центнердан ошириб, жами 3 миллион 800 минг тонна пахта ҳосили олинди. Бу жаҳон бозорида харидоргир бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш, қўшимча қиймат занжирини яратиш учун муҳим манба ҳисобланади, албатта.
Эътиборлиси, кейинги пайтда пахта етиштиришда инновацион усулга ўтилмоқда. Яъни жаҳон бозори талабларидан келиб чиққан ҳолда экологик тоза пахта етиштириш ҳажми йил сайин ошириляпти. Бу эса “Better Cotton Initiative” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан эътироф этиб келинмоқда.
— Ўзбекистонда 2022 йили “Better Cotton” (“Яхшиланган пахта”) дастури ижросига расман киришилди, — дейди Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раиси, сенатор Муртазо Раҳматов. — Айтиш жоизки, “Яхшиланган пахта” стандарти тизимининг тамойилларини жорий этишда “Indorama Agro”, “Navbahor Textile”, “BСТ Cluster Agrokompleks” пахта-тўқимачилик кластерларининг пилот лойиҳа доирасида тўплаган тажрибаси қўл келмоқда. Натижада “Better Cotton” дастурида иштирок этадиган кластерлар сони йил сайин кўпайиб, айни пайтда 12 тага етди. Дунёнинг энг йирик халқаро брендлари босқичма-босқич экологик тоза маҳсулот ишлаб чиқариш тизимига ўтаётганини инобатга оладиган бўлсак, “Яхшиланган пахта” дастури кластерларимиз учун халқаро савдо занжирига қўшилиш, янги савдо йўлакларини очиш учун қулай имкониятдир.
Айтиш жоизки, “Better Cotton” дунёнинг 26 та мамлакатида фаолият юритаётган бўлиб, 330 дан ортиқ бренд ва 3000 та чакана сотувчилар унинг аъзоси ҳисобланади. Улар “Яхшиланган пахта” дастури доирасида етиштирилган пахтани харид қилиш мажбуриятини олгани кластер ва фермерлар учун қулай имкониятдир. Бироқ BCI лицензиясини олиш осон эмас. Бунинг учун пахта-тўқимачилик корхоналарида хом ашё етиштиришдан тортиб, уни чуқур қайта ишлашнинг барча босқичларида экологик ва ижтимоий масъулият тўлиқ бажарилиши шарт. Атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган кимёвий воситалар ишлатилмаслиги, мажбурий ва болалар меҳнатига йўл қўйилмаслиги шулар жумласидандир.
“BCT Cluster Agrokompleks” ҳамда “ТСТ Аgro Cluster” пахта-тўқимачилик кластерлари 2020 йилдан буён дастурнинг фаол иштирокчилари сифатида бу каби талаб ва тамойилларни тўлиқ бажариб келмоқда.
Кластерларнинг “Better Cotton” дастури бўйича бош координатори Иноят Нуровнинг айтишича, дастур талаб ва тамойиллари кластерлар олдига қўйилган мақсад-муддаолар билан муштарак. Масалан, пахтачиликда атроф-муҳит, экологияга салбий таъсирларни камайтириш, ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш, муносиб меҳнат шароитини яратиш — шулар жумласидан. Умуман олганда, кластерда BCI тамойилларини жорий этиш мақсадида ўқув-амалий семинар-тренинглари ўтказилиб, ишчи-ходимлар тўлиқ ўқитилди. Ўзбек тилида махсус қўлланма чоп этилиб, тарқатилди. Бу каби тизимли саъй-ҳаракатлар ҳисобига BCI стандарти тамойиллари талаблари асосида ҳужжатлаштириш тизими яратилди.
Ўтган йили “BCT Cluster Agrokompleks” кластерининг 5200 гектар, “ТСТ Аgro Cluster” кластерининг 11 минг гектар экин майдонида BCI стандарти бўйича пахта етиштиришга муваффақ бўлинди. У чуқур қайта ишланиб, тайёр маҳсулот сифатида сотилиши режалаштирилган.
Бир сўз билан айтганда, ўзбек кластерларига BCI махсус лицензиясининг берилиши юртимизда экологик барқарорликни таъминлаш, иқлим ўзгаришларининг салбий таъсирини юмшатиш, пахта-тўқимачилик тармоғида халқаро стандартларни самарали жорий этиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг юксак эътирофидир.