Маҳаллий Кенгашларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги роли кучаймоқда

    Гувоҳмизки, мамлакатимизда кейинги йилларда инсон қадри улуғланган янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

    Президентимиз ташаббуси билан кечаётган янгиланиш жараёнларини битта сўз билан ифодалаш жоиз бўлса, мазмун-моҳиятида “халқни рози қилиш, оғирини енгил қилиш” эзгу ғояси мужассам.

    Ҳаётбахш ислоҳотлар жараёнида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривож лантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга оид долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича ваколатлари кенгайтирилиб, халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқариш, маҳаллий кенгашларни халқнинг ҳақиқий “овозига” айлантириш борасида ҳам кенг қамровли ўзгаришлар амалга оширилди.

    Жумладан, маҳаллий Кенгашларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан халқ депутатлари Кенгашларининг назорат функцияларини кенгайтириш мақсадида уларга қўшимча ваколатлар берилди. Хусусан, прокуратура, адлия, ички ишлар, молия, солиқ, экология ва соғлиқни сақлаш органлари раҳбарларининг ҳисобдорлиги белгилаб қўйилди.

    Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ваколатлари, маҳаллий Кенгаш раиси ва ҳоким лавозимлари бир-биридан ажратилганлиги ҳокимиятлар бўлинишига оид конституциявий тамойилнинг маҳаллий даражада ижросини таъминлашда муҳим қадам бўлди.

    Ваколат ва масъулият оширилди

    Агар аввал маҳаллий Кенгашларнинг ваколатлари миқдори 20 тага ҳам етмаган бўлса, ҳозирда улар қарийб олти баробарга ошиб, 120 дан ортганини кўришимиз мумкин.

    Олдинлари маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджет бўйича ваколатлари чекланган эди. Ҳудудда орттирилган маблағнинг ўзи бўлмасди. Кейинги етти йил ичида ҳудудларнинг маҳаллий бюджетга оид ваколатлари тубдан оширилди. Белгиланган маҳаллий бюджетлар даромадлари прогнозини ошириб бажариш суммаси маҳаллий бюджетлар ихтиёрида қолдириладиган тартиб яратилди.

    Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари маҳаллий бюджетлардан туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертларнинг чекланган миқдорларини кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш, тегишли бюджетлардан молия лаштириладиган ҳудудий бюджет маб лағларини тақсимловчиларнинг бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши ҳамда эришилган натижалар тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиш ваколатларига эга бўлди.

    Бундан етти йил олдин депутатлар фақат ҳокимнинггина йиллик ҳисоботини эшитган бўлса, ҳозир маҳаллий даражадаги 60 дан ортиқ органларнинг 120 га яқин масалалардаги ҳисобот ва ахборотлари депутатлар томонидан тингланмоқда.

    Авваллари у ёки бу масала бўйича идораларнинг ҳисобот (ахборот)ларини фақат бир йилда бир эшитиш белгиланарди. Ҳозир эса ҳар ой, ҳар чорак, ҳар ярим йилда эшитиш каби даврий ҳисобот эшитишга оид ваколатлар каррасига ошди.

    2017 йилгача прокурор ёки ички ишлар органлари раҳбарларининг маҳаллий Кенгашларга ҳисобот бериши тугул, ҳатто унинг мажлис ишида қатнашишини тасаввур қилиб бўлмасди. Бу масала муҳимлигидан, давлатимиз раҳбари 2016 йил декабрда Президентлик лавозимига сайланган кунидан 2 кун ўтиб, ўз маърузаларида “Ҳозирги кунда Олий Мажлисимиз Сенати томонидан ҳар йили Бош прокуратуранинг ҳисоботи эшитилади. Бу албатта муҳим, лекин жойлардаги, масалан, узоқ Олот туманида маҳаллий ҳокимликлар, прокуратура ва ички ишлар бўлимларининг ҳисоботини ким эшитади?” деб алоҳида таъкидлаган эди.

    Мазкур маърузадан келиб чиқиб, бугунги кунда ушбу раҳбарларнинг маҳаллий Кенгашга ҳисобдорлиги белгилаб қўйилди. Ички ишлар тизимининг энг юқори мансабдор шахсидан тортиб, маҳалладаги инспекторгача халқ вакиллари олдида ҳисобдорлиги таъминланди.

    Янгиланган Конституция қоидаларини тўлақонли рўёбга чиқариш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятидаги мураккабликларни бартараф этиш, қонунчиликнинг тизимлилигини таъминлаш мақсадида 2024 йил 2 февралда Президентимизнинг “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

    Мазкур фармон билан жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда маҳаллий вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида 33 та функция ва ваколат маҳаллий Кенгашларга ўтказилди. Жумладан:

    — таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари билан келишган ҳолда тегишли ҳудудда давлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш, тугатиш;

    — атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манба ҳисобланадиган ишлаб чиқариш ва истеъмол чиқиндиларини сақлаш полигонларининг жойини давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси мавжуд бўлганда, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда белгилаш;

    — шаҳар йўловчилар транспортида йўловчилар ва багаж ташиш ҳақини тўлашнинг йўл қўйиладиган доирадаги тарифларини белгилаш;

    — ҳовли, уй атрофи ҳудудларини сақлаш ва турар жойлардан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш ҳамда бошқа функция ва ваколатлар назарда тутилди.

    Шунингдек, маҳаллий Кенгашларнинг давлат органлари ҳисобот (ахборот)ларини эшитишга доир айрим ваколат ва функциялари 10 тага бирлаштирилган ҳолда тизимлаштирилди. Шу сабабли, фармон билан Кенгашларнинг қатор ваколатлари қайта кўриб чиқилиб, улар соҳалар бўйича тизимлаштирилди.

    Янги таҳрирдаги Конституция талабларидан келиб чиқиб, маҳаллий Кенгашлар зиммасига вазифа ва функциялар фақатгина қонун ҳужжатлари билан юклатилиши, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан маҳаллий Кенгашлар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига берилган маҳаллий Кенгашларнинг қонунда белгиланган ваколатларига хос бўлмаган вазифалар ижроси бўйича маҳаллий давлат ижроия ҳокимияти органлари масъул ҳисобланиши қатъий мустаҳкамланди.

    Фармон билан шунингдек, Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси ҳам белгилаб қўйилди.

    Аҳоли муаммолари ва маҳаллий Кенгашлар фаолияти

    Маҳаллий Кенгашлар иши бир қарашда сезилмаётгандек туюлиши мумкин, лекин мамлакатимизнинг бирор-бир ҳудуди йўқки, у ҳатто чекка қишлоқлардаги аҳоли бўлсин, маҳаллий кенгаш таъсири бўлмаган бўлса.

    Гап кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари, турли ижтимоий дафтарларга кирган юртдошларимиз ҳақида бормоқда. Адолат, очиқлик, халқ иштирокини таъминлаш мақсадида ижтимоий рўйхатларга кирадиган ҳар бир оила, аёл, ёш бўладими, барча-барчаси ўша ҳудуддаги маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан очиқ ўрганилиб, Кенгашда муҳокама қилиниб, кимки ҳақиқатда муҳтож бўладиган бўлса, айнан шуларга ёрдам кўрсатиладиган тизим яратилди.

    2019 йилдан бошлаб бюджет маблағларини тақсимлашда фуқаролар иштирокининг туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 10 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтиришни назарда тутадиган механизм жорий этилди. Мамлакатимизда кенг оммалашиб бораётган мазкур “Очиқ бюджет” жараёнларини ҳам маҳаллий Кенгаш иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Зеро, айнан маҳаллий Кенгашлар туман ва шаҳар бюджетлари қўшимча маблағларининг камида 30 фоиз қисмини ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетида шаклланган қўшимча маблағларнинг 30 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтиришга тасдиқлаб бермоқда.

    Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларининг масъул ходимларидан иборат Жамоатчилик фикри асосида тадбирларни шакллантириш, баҳолаш, танлаб олиш ҳамда ижросини мониторинг қилиш бўйича ишчи комиссия таркиби тегишли халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига тасдиқлаш учун киритилмоқда.

    “Маҳалла еттилиги” ва Кенгаш ҳамкорлиги

    Бугунги кунга келиб, замон талаби ўзгарди, эскича ишлашни ҳозирги ҳаётнинг ўзи қабул қилмаяпти. Одамлар орасига, маҳаллага кириб бормаган идора, масъул ҳаётдан ажралиб қоляпти, десак муболаға бўлмайди.

    Шу маънода, “маҳалла еттилиги”га кўмаклашиш, маҳаллаларда қабул қилинаётган қарорларнинг ҳаққонийлиги ва асослилигини таъминлаш мақсадида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари ва “маҳалла еттилиги”нинг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш мақсадида жорий йилнинг 4 апрель куни Олий Мажлис Сенати Кенгаши томонидан маҳаллалардаги муаммоларни ҳал этишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари ва “Маҳалла еттилиги”нинг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш схемаси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари ва “Маҳалла еттилиги”нинг ўзаро ҳамкорлик йўналишлари тасдиқланди.

    Бу ҳамкорликни бир сўз билан тушунтирганда, маъноси шундаки, аҳоли муаммоларини ҳал қилишнинг “маҳалла — туман маҳаллий кенгаши — вилоят маҳаллий кенгаши — Сенат” узлуксиз тизими яратилди.

    Маҳаллий ижро ҳокимиятининг халқ вакилларига боғлиқлиги кучайди. Бундан етти йил аввал маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ҳудудда бирор ижтимоий-иқтисодий тадбирни ўтказмоқчи бўлса, бундан ҳар доим ҳам маҳаллий Кенгаш хабардор бўлмаган. Бугунги кунда маҳаллий ижроия органларининг иши халқ вакилларисиз битмайди. Бу адолатли ҳақиқат бўлиб, бирор-бир йирик тадбир ўтказилмоқчи бўлса, халқ вакиллари уни молиялаштириш манбалари бўйича ўз қарорларини қабул қилиши лозим бўлади.

    Сессиялар тиғизлиги

    2017 йилгача маҳаллий Кенгаш сессияси бир йилда 4 мартагина ўтказилган. Ҳозирги кунга келиб, халқ вакиллари иштирокисиз ҳудудда бирор-бир муҳим қарор қабул қилинмайди. Бунинг исботини биз маҳаллий Кенгашларнинг мажлислари аввалгидек бир йилда 4 марта эмас, балки ҳар ойда 1-2 мартадан ўтказилишидан яққол билиб олишимиз мумкин. Ҳар ойда бўладиган сессия кун тартибида камида ўнта масала бўлиши фикримизнинг яққол исботидир.

    Қарорларнинг очиқлиги: авваллари маҳаллий Кенгашнинг қарорини ҳеч қаерда кўрмас эдик. 2021 йил 1 июлдан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини қабул қилиш (чиқариш)га кетадиган ортиқча муддатларни қисқартириш, уларни ишлаб чиқишда инсон омили ва аралашувини камайтириш, шунингдек, қарорлар билан аҳолини доимий равишда таништириб бориш мақсадида Кенгаш қарорлари “E-qaror” электрон тизими орқали амалга ошириладиган бўлди.

    “E-qaror” электрон тизимини четлаб ўтган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тегишли қарорларини қабул қилиш (чиқариш)га йўл қўйилмаслиги, бундай ҳужжатлар юридик кучга эга эмаслиги ҳамда у қабул қилинган пайтдан эътиборан ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармаслиги белгилаб қўйилди. Бу том маънода, инқилобий, тарихий қарор бўлди. Очиқлик, ошкоралик, шаффофлик, аҳоли учун қулайлик тамо йилларига тўла мос келиб, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлашда сезиларли иш бўлди.

    Бундан ташқари, вакиллик органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, маҳаллий Кенгаш депутатлари билан фуқаролар ўртасида электрон мулоқот майдонини яратиш мақсадида 2022 йил 20 сентябрда Олий Мажлис Сенати Кенгашининг “Халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятига “Рақамли халқ депутатлари Кенгаши” комплекс ахборот тизимини татбиқ этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда “kengash.gov.uz” платформаси ишлаб чиқилиб, барча маҳаллий вакиллик органлари фаолиятига жорий этилди. Бугунги кунда маҳаллий Кенгашларга оид барча ахборотни ушбу платформадан олиш имконияти яратилган.

    Кенгашлардаги шарт-шароит

    2020 йилгача маҳаллий Кенгашларнинг на бир хонаси, на бирор-бир доимий ишлайдиган кадри бўлмаган. Жойларда маҳаллий ижро ҳокимияти ташкилий- кадрлар бўлимининг битта мутахассиси сессия бўлаётган вақтларда кўмаклашиб турган холос. 2020 йил 14 сентябрда қабул қилинган қонун билан маҳаллий Кенгашларда доимий асосда фаолият юритувчи котибиятлар ташкил этилди. Ҳозирга келиб республикамиздаги 221 та маҳаллий Кенгашда 700 га яқин ходим фаолият юритмоқда.

    Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан маҳаллий Кенгашлар биноларига ва уларни моддий-техник жиҳатдан жиҳозлашга доир минимал талабларни ишлаб чиқиш, 2024 йил 1 октябрга қадар халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари, 2025 йил 1 декабрга қадар халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари учун белгиланган минимал талабларни инобатга олган ҳолда бино (ишчи хоналар) билан таъминлаш ва жиҳозлаш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси қўйилди.

    Маҳаллий Кенгашларга кўмаклашиш мақсадида Олий Мажлис Сенати девонида Ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш маркази ташкил этилди. Ушбу марказнинг вазифалари сифатида маҳаллий Кенгашлар фаолиятини замонавий талабларга мувофиқ ташкил этишга ҳуқуқий, услубий ёрдам бериш, маҳаллий Кенгашлар фаолиятидаги муаммоларни ўрганиш ва илмий-услубий тавсиялар ишлаб чиқиш, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг малака оширишини таъминлаш, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари бўйича хабардор қилиб бориш ва улар учун мунтазам равишда ўқувлар ташкил этиш, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини рақамлаштиришга кўмаклашиш кабилар белгиланди.

    Хулоса қилиб айтганда, маҳаллий Кенгашлар бундан етти йил аввалгиларидан мутлақо фарқ қилади. Бугунги маҳаллий Кенгаш депутатлари ўз округидаги муаммоларни аниқ билади ҳамда уни ҳал қилиш учун “Маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда зарур чораларни кўрмоқда.

    Албатта, янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқни рози қилиш, оғирини енгил қилишда маҳаллий Кенгаш депутатлари олдида улкан вазифалар, ўз ечимини кутиб турган масалалар турибди. Бунинг учун шиддат билан ўзгараётган ҳозирги замонда кузатувчи эмас, балки фидойи, ватанпарвар, билимли, масъулиятли халқ вакиллари сафи янада кенгайиши талаб этилади, агар ҳар бир депутат ўз ҳудудидаги камида битта муаммони ҳал қилса, мамлакат бўйлаб камида олти мингга яқин муаммо ҳал бўлади.

    Сакина САИДҒОЗИЕВА,

    Жамоат хавфсизлиги университети мустақил изланувчиси

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates