“Мадад” ННТ фаолияти Буюк Британия журналида эътироф этилди

    Ўтган йили 74 мингдан ортиқ фуқаро бевосита мурожаат қилган ва уларга турли ҳуқуқий масалалар бўйича бепул юридик ёрдам берилган.

    Буюк Британиянинг Шотландия қироллигидаги “Voice” журналида “Мадад” ННТ томонидан муассаса ташкил этилганидан буён бугунги кунга қадар амалга оширилган ишлар тўғрисидаги таҳлилий мақола эълон қилинди. Мақолада ушбу нодавлат нотижорат ташкилотга келиб тушган мурожаатларнинг соҳалар бўйича таснифи, Шотландиядаги аҳолига беғараз юридик ёрдам кўрсатувчи “Citizens Advice Scotland” деб номланган муассасанинг шу соҳалардаги фаолияти билан солиштирилган.

    Маълумки, 2019 йилда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш ва аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида “Мадад” – муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти ташкил этилган эди.

    Ҳозирги кунда муассасанинг аҳолига, айниқса, жойларда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган (кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар) фуқароларга бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш мақсадида республика бўйича 60 та туман (шаҳар)да ҳуқуқий маслаҳат бюроси фаолият юритяпти. Улар жойларда мурожаат қилувчиларга ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳат ва тушунтиришлар бериш, шунингдек, тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар намуналарини тақдим этиш ёки бундай ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда кўмаклашиш орқали амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Хусусан, ўтган йили 74 мингдан ортиқ фуқаро бевосита мурожаат қилган ва уларга турли ҳуқуқий масалалар бўйича бепул юридик ёрдам берилган.

    Муассасанинг “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот портали ҳам яратилган. Унда фуқароларимиз кундалик ҳаётида дуч келиши мумкин бўлган долзарб ва зарур ҳуқуқий масалалар бўйича тегишли бўлимлар мавжуд бўлиб, маълумотлар (контентлар) кўпчилик учун тушунарли, оддий ва равон тилда баён этиб бориляпти. Масалан, порталдан фойдаланувчилар меҳнат муносабатлари бўлимига кириб, зарур ахборотга эга бўлишлари ёки ўзларини қизиқтирган саволларга тезда жавоб топишлари мумкин. Шу билан бирга, улар учун меҳнат муносабатларига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, фойдали ҳаволалар, ҳаётий мисоллар, савол-жавоблар асосида зарур маълумотлар олишлари учун қулай имконият яратилган. Унга 2020 йил давомида 72 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган ва уларга мутахассисларимиз томонидан онлайн режимда ҳуқуқий маслаҳатлар ва тушунтиришлар берилган.

    Порталнинг яна бир афзаллик томони, ундан фойдаланувчилар ўзларининг таклиф ва мулоҳазаларини изоҳлар шаклида ёзиб қолдириши, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича онлайн форумда иштирок этиши, мутахассислар томонидан онлайн саволларга берилган жавобларнинг сифатини баҳолашлари мумкин. Бундан ташқари, порталга сайт бўйича “ақлли” қидирув, долзарб янгиликлар, муассасанинг ҳудудий бюролари тўғрисидаги маълумотлар ва уларнинг жойлашув харитасини аниқлаш каби янги ва интерактив вазифалар киритилган.

    Рауф НУРУЛЛАЕВ

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates