Ҳозирги вақтда дунёдаги мураккаб ва ноаниқ вазият, жаҳон иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашуви шароитида Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсиш суръатларини сақлаб қоляпти. 2025 йилга мўлжалланган прогнозга кўра, иқтисодий ўсиш суръати 6,0 фоизни ташкил этади.
2026-2027 йилларда эса иқтисодий ўсиш суръатлари мос равишда 6,1 ва 6,3 фоизгача ошиши кутиляпти.
Келгуси йилда иқтисодий фаолликнинг ошиши ҳисобига бюджетга солиқ ва солиқдан ташқари тушумларни ошириш орқали Давлат бюджети даромадлари 308,5 триллион сўм миқдорида прогноз қилиняпти.
2025 йилги Давлат бюджети харажатлари 344,8 триллион сўм миқдорида режалаштирилган бўлиб, 52 фоизи ёки 177,7 триллион сўми ижтимоий харажатларни молиялаштиришга йўналтирилади.
Шунингдек, Давлат бюджети ҳисобидан қишлоқ хўжалигига 3,3 триллион сўм, сув хўжалигига 10,7 триллион сўм ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга 3,6 триллион сўм ажратилиши режалаштирилган.
Фискал барқарорликни таъминлаш мақсадида бюджет тақчиллигини камайтириш ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган фискал сиёсатнинг бош мақсадларидан бири бўлиб қоляпти.
Мажлисда ушбу Қонун юзасидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакилларининг ахбороти эшитилди ҳамда сенаторлар, экспертлар ва маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялари томонидан қизғин муҳокама этилиб, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Муҳокама якуни бўйича Сенат қўмиталарининг тегишли қарорлари қабул қилинди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.