Мактаб ўқитувчиларининг маошини 7,2 миллион сўмга етказиш мумкин бўларди, агарки...

    2022 йилда норасмий секторда банд бўлган ишчилар ҳисобига давлат бюджетига солиқ кўринишида 32,9 триллион сўм маблағ тушмаган.

    Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари Ўзбекистонда норасмий бандлик ҳолатини таҳлил қилди.

    Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълумотларига кўра, 2022 йилда жами иқтисодий фаол аҳоли 14,98 миллион кишини ташкил қилган. Уларнинг жами 13,7 миллион нафари иш билан банд бўлган. Расмий секторда банд бўлганлар сони 6,5 миллион (47 фоиз) нафарни ташкил қилган.

    Иқтисодий фаол аҳоли иқтисодиётда банд бўлганлар ва ишсизларни ўз ичига олади. Бунга талабалар, бола парвариши билан декрет таътилига чиққанлар ва ўз хоҳишига кўра ишламайдиганлар кирмайди.

    Иқтисодий фаолият турлари бўйича жами норасмий секторда банд бўлганларнинг энг катта улуши, яъни 34 фоизи қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжаликларида меҳнат қилади. Худди шу кўрсаткич савдо ва қурилишда 14 фоиз, саноатда 11 фоизни ташкил этади.

    Норасмий бандлар бу юридик шахс мақомига эга бўлмаган корхоналарда ишлайдиган ишчилардир. Ушбу тоифага меҳнат муносабатларини рўйхатдан ўтказмасдан ишлайдиган ҳуфёна сектор вакилларидан ташқари, рўйхатдан ўтмаган якка тартибдаги тадбиркорлар, ўзини-ўзи банд қилганлар ва уларнинг ишчилари киради.

    Таъкидлаш лозимки, норасмий секторнинг катталиги ҳукуматларга иқтисодий сиёсатни самарали амалга ошириш ва иқтисодиётни тартибга солишда қийинчилик туғдиради.

    Норасмий секторда банд бўлганлар соҳалар кесимида расмий секторда банд бўлганлар билан бир хил миқдорда иш ҳақи олади, деб фараз қилинса, 2022 йилнинг ўзида 9 миллиондан ортиқ киши норасмий секторда банд бўлгани ҳисобига давлат бюджетига солиқ кўринишида 32,9 триллион сўм маблағ тушмаган.

    Бюджет маблағларининг ярмидан кўпи ижтимоий соҳага йўналтирилиши инобатга олинса, бу маблағ ҳисобига:

    - 500 ўқувчи ўрнига эга 4 100 та умумтаълим мактаби қуриш ёки барча ҳудудлардаги таълим олувчиларни сифатли таълим билан қамраб олиш учун мавжуд 10 522 та умумтаълим мактабининг моддий-техник базасини замонавий ўқув анжомлари билан таъминлаш ёки

    - 3 737 та амбулатор тиббий муассаса қуриш ёки

    - соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббиёт ходимларининг ойлик маошини 7,8 миллион сўмга етказиш ёки

    - умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг маошини 7,2 миллион сўмга етказиш мумкин бўларди.

    Яъни, тегишли солиқларни тўламасдан бироз кўпроқ даромад олиш орқали "ютиш" бевосита бошқа ижтимоий хизматлардан фойдаланишда "ютқазиш"га олиб келмоқда.

    Таъкидлаш жоизки, охирги йилларда норасмий бандликни камайтириш бўйича кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда норасмий секторда банд бўлганлар сони маълум даражада камайган. Норасмий бандлар улуши 2020 йилда 43 фоиздан 2022 йилда 40 фоизга камайган.

    Бундан ташқари, Президентимизнинг 2022 йил 30 августдаги “Норасмий бандлик улушини қисқартириш ҳамда меҳнат ресурслари балансини замонавий ёндашувлар асосида шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида норасмий бандликни камайтириш бўйича таъсирчан янги механизмларни жорий қилиш, шунингдек, ўзини-ўзи банд қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, солиқ соҳасида қулайликлар яратиш, тадбиркорликни рақамлаштириш ва ривожлантириш орқали қўшимча иш ўринларини ташкил қилиш кўзда тутилган.

    Тегишли равишда, ижтимоий соҳадаги муаммоларни ҳал қилишда норасмий иқтисодиётни расмийлаштириш ва расмий бизнеснинг ўсишини қўллаб-қувватлаш чораларини изчил давом эттириш муҳим аҳамият касб этади. Бунда Германиянинг mini jobs, Бельгиянинг service voucher ташаббусларига ўхшаган самарали ва ҳудудий ўзига хос жиҳатларни инобатга олган инновацион механизмларни жорий этиш, айниқса муҳим.

    Энг муҳими, ҳар биримизнинг расмий фаолият юритиш борасидаги қароримиз ўзимизга ва жамиятга юқоридаги каби қатор афзалликлар беришини, ҳаётимизнинг сифат жиҳатдан яхшиланишига ҳисса қўшишини ёдда тутишимиз лозим.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates