Маҳаллаларда тадбиркорлик ривожлантирилса аҳоли турмушида ҳам катта ўзгаришлар бўлади

    Ижтимоий ҳаёт 5 июл 2023 1463

    Бу, Нурафшон шаҳридаги “Бобур” маҳалласи аҳолисини уйма-уй йўқлаётган, уларнинг турмуши билан қизиқаётган, муаммоларини ҳал этишда кўмаклашаётган ҳоким ёрдамчиси Ҳусниддин Тиллахўжаев бўлади.

    Аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишга молиявий кўмаклашиш, даромадли меҳнат билан улар бандлигини таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш, маҳаллабай ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш орқали камбағалликни қисқартириш, мамлакат, вилоят, туман ва шаҳарларда кўрсатиладиган давлат хизматлари ва манзилли молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини бевосита маҳалла даражасига тушириш мақсадида Республика Президентининг 2021 йил 3 декабрда қабул қилинган “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги фармони ушбу маҳалла аҳли турмушида ҳам туб бурилиш ясади.

    Мазкур фармон билан маҳалла бошқарув тизимида ҳоким ёрдамчиси лавозими ҳам белгиланди. Шундай лавозимга тайинланган Ҳусниддин Тиллахўжаев катта шижоат ва иштиёқ билан ишга киришди. Дастлаб маҳалла аҳолиси тўғрисидаги маълумотларни умумлаштирди. Чунки, маҳалланинг қаерида пульс қандай уришини билгач, ташхис қўйиш ҳам осон кечади-да.

    Мазкур маҳалладаги 343 та хонадонда 1694 нафар аҳоли яшайди. Ҳоким ёрдамчиси ва маҳалла фуқаролар йиғини масъулларининг саъй-ҳаракатлари билан аҳоли тўлиқ “Онлайн маҳалла” электрон платформасига киритилди.

    Қолаверса, ушбу хатлов якунига кўра, маҳалла аҳолиси тўрт тоифага тақсимланди. Биринчи тоифага даромади кам, ишсиз, аммо касб ўрганишга, даромад топишга ҳаракат қилаётган аҳоли яшаётган хонадонлар киритилди. Улар 9 та экан. Иккинчи тоифага кирган доимий даромадга эга ва қўшимча даромад топиш истаги бор хонадонлар 171 та чиқди. Ногиронлиги ва бемор аъзолари бор, боқувчисини йўқотган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож 25 та хонадон учинчи тоифага киритилди. Тўртинчи тоифага кирганлар, яъни ўзига тўқ хонадонлар – 138 та эканлиги аён бўлди.

    Маҳалладаги хонадонлар турмуши билан яқиндан танишган Ҳусниддин Тиллахўжаев уларга имконият даражасида ёрдам беришга аҳд қилди. Ўтган 2022 йилда 136 киши унинг кўмаги билан ишли бўлди, 36 киши эса мавсумий юмушларга жалб этилда. Яна 50 нафар одам касб-ҳунарга ўқитилиб, ҳунарли бўлди ва доимий иш билан таъминланди.

    Ҳоким ёрдамчисининг эътиборидан уй бекалари ҳам четда қолмади. Моҳларой Худойназарова оддий уй бекаси эди. Қўшимча даромад топиш имкони борлиги боис унга имтиёзли кредит ажратилди.

    — Менга 33 миллион сўм 14 фоизли имтиёзли кредит ажратилиш жараёни осон кечди, ортиқча оворагарчилик, сарсонгарчилик бўлмади. Бутун оиламиз номидан ҳоким ёрдамчисига миннатдорлик билдираман, — дейди у.

    М.Худойназарова ўша маблағ эвазига барпо этган 3 сотихли иссиқхонасида эрта кўкламда помидор ва бодринг етиштириб бозорга чиқарди. Даромади ҳам шунга яраша бўляпти.

    Рақамларга таянадиган бўлсак, ўтган 2022 йил давомида “Бобур” маҳалласидаги ҳоким ёрдамчисининг тавсияси ва кўмаги билан 53 та лойиҳа учун 1 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилди. Натижада қўшимча 53 та янги иш ўрни яратилди.

    Бундан ташқари, шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази раҳбари Баҳриддин Каримов билан ҳамкорликдаги ишлар самараси ўлароқ маҳалланинг бир гуруҳ фуқаролари тадбиркорликка ўқитилди. Ҳоким ёрдамчиси уларнинг 11 та лойиҳасини амалиётга самарали татбиқ этиш учун 48,8 миллион сўм миқдорида субсидия ажратишга тавсия берган. Пировардида етти нафар фуқаро ишли бўлди.

    2022 йил мобайнида маҳаллада 28 та юридик ташкилот ва 14 та якка тартибдаги тадбиркор рўйхатдан ўтгани ҳам ҳоким ёрдамчисининг маҳалла аҳлига қандай қайишаётганини, аҳоли билан ҳамжиҳатликда ишлаётганини исботлаб турибди.

    Маҳалла идорасида ҳоким ёрдамчиси билан мулоқот қилиб, ортга қайтар эканмиз, ичкаридан телефон жиринглагани ва Ҳусниддин Тиллахўжаевнинг товуши эшитилди:

    – Ҳусниддинман, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси...

    Отабек ИСРОИЛОВ,

    журналист

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates