Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган мўъжизалар сари одимламоқдамиз

    Рақамлаштириш, асосан, анъанавий усулларни замонавий, рақамли технологиялар ёрдамида ўзгартиришни англатади. Бу жараён фақат маълумотларни рақамли форматга ўтказиш билан чекланмайди, балки бутун жамиятни, иқтисодиёт ва турли соҳаларда янада самарали ишлашни таъминлашга хизмат қилади.

    Рақамлаштиришнинг кенгайиши, айниқса, бизнес, таълим, соғлиқни сақлаш ва давлат бошқарувида янги имкониятлар яратмоқда. Бугунги кунда кўплаб соҳалар рақамли технологиялар асосида рақамлаштирилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, жараёнларнинг тез ва қулай амалга оширилишига сабаб бўляпти. Аввало, рақамли технологиялар деганда нималар назарда тутилишини билиб олишимиз керак бўлади. Охирги вақтда бу термин кўп ишлатилаётган бўлсада, кўпчиликда ҳали-ҳануз аниқ тасаввур ва тушунча шаклланиб улгурмаган. Рақамли технологиялар деганда, маълумотларни рақамлар ёки кодлар кўринишида қайта ишлаш, сақлаш ва узатиш имконини берадиган технологиялар мажмуаси тушунилади. Булар асосан компьютерлар, дастурий таъминотлар, интернет, мобил иловалар, сунъий онг ва бошқа замонавий рақамли ечимлар ёрдамида амалга оширилади.

    Давримизнинг асосий ютуқларидан ҳисобланган рақамлаштириш ҳаётимизнинг барча жабҳаларига тез суръатда кириб келди. Рақамли технологиялар кундалик ҳаётимиздан тортиб, иш фаолиятимиз, таълим, тиббиёт каби кўплаб соҳаларга катта таъсир кўрсатаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Чунки рақамлаштириш вақтни ва маблағларни тежаш, самарадорликни ошириш ва янги имкониятлар яратишга катта ҳисса қўшади.

    Рақамлаштириш орқали жуда кўп муаммоларга ечим берилаётгани ҳам унинг аҳамиятини каррасига оширмоқда. Хусусан, инсон омилининг камайиши ортидан коррупцияга оид жиноятлар сезиларли даражада камайгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Ойлаб вақт оладиган жараёнлар дақиқаларда ҳал этилиши рақамлаштиришнинг тараққиёт ва ривожланишга қанчалик таъсир этаётганини кўрсатиб турибди. Ҳозирги кунда тиббиётга ҳам интеграция қилинаётган технологиялар, замонавий аппаратларнинг барчаси рақамлаштиришнинг мислсиз мўъжизаларидан ҳисобланади. Касалликларни даволашдан тортиб, ташхис қўйишгача рақамли технологиялар фаол иштирок этмоқда.

    Ҳатто қурилиш индустрияси ҳам рақамлаштириш жараёни туфайли инқилобий жараёнларни бошдан ўтказмоқда. Сунъий онгнинг ривожланиши ортидан ҳеч қандай қоғоз-қаламсиз бир бутун лойиҳаларни чизиш, унинг минглаб моделларини яратиш мумкин бўлмоқда. Ҳатто кўпчилигимизда қўрқув уйғотаётган сунъий онгни аслида кинолардаги аждарҳога қиёс этса бўлади. Агар уни бошқаришни, ундан фойдаланишни уддалай олсангиз, имкониятларингиз бир неча юз баробарга ортиши ҳеч гап эмас. Инсонлар учун роботлар энг оддий нарсага айланиб, ҳеч кимни ҳайратлантирмай қўйганига анча бўлди. Биз ҳали кўз кўриб, қулоқ эшитмаган мўъжизалар сари одимламоқдамиз. Тараққиёт инсонлар ҳаётини енгиллаштириб, бизни ҳаётнинг янги шакли билан рўбарў қилаверади. Ҳозирда уйдан чиқмасдан ҳар қандай тўловларни амалга ошириш имконияти бор. Одамлар дунёнинг турли бурчакларида содир бўлаётган жараёнлардан шахсий гаджетлар орқали бир зумда хабардор бўлмоқда. Рақамлаштириш дунёнинг бир-бири билан мулоқотини тез ва осон кўринишга келтирганини ҳам алоҳида ютуқ сифатида санашимиз жоиздир.

    Рақамлаштиришнинг таълимдаги афзалликлари жуда кўп ва ҳар хил соҳаларда ижобий таъсир кўрсатади. Хусусан институтимиз тўлиқ рақамлаштиришга босқичма-босқич ўтиб бормоқда. Институт ходимлари ва талабаларининг давоматини назорат қилиш ва меҳнат интизомини янада яхшилаш мақсадида «Cyber Program» ХК билан «FaceID» тизими жорий қилинди. Кредит-модуль тизимини рақамлаштириш ва ўқув жараёни шаффофлигини таъминлаш, талабалар контингенти билан шуғулланиш, деканатларнинг тегишли функциялари, кадрлар бўлими, қабул бўлими ва ҳисобхона каби бўлинмалар фаолиятини марказлашган ҳолатда ташкил этиш, тизимда бюрократик тўсиқлар юзага келишини олдини олиш ва таҳлилий маълумотларни шакллантириш, шунингдек, қарор қабул қилиш жараёнини оптималлаштириш каби вазифаларни амалга ошириш мақсадида рақамлаштирилган Регистратор офиси ташкил этилди. Натижада 4 млрд сўм маблағ иқтисод қилинди. Мурожаатлар билан ишлаш тизими ҳам рақамлаштирилди. Жумладан мулоқот портали ҳамда ботлар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, улар орқали мурожаатлар онлайн қабул қилиниб тезкор ҳал этилмоқда.

    Таълим жараёнларида рақамлаштиришдан масофадан ўқитиш ҳамда ўқув жараёнларини рақамли технологиялар орқали назорат қилишда ҳам фойдаланилмоқда. Бу албатта таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатиб келмоқда. Авваллари бир марта кўриш орзу бўлган устозларнинг фаолиятини ҳар куни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боришимиз мумкин. Бухоро муҳандислик-технология институтида ҳам янги ўқув йилида 5 та йўналиш масофавий таълим шаклида бўлиб, бунинг фаолияти учун тўлиқ рақамлаштирилган студия ташкил этилди. Рақамлаштириш орқали талабалар ва ўқитувчилар турли маълумотларга тез ва осон кириш имкониятига эга бўладилар. Интернет ва рақамли ресурслар ёрдамида ўқувчилар дарсликлар, илмий мақолалар, видео дарслар ва бошқа турли манбаларни тезда топа олишади. Рақамли платформалар талабаларга индивидуаллаштирилган таълимни тақдим этишга ёрдам беради.

    Рақамли таълим узоқдаги таълим олувчиларга, айниқса, чекка ҳудудлардаги талабаларга таълим олиш имкониятларини яратади. Рақамлаштириш таълим тизимига янгиликлар ва самарадорликни киритади. У нафақат ўқувчиларнинг билим олиш жараёнини соддалаштиради, балки ўқитувчилар учун ҳам янги имкониятларни яратади. Бу жараён давом этар экан, таълимнинг янада ривожланиши ва глобал миқёсда яхшиланиши учун кенг имкониятлар яратади. Онлайн таълим тизимлари талабалар ва ўқитувчиларга вақт ва жойдан қатъий назар таълим олиши ёки беришини таъминлайди. Талабалар дарсларга уйдан ёки исталган жойдан қатнашишлари мумкин, бу эса таълим олиш жараёнини жуда қулай қилади. Бу орқали таълим узлуксизлиги таъминланади.

    Рақамли воситалар ёрдамида талабалар кўпроқ ижодий ёндашувларга эга бўладилар. Улар турли дастурлар ёрдамида видеолар тайёрлаш, графикалар яратиш ва бошқа интерактив материаллар ишлаб чиқиш имкониятига эга бўлишади. Рақамли воситалар орқали талабалар ва ўқитувчилар орасидаги мулоқот ва ҳамкорлик осонлашади. Форумлар, чатлар, видеоконференциялар ва бошқа платформалар ёрдамида ўз фикрларини эркин ифода этишлари ва гуруҳда ишлашлари мумкин. Таълим тизими рақамлаштирилган сайин талабалар замонавий технологиялар билан танишишади ва улар билан ишлашни ўрганишади. Бу эса уларнинг рақамли саводхонлигини оширади, келажакдаги касбларда муваффақиятли бўлишлари учун муҳим кўникмаларга эга бўладилар.

    Бухоро муҳандислик-технология институти олимлари, ёш тадқиқотчилар томонидан турли соҳаларни рақамлаштириш бўйича илмий-инновацион тадқиқотлар олиб борилмоқда. Жумладан автотранспорт воситалари носозлигини аниқлаш ва уни бартараф этишда инновацион дастурий таъминот ишлаб чиқилди, сунъий интеллект воситасида профессионал таълим, махсус фанларини ўқитиш методикаси такомиллаштирилиб, рақамли таълим муҳитида олий таълим муассасаларида кадрлар тайёрлашнинг концептуал асослари ҳамда рақамли технологияларни жорий этишнинг минтақалар ижтимоий-иқтисодий самарадорлигини оширишга таъсири ўрганилди. Бундан ташқари информацион технологиялар ва рақамлаштириш бўйича Европа иттифоқининг Эрасмус+ дастури, УНИCЭФ халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотининг «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-Эпедемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси» нинг «Вакцина Логистикаси Бошқарув Тизими (vac.sanepid.uz)», «Электрон эмлаш реестри (www.emlash.ssv.uz) доирасида 4 та Халқаро грант лойиҳалар амалга оширилмоқда.

    Хулоса қилиб айтганда, рақамлаштириш бугунги тараққиётнинг юрагига айланиб улгурди. Рақамлаштириш жараёни орқали дунё аҳолисининг хабардорлик, янги инновациялардан фойдаланиш тафовути анча яхшиланиб бормоқда. Ўйлаймизки, давлатимизда бўлаётган сўнгги ислоҳотлар ва рақамлаштириш сиёсати барча соҳаларда ўзининг қулайликларини тақдим этиб, халқимизнинг фаровон ҳаётига хизмат қилади. Биз эса ҳеч кимда қолишмайдиган кадрларни, ёшларни тайёрлашда давом этишимиз керак.

    Садоқат Сиддиқова,

    Бухоро муҳандислик-технология институти ректори

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates