Компьютер харидида алданган истеъмолчилар

    Савдогарнинг ёмон моли бўлмас, дейилганидек сотувчи доим ўз маҳсулотини қандай қилиб бўлмасин, сотишга ҳаракат қилади. Бугун бозорларимиз анча тараққий этди. Бироқ сотувчи ва харидор ўртасидаги муаммолар ҳали-ҳануз тугагани йўқ. Аксинча, тортишувлар ҳам замонавий тус олмоқда.

    Наманган вилоятида яшовчи Дилмурод Воҳидов 2021 йилнинг 26 декабрида Наманган шаҳрида жойлашган “Медан” маиший техника дўконидан “Аsus Vivo BOOK” русумли компьютер сотиб олган. Бироқ компьютер носоз чиққан. Истеъмолчи маҳсулотни алмаштиришга олиб борганида сотувчи таъмирлаб, носозликни бартараф этиб берамиз, деган.

    Бироқ Д.Воҳидов сервис хизматидан ҳам қониқмаган. У яна дўконга бориб, ноутбукни алмаштириб беришларини ёки пулини қайтариб беришларини талаб қилганда, дўкон ходимлари товарни кредитга олинганини ва у билан тузилган шартнома электрон тарзда тузилгани учун пулни қайтариб бера олмаслигини важ қилиб келтирган.

    Истеъмолчи Наманган шаҳри истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига масалани ҳал этиб беришни сўраб мурожаат қилган. Наманган шаҳри истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари “Медан” дўкони иш юритувчиси ва мурожаатчи билан бевосита суҳбатлашиб, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда бу каби ҳолатларга қандай ёндашиш лозимлигини тушунтирган.

    Суҳбат давомида Д.Воҳидов бу дўкондан компьютер олиш фикридан қайтганини билдириб, пулини қайтариб беришларини сўраган. Истеъмолчининг талаби қондирилиб, ўша куннинг ўзида унинг ноутбук учун тўлаган 9 370 000 сўм пули қайтариб берилди.

    Тошкент вилоятида яшовчи Отабек Норчаев ҳам Юнусобод туманидаги дўконлардан биридан компьютер сотиб олган. Буни қарангки, дўкондаги сотувчи харидорни қандай бўлмасин алдаб, ишлатилган компьютер жамланмасини бериб юборган. Буни уйига бориб билиб қолган истеъмолчи федерациянинг ишонч телефонига мурожаат қилиб, унга ушбу муаммосини ечишда амалий ёрдам сўраган.

    Ушбу мурожаат Шайхонтоҳур тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ижобий ҳал этилиб, истеъмолчига дўкондан янги компьютер жамланмаси олиб берилди.

    Яна бир шундай ҳолат Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Ислом Қаюмов билан юз берди. У “Малика” савдо мажмуасидан 7 500 000 сўмдан зиёд пулга “Аsus Vivo BOOK х 712” русумли ноутбукни 2021 йилнинг 1 мартида бир йиллик кафолат муддати билан харид қилган. Аммо қисқа вақтда ноутбук ишламай қолган.

    Истеъмолчи компьютерни харид қилган дўконига мурожаат қилган. Дўкондаги сотувчилар И.Қаюмовни сервис хизматига жўнатишган. Сервис хизматидаги мутахассислар 3 кунда тузатиб берамиз, дея орадан анча вақт ўтса-да, истеъмолчининг компьютерини тузатиб бермаган. Бундан норози бўлган Ислом Қаюмов Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига мурожаат қилган.

    Ушбу ариза Тошкент шаҳри истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари томонидан ўрганилиб, бир кунда носоз ноутбукнинг таъмирлаб берилишига эришилди.

    Гулноза ШАРАФОВА,
    Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

    жамиятлари федерацияси ахборот хизмати ходими

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates