Сенат Раиси Т.Нарбаева бошқарган мазкур мажлисда май ойида республикада ўтказилган фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови натижалари муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, Сенат Кенгашининг 2022 йил 15 мартдаги қарорига асосан 9 349 та маҳаллада жамоатчилик вакиллари иштирокида сайлов бўлиб ўтди.
Сайловда 26 910 нафар тавсия этилган номзод орасидан фуқаролар томонидан яширин овоз бериш орқали 9 349 нафар маҳалла раиси сайланди.
Мазкур сайлов қонунчилик талаблари асосида сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, фуқаролар вакилларининг иштирокида очиқ, шаффоф ва адолатли тарзда ўтгани қайд этилди.
Бугун замон ўзгаряпти, одамларнинг дунёқараши, фикрлаши ва талаби янгича. Шу боис маҳаллаларда ҳам иш ташкил этишда замонга ҳамоҳанг, янги ёндашув зарур.
Ўз навбатида, давлат раҳбари барча ислоҳот ва ўзгаришларнинг натижаларини маҳалла аҳолиси ўз ҳаётида ҳис қилиши зарурлигини қайд этаётгани ҳам бежиз эмас. Ушбу омиллар инобатга олинган ҳолда маҳалла раислигига кўрсатиладиган номзодлар учун юқори талаблар белгиланди.
Натижада сайланган маҳалла раисларининг қарийб 95 фоизини олий маълумотлилар ташкил этган бўлса, 6 272 нафари биринчи маротаба ушбу лавозимга сайланди. Энг қувонарлиси улар орасида аёллар кўлами ҳам ортиб, 1 104 нафарга етди.
Мажлисда сайловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар ҳолати ҳақида сенатор Т.Мадумаров, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари А.Турсунов батафсил маълумот берди. Хусусан, келиб тушган мурожаатлар тезкорлик билан ўрганилгани, баъзи мурожаатларга асосан айрим ҳудудларда сайлов жараёнлари қонунчиликка мувофиқ вақтинча тўхтатилиб, ҳолатларга ойдинлик киритилгандан сўнг қайта ўтказилгани айтиб ўтилди.
Мажлис якунида Сенат Кенгашининг «Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови якунлари тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.