Контрафакт нусхаси энг кўп тарқалган китобларнинг рейтинги маълум қилинди

    Мамлакатимизда 27 сентябр 2022 1284

    Ўткир Ҳошимов “Икки эшик ораси” китоби рейтингда биринчи ўринда.

    Айрим нашриётлар томонидан фан адабиёт ва санъат аҳлининг муаллифлик ҳуқуқларига риоя қилмасдан, беписанд муносабатда бўлган ҳолда муаллифларнинг розилигисиз, шунингдек, қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли шартнома тузмасдан чоп этилган китобларнинг “ТОП-5” рейтинги тузилди.

    Ушбу рейтинг Адлия вазирлиги Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар бошқармасига ҳуқуқ эгалари томонидан тақдим этилган мурожаатлар асосида шакллантирилган.

    1. Ўткир Ҳошимов “Икки эшик ораси” китоби

    Китоб ҳақида: Унда адиб қарийб қирқ йиллик даврни ўз ичига олган, бир қанча чигал ва мураккаб тақдирлар мисолида ўз халқининг уруш даврида бошдан кечирган ҳаёти, қисмати ҳақида маҳорат билан қалам тебратган. Замон ва давр қандай шароитда кечишидан қатъи назар инсоний қадр-қиммат тушунчаларини сақлаб қолган, тақдирини эл-юрти, халқи, Ватани тақдири билан боғлаган, фарзандидан айрилганида ҳам қалбига қувонч бахш этиши мумкин бўлган бошқа сабабни ўзи учун ярата олган, ҳаётини севги-муҳаббат туйғулари билан безамоқчи бўлгани ҳолда уруш ҳукмига тобе бўлиб қолган инсонлар қисматини ифодаловчи ушбу асар мутолаасидан сўнг бугунги ўтаётган тинч-омон ҳаётингиз, фарзандларингиз бахти учун шукрона айтасиз. Асар айнан шу жиҳати билан қалбларга яқин. (тақриз kitobxon.com сайтидан олинган).

    2. Уолтер Айзекс “Стив Жобс” китоби

    Китоб ҳақида: Ушбу китоб технологик тараққиёт ва рақамли инқилобнинг рамзларидан бирига айланган “Apple” дунёсининг яратувчиси ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. Китобда Стив Жобснинг 40 дан ортиқ интервьюлари шунингдек, яқинлари ва уни таниган одамларнинг у ҳақидаги хотиралари баён этилган.

    3. Тоҳир Малик “Одамийлик мулки” китоби

    Китоб ҳақида: Мазкур асар маънавият ва тарбия масаласига бағишланган “Одамийлик мулки” (Ахлоқ китоби) – рисоласининг “Ишқ» деб номланган биринчи қисми ва “Бахт” деб номланган иккинчи фасли адиб танлаган асарларининг олтинчи жилдидан, учинчи фасли – “Саодат” эса тўққизинчи жилдидан (Ҳусни хулқ) жой олган.

    4. Бурҳан Бозгейик “Машҳурларнинг сўнгги лаҳзалари” китоби

    Китоб ҳақида: Ушбу китоб ўз вақтида дунёни қўрқув ҳамда ҳайратга солган айрим машҳур тарихий шахслар, саркардалар, давлат арбоблари-ю президентлар, қолаверса, малика ва шаҳзодалар ҳаётининг сўнгги лаҳзалари ҳақида ҳикоя қилади. Мавлоно Жалолиддин Румий, Чингизхон, Салоҳиддий Aйюбий, Aрхимед, Имом Ғаззолийларнинг сўнгги лаҳзаси қандай ўтган? Бу ҳақида мана шу китобдан жавоб олишингиз мумкин. (тақриз zukkokitobxon саҳифасидан олинган).

    Ўзгур Бажаксизнинг “Яшамоқ сокинлик истар” китоби

    Китоб ҳақида: Турк эссенависи Ўзгур Бажаксиз ушбу китобида хотиржамлик орқали ҳаёт ҳаловатини туйиш борасидаги мулоҳазалари, ҳаётга татбиқ қилиш орқали мангу қалб ҳаловатига эришиш сирлари билан бўлишган. Энг муҳими мазкур китоб мутолаа кейин ўзингизни чуқурроқ тадқиқ этишни, ҳаётингиз ҳақида жиддийроқ фикр юритишни бошлайсиз.

    Бу қизиқ: Дунёдаги энг қиммат китоб эгаси кимлигини биласизми?

    Энг қиммат бадиий асар Леонардо да Винчи томонидан кўчирилган “Лейчестер кодекси” китобидир. Уни “Майкрософт” асосчиси Билл Гейтс 1994 йили Нью-Йоркдаги “Сотбис” аукционидан 30,8 миллион АҚШ долларга сотиб олган. Ажабланарлийси, шуки ушбу китобни кўзгу ёрдамисиз ўқиб бўлмас экан.