“Маҳалла еттилиги” – унда ҳоким ёрдамчиларининг ўрни қандай?

    Президентимиз жорий йил 26 сентябрь куни маҳаллабай ишлаш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида “Маҳаллалар — давлатимизнинг энг катта замини” эканига урғу берди. Шунингдек, эндиликда ҳар бир маҳаллада “Маҳалла еттилиги” тизими иш бошлаши маълум қилинди.

    “Еттилик” таркибидаги ҳоким ёрдамчиларига аҳолини тадбиркорликка ўргатиш, ишсизларни иш билан таъминлаш ва шу орқали камбағалликни қисқартириш вазифаси юклатилган. Бу, албатта, ҳоким ёрдамчиларининг одамлар ҳаётини яхшилашдаги ўрни қанчалик муҳим ва масъулиятли эканини англатади.

    Шу ўринда савол туғилиши табиий: “Ўтган қисқа вақтда ҳоким ёрдамчиларининг маҳалла аҳолиси турмушини яхшилашдаги ўрни қандай бўлмоқда?”.

    Бугун шу саволга жорий йилнинг ўтган 9 ойида амалга оширилган ишлар таҳлили атрофида, шунингдек, рақамли мисоллар ёрдамида жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

    Бандликни таъминлаш

    Халқимиз азалдан тадбиркор, ҳаракат қилса, ҳар ишнинг уддасидан чиқадиган иқтидорга эга. Табиат ўзгаришларига тезкор ечим топиш ва қийин вазиятлардан мақбул йўл билан чиқиш ҳадисини олган. Фақат уларга озгина қўллаб­қувватлов ва рағбат бўлса бас, ҳар ишни жой­жойига қўяди. Бу борада эса маҳаллаларда иш бошлаган ҳоким ёрдамчиларининг ўрни алоҳида бўлмоқда. Боиси, улар ҳар бир оилага кириб, вақтинча ишсиз бўлган, лекин қўлидан иш келадиган, тадбиркорликка қобилияти ва қизиқиши бор, бирор ҳунар ўрганишни истаётган фуқаролар, айниқса, ёшлар билан суҳбатлашиб, уларнинг хоҳишига қараб амалий ёрдам кўрсатмоқда.

    Мана шундай саъй­ҳаракатлар ва ўз вақтида кўрилган тезкор чора­тадбирлар натижасида биргина жорий йилнинг ўтган 9 ойида 1,9 миллион ишсиз фуқаро доимий ва мавсумий иш билан таъминланди, 1,3 миллиони ўзини ўзи банд қилишига кўмаклашилди, 80 минг киши якка тартибдаги тадбиркор (ёлланма ишчилар билан бирга) сифатида фаолиятини йўлга қўйди, 95 минг фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига ва 48 минг нафари ҳунармандчиликка (шогирдлар ҳисобига) жалб этилди, 238 минг нафарига ижара асосида ер ажратилди.

    Аслида, бир кишининг оғирини енгил қилиш, ҳаётига мазмун бағишлаш катта иш. Негаки, ҳар бир фуқаро жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси саналиб, ижтимоий давлатда муносиб яшашга ҳақлидир. Шу боис, ҳоким ёрдамчиларининг маҳалладаги ишсиз юртдошларимиз бандлигини таъминлашдаги саъй­-ҳаракатлари алоҳида эътиборга молик.

    Яна бир қувонарли жиҳат шундаки, бандлиги таъминланган, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган фуқаролар фақат ўзи учун ҳаракат қилмаяпти, улар яқинлари, маҳалладошларини ҳам иш билан таъминлай бошлади.

    Фикримизга мисоллар кўп. Хоразм вилояти Ҳазорасп тумани Бўстон маҳалласида ҳоким ёрдамчиси кўмагида иш бошлаган “Рўза Комила” оилавий корхонаси бугунги кунда тикувчилик йўналишида 20 нафар ишсиз фуқаронинг касаначилик асосида бандлигини таъминлади.

    Корхона фуқароларга болалар кийимларини тайёрлаш учун газлама ва ярим тайёр кийимларни етказиб бериб, ҳар бир тайёр маҳсулот учун 1500 сўмдан тўлаб бермоқда. Натижада касаначилар бир ойда ўртача 4 миллион сўмгача қўшимча даромад топяпти.

    Яна бир мисол, Фарғона шаҳар Cурхтепа маҳалласида тадбиркор Камолиддин Зокиров томонидан косибчилик фаолиятини кенгайтириш ҳисобига маҳалладаги “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсизлардан 50 нафари доимий ишга жойлаштирилган. Бугунги кунда ушбу оилавий корхонада 70 нафар ишчи фаолият олиб бормоқда.

    Аҳоли бандлигини таъминлашда ҳоким ёрдамчилари тавсияси билан ажратилаётган кредит маблағлари ҳам қўл келяпти. Масалан, оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 364 мингта лойиҳага 7,6 триллион сўмлик кредитлар ажратилди. Бунда қишлоқ хўжалиги йўналишига 1838 миллиард сўм, шундан, 932 миллиард сўм иссиқхона ва боғдорчилик, 498 миллиард сўм чорвачилик, 131 миллиард сўм паррандачилик, 277 миллиард сўм балиқчилик, қуёнчилик ва асаларичиликни ташкил этиш учун йўналтирилди.

    Шу билан бирга, 4907 миллиард сўм хизматлар соҳасига, 500 миллиард сўм ҳунармандчиликка ҳамда ишлаб чиқариш учун 77 миллиард сўм кредит ажратилди.

    Таъкидлаш жоизки, ажратилган кредитларнинг 60 фоиздан ортиқ қисми хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқаришга йўналтирилгани аҳолига қисқа муддатда даромад топиш имконини бериб, кредитларни ўз вақтида қайтаришда қўл келмоқда. Қолаверса, янги иш ўринлари пайдо бўлишига замин яратяпти.

    Сўз исботи билан мазмунли. Сергели тумани Ўзгариш маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси тавсиясига кўра, фуқаро Н.Ўлмасовага болаларни мактабга тайёрлаш ўқув марказини жиҳозлаш учун 33 миллион сўм миқдорида кредит ажратилган ва бунинг натижасида 8 та янги иш ўрни яратилган. Бу эса тадбиркор ўз ишини жадал йўлга қўйиш ва тезда фойдага кириб, кредитни вақтида сўндириш учун имкон берди.

    Ёки яна бир мисол. Термиз тумани Амир Темур маҳалласидаги фуқаролар ҳам ишнинг кўзини биладиганлардан. Лекин уларнинг айримлари ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш учун қўли калталик қилиб келарди. Буни ўрганган ҳоким ёрдамчиси маҳалладаги 14 нафар хотин­қизга тикувчилик ва 3 нафар ёшга қандолатчилик қилиши учун зарур асбоб-ускуналар олиб беришда кўмаклашди. Яъни ҳоким ёрдамчиси тавсияси асосида уларга субсидия ажратилди ва вақтинча ишсиз бўлиб турган бу фуқаролар ўз кичик бизнесини йўлга қўйиб олди.

    Бу борадаги ишларни рақамлар кўринишига келтирсак, қуйидагича бўлади: аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларга меҳнат қуроллари ва асбоб­-ускуналар олиб бериш бўйича 45,6 минг фуқарога 202,6 миллиард сўмлик субсидия ажратилди. Жумладан, томорқа ерларида тадбиркорликни йўлга қўйиш учун 26,6 миллиард сўм, кооперативларга аъзо бўлиш учун 2,3 миллиард сўм, малака ошириш учун ўқишга йўналтиришга 4,3 миллиард сўм, асбоб-­ускуна, меҳнат қуролларини харид қилиш харажатларига 153,8 миллиард сўм сарфланди.

    Ҳунар сири, янги лойиҳалар ва муносиб турмуш шароити

    Халқимизда “Ҳунарли киши хор бўлмас”, деган пурмаъно мақол бор. Бу мақол бизнинг замонда ҳам ўз таъсирини йўқотгани йўқ. Янгиланиб бораётган дунёда баъзи касблар маънан эскириб, улар ўрнини замонавийлари эгалламоқда. Шу боис, бугунги давр шиддати эҳтиёж юқори бўлган касб­ҳунар эгаллашни ҳам талаб қилмоқда.

    Бу жиҳатлар ҳоким ёрдамчилари назаридан четда қолмаяпти, албатта. Жорий йилнинг 9 ойлик ҳисоботига тўхталадиган бўлсак, 129 минг фуқаро замонавий касб­-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқишга йўналтирилиб, “Ишга марҳамат” мономарказлари ва бошқа нодавлат таълим муассасаларида ўқитилганини кўришимиз мумкин бўлади.

    Хусусан, Янгийўл, Когон шаҳар ва Тўрткўл, Балиқчи, Бўстон, Қоракўл, Зарбдор, Ўрта Чирчиқ, Ёзёвон, Риштон, Хонқа, Учтепа, Шайхонтоҳур туманларида касб-­ҳунар эгаллаганлар бандлигини таъминлаш бўйича яхши натижаларга эришилган.

    Биргина Сирдарё тумани Ҳикматли маҳалласида ҳоким ёрдамчиси томонидан 87 фуқаро касб­ҳунарга йўналтирилиб, ўқишни тамомлаганлардан 8 нафари сартарошлик, 4 нафари тикувчилик, 7 нафари пазандачилик ва 68 нафари бошқа йўналишларда иш бошлади.

    Фуқаролар бандлигини таъминлашда янги ва истиқболли лойиҳаларнинг амалга оширилаётгани ҳам муҳим ўрин тутади. Гап шу ҳақда кетганида айтиш жоизки, ҳоким ёрдамчилари томонидан шакллантирилган 39 мингта (иш ўрни 171 минг) “маҳаллабай” микролойиҳалардан 20 мингтаси (52 фоизи) ишга туширилиб, 78 мингта иш ўрни яратилди.

    Мисол учун, Қуйи Чирчиқ тумани Беруний маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси кўмагида “NEW MISS WISE” МЧЖ томонидан кийим­кечак ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириш орқали 17 та янги иш ўрни пайдо бўлди.

    Президентимиз одамлар эртага ёки олис келажакда эмас, бугун ҳам яхши яшаши учун доим қайғуриб келади. Бу мақсад йўлида кўмакчи сифатида ҳоким ёрдамчиларининг ҳам ҳиссаси борлигини айтиш адолатдан бўлади, албатта.

    Фикримизни айрим рақамлар билан давом эттирамиз. Ҳоким ёрдамчилари, маҳалла раислари ва сектор раҳбарларининг ташаббуси ва саъй­ҳаракатлари билан жорий йилнинг 9 ойида маҳаллаларда 23,3 минг километр таъмирталаб ички йўллар шағаллаштирилди, 21,7 минг километр йўллар асфальт қилинди, маҳалла ҳудудидан ўтувчи магистрал йўл ёқасида минг километр пиёдалар йўлакчалари барпо этилди.

    Бундан ташқари, фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган 5,6 минг дона трансформатор, 123,1 минг дона симёғоч ва 90 минг дона тунги чироқ янгисига алмаштирилди. 32 минг километр ариқларни тозалаш ва 6,8 мингта вертикал суғориш қудуқларини қуриш орқали 302 мингдан ортиқ хонадон томорқасига сув етиб борди.

    Катта вазифалар ҳали олдинда

    Бугун ҳар бир тизим ва соҳа ривожини замонавий технологиялар иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу маҳаллалар, жумладан, ҳоким ёрдамчилари фаолиятида ҳам ўз аксини топмоқда. Шу мақсадда жорий йил бошидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида товарлар ва хизматларни сотиб олиш ва сотиш учун мўлжалланган Online­bozor.uz платформаси устида иш олиб борилиб, август ойида ишга туширилди.

    Мазкур платформа фойдаланувчиларга хилма­хил маҳсулотлар ва турли хизматларни сотиш ёки сотиб олиш бўйича бепул эълонлар жойлаштириш имконини беради.

    Хўп, бу платформанинг ҳоким ёрдамчиларига қандай дахли бор, дерсиз. Гап шундаки, ҳоким ёрдамчилари кўмагида маҳаллаларда тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган товар (кўрсатилаётган хизмат)лар ҳамда аҳоли томонидан томорқа ва ижара ерларда етиштирилаётган маҳсулотлар мазкур платформага жойлаштирилмоқда. Бугунги кунда платформадан 1240 турдаги маҳсулот ва хизматлар ўрин олган.

    Келгусида ушбу платформанинг қамрови ва жозибадорлигини янада ошириш мақсадида Россиянинг “Корпорация МСП” ташкилоти билан агентлигимиз ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Шунга ўхшаш яна бир янгиликни ҳам айтиб ўтмоқчимиз. Бугунги кунда ҳоким ёрдамчилари томонидан “Онлайн маҳалла” платформасининг махсус модули орқали 1 миллиондан ортиқ камбағал оила учун “Индивидуал дастур”лар шакллантирилди.

    Мазкур дастур доирасида камбағал оилалар даромадларини ошириш мақсадида 9 турда, жами 1755 мингта амалий чора­тадбир белгиланди. Шундан жорий йилнинг 1 октябрига қадар бу тоифадаги хонадон аъзоларидан 77,9 минг нафари доимий ва мавсумий иш ўринларига жойлаштирилди, 34,4 минг нафарига имтиёзли кредит ва 6,9 минг нафарига субсидия ажратилди.

    Таъкидлаш жоизки, дастурга киритилган оилаларни камбағалликдан чиқариш ва даромадларини минимал истеъмол харажатлари миқдоридан оширишга эришиш мақсадида аҳоли даромадини ошириш бўйича ажратилаётган молиявий ресурслар биринчи навбатда уларга йўналтириб борилади.

    Дарвоқе, аҳоли мурожаатларини тизимли ҳал этиш, уларни назоратга олиш ва доимий мониторинг қилиш мақсадида “Онлайн маҳалла” электрон платформаси Халқ қабулхонаси платформасига интеграция қилинди.

    Тизим доирасида аҳоли мурожаатлари ҳоким ёрдамчиларининг планшети орқали тўғридан­ тўғри тегишли масъул ташкилотга юборилиб, ижроси Халқ қабулхонаси томонидан назоратга олинмоқда. Натижада, жорий йил бошидан ҳоким ёрдамчилари томонидан жами 5020 мурожаат модуль орқали тегишли масъул ташкилотга юборилган.

    Шу ўринда яна бир маълумотни келтирмоқчимиз. Жорий йилнинг 9 ойида ҳоким ёрдамчилари томонидан амалга оширилган ишлар ҳамда кўрсатилган молиявий кўмаклар ҳисобига аввал ўзини ўзи банд қилган 39 минг фуқаронинг 17 минг нафари якка тартибдаги тадбиркор сифатида ва 22 минг нафари кичик бизнес субъекти сифатида фаолиятини бошлади.

    Келгусида ушбу ишларни давом эттириш мақсадида ҳар чоракда камида 3 та ўзини ўзи банд қилган шахсларни кичик бизнес субъектига айлантириш чоралари кўриб борилади.

    Бир сўз билан айтганда, ҳоким ёрдамчиларининг маҳаллалардаги ўрни ва одамлар ҳаётини ўзгартиришдаги кўмаги эътиборга моликдир. Негаки, ҳар бир эзгу ишнинг бошида туриш ва инсонларга кўмаклашиш хайрли амалдир. Лекин бу йўлда ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп. Барчамизга ишонч берадигани эса мамлакатимизда бошланган ислоҳотларнинг ортга қайтмас тус олгани ва ижтимоий давлат қуриш йўлида мустаҳкам ҳуқуқий асос яратганимиздир.

    Мирзоҳид УБАЙДУЛЛАЕВ,

    Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни

    ривожлантириш агентлиги директори

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates