Кўкрак бези саратони: эрта босқичдаги ташхис орқали касалликдан бутунлай халос бўлиш мумкин

    ЖССТ таҳлилига кўра, дунёда ҳар йили 2,3 миллион нафардан ортиқ аёлга кўкрак бези саратони ташхиси қўйилмоқда. Ўсиш тенденциялари шу тарзда давом этса, 2050 йилга бориб, бу касалликдан азият чекувчилар сони 38 фоизга, ўлим даражаси эса 68 фоизга ошиши мумкин.

    Шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳар йили октябрь ойида дунё бўйлаб “Пушти октябрь” — Бутунжаҳон кўкрак бези саратони ҳақида огоҳлик ойлиги ўтказилади.

    — Бу патология асосан 45-65 ёшда ривожланади, — дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим раҳбари Нигора Маҳмудова. — Аммо охирги йилларда мазкур хасталик йил сайин яшариб, ҳатто 25-30 ёш тоифасидаги фуқароларда ҳам учрамоқда. Шу сабабли мазкур ёшдаги аёллар режали маммографик текширувлардан ўтиб туриши зарур.

    Юртимизда ушбу йўналишда тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ҳар йили 1,5 миллион нафарга яқин 45-65 ёшдаги опа-сингилларимизни шундай текширувлар билан қамраб олиш чоралари кўриляпти.

    Чунки кўкрак бези саратонини вақтида аниқлаш орқали бемор ҳаётини сақлаб қолиш мумкин. Шунинг учун шифокорлар 20 ёшдан бошлаб йилига бир марта кўкрак бези, қалқонсимон без ва кичик тос аъзоларини ультратовуш текширувидан ўтказиб туришни тавсия этади.

    Ўз навбатида, гинеколог, эндокринолог ва маммолог кўригига бориш ҳам муҳим. Қолаверса, 45-65 ёш оралиғидаги аёлларга қўшимча маммография текширувларидан ўтиб туриш талаб этилади.

    Шундан келиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғи асосида йил бошидан туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида онконазорат хоналари ташкил этилди. Мобиль ва стационар маммографлар ишини 2 сменада йўлга қўйиш чоралари кўрилди.

    Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказида гинеколог мутахассисларни бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони скринингини ўтказиш бўйича ўқитишга қаратилган ўқув курслари ташкил этилди.

    Албатта, бу чора-тадбирлар кўкрак бези саратонига чалиниш ва ундан ўлим ҳолатларни кескин камайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.