Улар маҳаллий даражада ҳам, халқаро миқёсда ҳам инновациялар алмашинуви, савдо муносабатларининг кенгайиши, маданий мулоқот ва туризм ривожланишига хизмат қилади. Бугун кўргазмалар нафақат маҳсулот ва хизматлар намойиш қилинадиган майдон, балки глобал бизнес стратегияларини шакллантирадиган платформа вазифасини ҳам ўтаяпти.
Маҳаллий ва халқаро кўргазмалар ишлаб чиқарувчиларга ўз маҳсулотини кенг аудиторияга тақдим этиш, янги мижозлар топиш ва экспорт ҳажмини ошириш имконини беради. Бу орқали янги шартномалар имзоланади, тадбиркорлар бозорга кириб келади, қолаверса, солиқ тушуми ҳам кўпаяди.
Сўнгги йилларда юртимизда ҳам ушбу йўналиш ривожланди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудидаги катта-кичик павильонларда ўтказилаётган турли кўргазмаларнинг мавзуси, йўналиши, иштирокчилар таркибига назар солган киши юқоридаги мулоҳазалар ҳақиқатдан узоқ эмаслигига гувоҳ бўлади. Мазкур тадбирларнинг жамият ва иқтисодиётга таъсирини соҳанинг кўплаб мутахассислари ҳам эътироф этади.
Бундан ташқари, муваффақиятли ташкил этилган халқаро кўргазмалар хорижий инвесторлар учун мамлакат иқтисодий салоҳияти билан танишиш имконини беради. Инвесторлар саноат, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари, туризм каби соҳалардаги лойиҳаларга сармоя киритади, технологиялар ва ноу-хаулар билан ўртоқлашади, янги иш жойлари очилишига туртки беради.
Масалан, Iteca Exhibitions компанияси бундан 30 йил муқаддам Ўзбекистонда фаолият бошлаган. Ўтган вақт мобайнида у янги форматдаги кўргазма саноати – хорижий компаниялар иштироки ва юқори халқаро стандартлар асосида соҳани ривожлантириш учун самарали замин яратишга муваффақ бўлди. Яъни кўргазма саноатига етакчи глобал иштирокчилар амал қиладиган стандартларни жорий этди. Бу факт Iteca Exhibitions компаниясининг соҳада барқарор етакчилигини таъминламоқда.
– Кўргазма саноати ҳар доим мамлакатдаги прогрессив ўзгаришларнинг кўрсаткичи сифатида профессионаллик даражаси ва бизнеснинг ривожланишга тайёрлигини акс эттиради, – дейди Iteca Exhibitions компанияси бош директори Нигора Ҳасанова. – Бугун бозор фаол равишда ўзгариб бормоқда: янги операторлар ва майдончалар пайдо бўлмоқда, замонавий тадбирлар формати жорий этилмоқда, бутун саноат учун юқори стандартлар ва янги мезонлар ўрнатилмоқда.
Дастлабки лойиҳалар 1995 йилда бўлиб ўтган “Соғлиқни сақлаш – TIHE” ва 1997 йилда ташкил этилган “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU” билан бошланган эди. Вақт ўтиши билан улар бутун Марказий Осиё учун муҳим воқеага айланди. Бугун компания портфолиосида 20 та кўргазма мавжуд. Уларнинг ҳар бири соҳада етакчи ўрин эгаллайди ва тегишли соҳаларни ривожлантириш учун мезонларни белгилайди.
Ушбу тадбирлар Ўзбекистоннинг халқаро кўргазма харитасидаги обрўсини оширади, мамлакатнинг ишончли бизнес шерик сифатидаги имижини мустаҳкамлайди ва жадал иқтисодий ривожланишини намоён этади. Кўргазмалар ва анжуманларнинг овозаси Ўзбекистондан ташқарига ҳам ёйилди. Бу иштирокчиларнинг миқдор ва сифат жиҳатидан таркиби, шунингдек, хорижий ва маҳаллий аудиториянинг доимий эътиборидан далолат беради. UzBuild, UzFood, CAITME, TIHE, OGU ва TextileExpo Uzbekistan каби кўргазмалар миллий бренд мақомини олди ва мамлакатдан ташқарида ҳам эътибор қозонди.
– Биз компаниямизга “Iteca Exhibitions Ўзбекистон иқтисодиётига хизмат қилишдан фахрланади!” деган шиор танлаганмиз ва барча саъй-ҳаракатларимизда бу ўз аксини топади, – дейди Нигора Ҳасанова. – Тажриба яхши ташкил этилган кўргазма ва анжуманлар хавфсизлик ва электроникадан тортиб қурилиш, энергетика, енгил ва оғир саноатгача бўлган кўплаб соҳаларда ижобий тенденцияларни рағбатлантиришини кўрсатади. Ҳар бир тадбир тажриба алмашиш, ҳамкорликни ривожлантириш ва инновацияларни илгари суриш учун платформага айланади.
Иштирокчиларнинг сўровига кўра, кўплаб компаниялар учун кўргазмаларда иштирок этиш мамлакат бозорига киришнинг зарурий элементига айланган. Бу ерда улар мижозлар, дистрибьюторлар, профессионал уюшмалар ва давлат идоралари билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатади, бизнес алоқаларини кенгайтиради, шартномалар тузади ва келажакдаги лойиҳаларни муҳокама қилади.
– Кўргазмаларнинг туризм ва хизматлар соҳаси ривожидаги аҳамияти беқиёс, – дейди иқтисодчи Гулшан Мўминова. – Тадбирлар ўтаётган ҳудудларда меҳмонхоналар, транспорт, овқатланиш, кўнгилочар хизматларга талаб кўпаяди. Натижада хизматлар соҳаси айланмаси ошади, кафе, турар жойлар, сервис марказлари каби кичик бизнеслар даромади ошади. Шунингдек, бу шаҳар инфратузилмасининг ривожланишига ҳам сабаб бўлади. Эътиборга молик яна бир жиҳати, халқаро кўргазмалар турли халқлар, цивилизациялар ва маданиятлар ўртасида мулоқотни мустаҳкамлайди, ижтимоий фаоллик ошишига хизмат қилади. Жамият бу орқали янги билим ва тажрибага эга бўлади, замонавий тенденцияларни кузатади, маданий бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ривожланади.
Яна Iteca Exhibitions мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, 2025 йили компания иштирокида юртимизда 20 та халқаро кўргазма, тўртта нуфузли форум ва 36 та тематик семинарлар ташкил этилди. Тадбирларда 55 мамлакатдан 4311 та компания ва бренд, 251 та спикер ва модератор ҳамда 3 957 та делегат иштирок этди. Бу мамлакатимиз ҳудудида ташкил этилаётган кўргазма тадбирларининг халқаро даражаси ва аҳамиятини тасдиқлайди. Кўргазмаларда нафақат жаҳон етакчилари ва таниқли брендлар, балки кўплаб маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳам иштирок этди. Бу маҳаллий корхоналарнинг ютуқларини намойиш этиш ва уларнинг экспорт салоҳиятини оширишга ёрдам берди.
Нодир МАҲМУДОВ.
“Янги Ўзбекистон” мухбири











