“Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил”

    "Янги Ўзбекистон" газетасининг шу йил 31 июль сонида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, филология фанлари доктори Зулхумор Холманованинг “Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Қуйида мақола билан танишишингиз мумкин.

    Буюк мутафаккирнинг бу мазмундор сатрлари ҳаммага яхши таниш. Кўзга айланган кўнгиллар ҳақида биласизми? Биласиз! Ўқигансиз, кўргансиз ёки ўзингизда синагансиз. Мен ўзим билганим – “кўзга айланган бир кўнгил” ҳақида сўз юритмоқчиман.

    Мунаввара Қурбонова. Бу исм-фамилия илм аҳли хаёлида болалар нутқи, психолингвистика, социолингвистика, прагмалингвистика бўйича мутахассис сиймосини жонлантиради. Талабалар шуурида имконияти чекланган бўлишига қарамай, пухта ишланган тақдимотлар билан дарс ўтадиган, мавзуни қизиқарли ва қулай усуллар билан тингловчига етказадиган моҳир педагог сийрати намоён бўлади. Ҳаммаслаклар ўз касбининг фидойиси, интизомли, берилган вазифа, топшириқларни ўз вақтида адо этадиган масъулиятли шахсни англайди. Қўни-қўшнилар, маҳалла-кўй қадди басти келишган, қоп-қора кўзлари сизни кўриб тургандай тасаввур уйғотадиган тийрак, гўзал қизни тасаввур қилади.

    У кўзи ожиз болалар мактабини имтиёзли гувоҳнома билан тамомлаб, республика фан олимпиадаси ғолиби сифатида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси факультетига имтиёзли қабул қилинди. Олий таълим муассасасида ўқиб юрган кезлариёқ ЎзМУ стипендияси, Алишер Навоий номидаги давлат стипендияси, ёшлар ташкилоти стипендияси совриндори бўлди.

    Мунавварани Ўзбекистон Миллий университетининг бакалавриат босқичида таҳсил олган даврларидан бери биламан. Имконияти чекланган бўлишига қарамай, илғорлар сафида эди. Ўша йиллари ташкил этилган “Лингвист” тўгарагининг фаол аъзоси, талабаларнинг илғори эди. Aна шу даврларда ёш тадқиқотчида шижоат, илмга интилиш, янгиликка шаҳду шиддатни туйганман.

    Бакалавриат босқичидаги аъло ўқиши, ижтимоий соҳалардаги фаол иштироки, илм соҳасидаги ютуқлари учун у Алишер Навоий номидаги давлат стипендияси соҳиби бўлди. Номдор стипендиант сифатида “Лингвистика (ўзбек тили)” магистратура мутахассислигига имтиёзли равишда қабул қилинди. Болалар нутқига оид мақолалар ёза бошлади.

    Ёш изланувчи шу кунга қадар маънавий-маърифий соҳадаги хизматлари, тинимсиз илмий изланишлари натижасида кўплаб ютуқларга эришди. Республика миқёсида ўтказилган фан олимпиадалари, илмий ишлар ҳамда инновацион ғояларга асосланган лойиҳалар танловлари ғолиби, қатор номдор стипендиялар, мукофотлар совриндори бўлди. “Ўзбек болалар нутқи лексикасининг социопсихолингвистик тадқиқи” мавзусидаги диссертациясини муддатидан аввал ёқлаб, филология фанлари номзоди илмий даражасига сазовор бўлди ва ўзбек олималари сафидан муносиб ўрин эгаллади.

    Ёш олима 2010 йилда БМТ Тараққиёт дастурининг кўзи ожизлар учун мўлжалланган “Компьютер саводхонлиги” курси ҳамда кўзи ожизлар учун JAWS дастури асосида компьютер саводхонлиги бўйича фаолият кўрсатаётган ўқитувчилар малакасини ошириш курсини муваффақиятли тамомлаб, сертификатлар билан тақдирланди.

    “Кўриш имконияти чекланган талабалар учун тилшунослик фанлари бўйича аудиокитоб таъминотини яратиш” давлат амалий гранти лойиҳасини амалга ошириш орқали Ўзбекистонда кўзи ожизлар таълимини ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси ҳамда кўзи ожиз инсонларнинг компьютер саводхонлигини оширишга қаратилган фаолияти учун тақдирланди.

    Ёш тадқиқотчи 2016 йилдан буён Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида илмий-педагогик фаолият олиб бормоқда. У 2018 йилда филология фанлари доктори, профессор Дурдона Лутфуллаева раҳбарлигида “Ўзбек болалар нутқининг прагматик хусусиятлари” мавзусида диссертация ёқлаб, филология фанлари доктори илмий даражасига сазовор бўлди.

    Олима 2018-2020 йилларда “Кўзи ожиз шахслар учун компьютер техникасидан фойдаланиш, матнларни ўқиш ва ёзиш имконини берувчи ўзбек тилига асосланган гапирувчи дастурий таъминот ва овоз синтезаторини ишлаб чиқиш” мавзусидаги давлат амалий гранти лойиҳасига раҳбарлик қилиб, лойиҳа илмий жамоаси билан биргаликда ўзбек нутқ синтезатори — ўзбек тилидаги матнларни овозли хабарга айлантирувчи дастурни ишлаб чиққан.

    Миллий нутқ синтезатори, айниқса, кўзи ожиз шахсларнинг ўзбек тилидаги электрон ҳужжатлар билан мустақил ишлаши учун қулай интерфейс ҳисобланади. Сунъий интеллект технологиясига асосланган ўзбек нутқ синтезатори тил бирликларини фонетик қонуниятлар, адабий талаффуз меъёрларига мувофиқ тарзда акс эттиради. Мазкур лойиҳа илмий жамоаси билан биргаликда “Ўзбек тили ўзлашма сўзларининг урғули луғати” номли асарни нашр эттирди.

    Мунаввара Қурбонова 2018 йилда “Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси” I республика танловида “Таълим соҳасидаги энг самарали инновацион лойиҳа” номинацияси бўйича мутлақ ғолибликни қўлга киритиб, сертификат ва диплом билан тақдирланди. 2019 йили Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан таъсис этилган “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

    Тадқиқотчи тилшунослик фанларига оид иккита монография, компьютер лингвистикасига оид иккита дастурий маҳсулот, битта ўқув-услубий луғат, босма ва аудиокитоб шаклидаги битта ўқув қўлланма, иккита услубий кўрсатма, хориж ва республика нашрларида эълон қилинган 120 дан ортиқ илмий ва илмий-оммабоп мақолалар муаллифи. Етакчи олимлар муаллифлигидаги 3 та дарслик, 5 та ўқувуслубий қўлланманинг аудиокитоб шаклидаги нусхалари, тилшуносликка оид диссертациялар, монографиялар ва мақолалар мазмунини акс эттирувчи 3 та аудиомаълумотлар тўпламини тайёрлаган.

    Мамлакатимизда илм аҳлига кўрсатилаётган эътибор самарасини бир олима мисолида кўриб амин бўлдикки, фаннинг юқори чўққиларини забт этиш учун барча имконият муҳайё. Фақат қалб кўзини илмнинг ҳаётбахш нурларига очиш, интилишдан тўхтамаслик зарур. Мунаввара мана шу имкониятни теран илғагани туфайли шу ютуқларга эришди.