Курраи заминда кенг қулоч ёзавер – белбоғли кураш!

    Яратилиш тарихи беш минг йилликларга бориб тақаладиган белбоғли кураш ота-боболаримиздан бизгача асраб-авайланиб, эъзозланиб етиб келган миллий меросимиз, миллий спорт туримиз саналади.

    Юртимиз истиқлолга эришгач, белбоғли кураш ҳам миллий спорт турларимиз қаторидан жой олди ва янада қадр топиб, қайта шакл-шамойилига эга бўлди. Белбоғли кураш юзлаб, минглаб ўғил-қизларимизнинг севимли спорт турига айланди. Натижада бугун машғулотларга зўр бераётган ёш полвонларимиз халқаро спорт майдонларида энг кучли спортчилар қаторидан муносиб жой олишга муваффақ бўлаётгани рост гап.

    Сўнгги беш йилликда белбоғли кураш ҳам халқаро мусобақаларда энг кўп медалларни жамғариб келаётган спорт турларидан экани қувонарли.

    Яна бир қувонарли гап. Миллий спорт туримиз бўлган белбоғли курашни дунё бўйлаб кенг миқёсда ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг 27 сентябрида Литва давлатининг Вильнюс шаҳрида Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси (ЖБКА) ташкил этилди ва расман Европа Иттифоқидан рўйхатдан ўтказилди. Мазкур ассоциацияга ўзбекистонлик ҳамюртимиз Азизбек Абдухалилович Ғаниев президент этиб сайланди. Бу эса, очиғи, белбоғли курашга бўлган эътиборни янада кучайтирди. Боиси ассоциация ташкил этилгандан кейин орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан, аниқроғи, 7-10 октябрь кунлари айнан Азизбек Ғаниевнинг ташаббуси ва ҳомийлигида тарихда илк бор Украина давлатининг Львов шаҳрида белбоғли кураш бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида Европа чемпионати ўтказилди.

    Юқори савияда ўтказилган мазкур Европа чемпионатида 100 га яқин полвонлар 65 кг, +65, 90, +90 кг вазн тоифаларида беллашди.

    Ушбу нуфузли чемпионатнинг яна бир энг аҳамиятли томони, беллашувларни бошқариб борган барча ҳакамлар белбоғли курашда қўлланиладиган атамаларни ўзимизнинг соф ўзбек тилимизда талқин этиши бўлди.

    Ҳар бир вазн тоифасида кучли учликдан жой олган полвонлар Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси томонидан диплом, медаль ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан мукофотланди.

    Шунингдек, Жаҳон белбоғли кураш ассоциациясининг бевосита кўмаги остида Украинанинг Львов шаҳрида Украина белбоғли кураши бўйича ҳам жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Ушбу жаҳон чемпионатида тўрт нафар спортчимиз ҳам муносиб иштирок этди. 16 та давлатдан 200 га яқин атлетлар иштирок этган ушбу жаҳон чемпионатининг классик ва эркин йўналишида иштирок этган полвонларимиздан +90 кг.да Рустам Умаров (Наманган вил.) олтин медаль, 90 кг.да Музаффар Соиббоев (Наманган вил.), +90 кг.да Латифжон Бадалов (Наманган вил.) ҳамда +65 кг.да Саҳобат Шералиева (Фарғона вил.) бронза медалига эга чиқди.

    Европа чемпионати доирасида А.Ғаниев раислигида Жаҳон белбоғли кураш ассоциациясининг (ЖБКА) конгресси ҳам бўлиб ўтди. Конгрессда Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси томонидан амалга оширилаётган ишларга оид ахборотлар тингланди, ташкилий масалалар ҳамда ижроқўм сафини кўпайтириш, Осиё ва Пан-Америка белбоғи кураш федерацияларини очиш хусусида келишиб олинди. Бу келишув эса, ўз-ўзидан миллий белбоғли курашимизнинг дунё бўйлаб янаям кенг оммалашаётганидан дарак беради.

    Яна бир муҳим гап. Хабарингиз бор, 24-27 ноябрь кунлари Жиззах шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун 2001-2003 йилларда туғилган ўсмирлар ва қизлар ўртасида илк бор жаҳон чемпионати ўтказилади. Мазкур жаҳон чемпионатини халқаро талабларга мос ва юқори савияда ўтказишда масъул вазирлик ва идоралар қаторида Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси (ЖБКА) ҳам алоҳида жонбозлик кўрсатмоқда.

    Делегатларни Тошкент ва Самарқанд халқаро аэропортларидан муносиб кутиб олиш, мамлакатимизнинг энг диққатга сазовор туристик марказларига саёҳатлар ташкил этиш сингари бир қатор вазифалар ҳам режалаштирилгани юртимизда туризм салоҳиятига қайсидир маънода ҳисса қўшишидан далолат беради. Бундан ташқари, Жиззахда ўтадиган жаҳон чемпионати доирасида ЖБКА президенти А. Ғаниев раислигида навбатдаги конгресс ҳам ўтказилади. Ушбу конгрессда Осиё, Марказий Осиё конфедерцияларни тузиш каби қатор вазифалар кўриб чиқилиши ва қарорлар қабул қилиниши назарда тутилган.

    Янгидан ташкил топган Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси президенти А.Ғаниевнинг таъкидлашича, тарих-ўтмиши бир неча минг йилликдан ортиқ бўлган ва ота-боболаримиздан бизгача асраб-авайланиб етиб келган, ҳалоллик, мардлик, жасурлик, ватанпарварлик каби туйғулар мужассам бўлган миллий спорт туримиз – белбоғли курашни ер курраси бўйлаб оммалаштириш, айнан белбоғли кураш орқали юртимиз шаъни ва шуҳратини жаҳон спорт айвонларида тараннум этиш, улуғлаш, қолаверса, келажакда олимпия ўйинлари оиласида белбоғли кураш ҳам мустаҳкам ўрин олиши учун амалга ошириладиган саъй-ҳаракатлар бош мақсадлардан саналади.

    Илҳом Раҳмонов тайёрлади.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates