Конституцияда тадбиркорлик фаолияти учун белгиланган 8 та муҳим кафолат

    Фикр 18 декабр 2023 741

    Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти ривожланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Хусусан, тадбиркорлар учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Буни барча жабҳалар қатори Бош қомусимизда тадбиркорлар учун белгиланган энг муҳим 8 та кафолат мисолида ҳам кўриш мумкин.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил “8-декабрь – Конституция куни” муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табригида, ҳеч шубҳасиз, том маънода халқчил қомус бўлган Асосий қонунимиз Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларимиз ортга қайтмаслигининг мустаҳкам ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилишини алоҳида қайд этган эди.

    Тадбиркорлар ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли

    Ушбу кафолатнинг асосий вазифаси тадбиркор ҳуқуқ ва эркинликларини белгилайди. Хусусан, фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятида эркин иштирок этиши, тур, тармоқ ва йўналишларда мустақил танлов қила олиши ва манфаатдорлиги учун кафолатлар ҳамда шароитлар яратиш, уларнинг ишчанлик фаоллигини оширишни кўзда тутади.

    Товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади

    Мазкур кафолатнинг аҳамияти шундаки, мамлакатда товар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши таъминланмас экан, тараққиёт ва халқ фаровонлигига эришиб бўлмайди. Конституция даражасида бунинг белгиланиши эса, Ўзбекистонда бизнес муҳитининг юксалашига хизмат қилади.

    Давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлайди

    Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда ҳукуматлар ўз мамлакати ривожланиши учун қулай инветициявий муҳит яратишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу орқали, тадбиркорлик субъектлари сонини ошириш, сармоя оқимини оширишга эришилмоқда. Бош қомусимизда айнан давлатнинг ўзи, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлашининг белгиланганлиги давлат сиёсатида ушбу йўналиш алоҳида устуворлик касб этишини кўрсатади.

    Банк операциялари ва ҳисобварақларнинг сир тутилиши кафолатланади

    Бугунги глобаллашув даврида, янгидан янги хавф-хатарлар, жумладан турли кўринишдаги киберҳужумлар сони ортиб бормоқда. Бу борада ишбилармонлар учун банк операциялари ва ҳисобрақамларининг сир тутилишига кафолат берилиши ҳам муҳим ҳисобланади.

    Барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади

    Маълумки, ҳозирги даврда мулкдорлик ҳиссидай кучли мотивация йўқ. Мулкдор ўз мулки ишончли ҳимоя қилишини билсагина сармоя киритади, ишбилармон бизнесини ривожлантиришга бор вужуди билан интилади.

    Лекин яқин ўтмишимизда айрим мансабдор шахслар томонидан тадбиркорларнинг мол-мулкларини бузиш ёки тортиб олиш ҳолатлари кузатилди. Мазкур ҳолатлар нафақат тадбиркорлар, балки инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини қўпол равишда бузиб, Ўзбекистоннинг халқаро имижига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Эндиликда, ушбу салбий омиллар бартараф этилиб, Конституциямиз даражасида мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланди.

    Давлат ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратади

    Рақобат деганда, бозор субъектлари иқтисодий манфаатларининг тўқнашувидан иборат бўлиб, улар ўртасидаги юқори фойда ва кўпроқ нафлиликка эга бўлиш учун курашни англатади.

    Ҳалол рақобат учун етарли шарт-шароит яратишни давлат ўз зиммасига олиши эса, жамият томонидан тан олинган иқтисодий усулларни қўллаш, ўзининг мақсад ва манфаатларига эришишда умумжамият манфаатларига зид келувчи ҳолатларни қўлламаслик каби қоидаларга асосланади.

    Бир сўз билан айтганда, ҳалол рақобат иқтисодиётни юксалтиради.

    Ер хусусий мулк бўлиши мумкин

    Узоқ йиллар давомида ерга нисбатан эгалик қилиш борасида хусусий мулк билан боғлиқ муносабатларнинг жорий этилмаганлиги республикамизда ҳақиқий мулкдорлар қатламини тўлақонли шаклланмаслигига олиб келди. Бу ҳолат ўз навбатида Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлигига ҳам салбий таъсир кўрсатди.

    Эндиликда, янги норма мамлакатимизда ерга бўлган муносабатни ўзгартириб, мулкдорлар қатламининг кенгайиши, иқтисодий самарадорликнинг ошиши ва ер ресурслари бозорининг ривожланишига замин яратади.

    Интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилинади

    Интеллектуал мулк ақлий ёки ижодий фаолият маҳсули саналади. Ушбу мавзу бугунги кунда нафақат Ўзбекистон, балки жаҳонда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бош қомусимизда айни интеллектуал мулкнинг қонун билан муҳофаза қилиниши борасидаги кафолатнинг белгиланиши, бу борада яратилган ҳуқуқий тизимни янада мустаҳкамлайди.

    Хуласа қилиб айтганда, тадбиркор сифатида фаолиятимиз учун Бош қомусимизда энг муҳим 8 та кафолат белгиланганлигини юртимизда бизнес жозибадорлигини янги босқичга кўтариш, бир сўз билан айтганда фаолият кўламимизни ривожлантиришга бўлган алоҳида эътибор сифатида биламан.

    Нурилло ТУХТАСИНОВ,

    Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

    Давлат бошқаруви академияси тадқиқотчиси,

    “ANDIJAN GROUP” Бошқарув кенгаши аъзоси

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates