Мактаб ошхонаси қандай бўлиши керак: хориж амалиёти

    Бугун мактаблардаги ошхоналарнинг фаолияти тўғри овқатланиш талабларига етарли даражада жавоб бермайди. Айрим мактаб ошхоналарида газли ичимликлар, ёғли ёки тезпишар егуликлар, турли ширинликларни сотиш ҳолатлари мавжуд.

    2022 йил ҳолатига кўра, юртимиздаги 10130 та мактабнинг 4019 тасида ошхона бор. 2500 тасида эса вақтинчалик буфет фаолият кўрсатмоқда. 3611 та мактабда ҳатто буфет ҳам ташкил этилмаган. Натижада ўқувчиларда тўғри овқатланиш рационига амал қилмаслик, овқатдан заҳарланиш, вазн ортиши каби нохуш ҳолатлар келиб чиқмоқда.

    Ваҳоланки, таълим муассасаларидаги ошхоналар фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 майдаги 132-сонли қарори билан тасдиқланган Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш тартиби тўғрисида низом асосида ташкил қилинади.

    Умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал таълим муассасаларида ўқувчилар овқатланишини ташкил этишнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2021 йил 22 июлда 32-сон билан ҳисобга олинган) асосида мактаб ошхоналарига нисбатан умумий талаблар белгиланган.

    Бунга мактаб ошхоналарида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар ва ошпазларнинг мазкур талаблардан етарли даражада хабардор эмаслиги ҳамда мактаб маъмуриятининг ошхоналар фаолиятини назорат қилишдаги камчиликлари сабаб бўлмоқда.

    Болалар ва ёшларнинг ривожланиши ҳамда ўсиши озиқ-овқат ва озуқа моддаларнинг тўғри мувозанатини талаб қилади. Тўғри овқатланиш болалар ва ёшларда турли касалликлар юзага келишининг олдини олади, шунингдек, уларда умр давомида тўғри овқатланиш одатларини шакллантириб боради. Шу сабабли хорижий давлатларда мактаб таълимидан бошлаб тўғри овқатланиш рационини шакллантириш механизмлари йўлга қўйилган.

    Жумладан, Австралияда мактаблар ошхоналарида озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича назоратчи фаолият юритади. Назоратчи ўз фаолиятини амалга ошириш учун махсус тренингда ўқиган ва сертификатга эга бўлиши лозим. Унинг вазифалари мактаб ошхоналарининг озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича қонуний талабларга риоя қилинишини назорат қилиш, мактаб ўқувчилари ва ходимларга озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича маълумотлар бериш кабилардан иборат. Мактаб маъмурияти мактабда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича назоратчи фаолияти ташкил қилингани ҳақида тегишли органни хабардор қилиши лозим.

    Финландия мактабда болаларни бепул овқат билан таъминлаган дунёдаги биринчи давлат ҳисобланади. 1948 йилдан мактабларда бепул овқатланиш тизими йўлга қўйилган. 1960-йилларнинг бошига қадар мактаб таомлари асосан шўрва, бўтқадан иборат бўлган. 1960-йиллардан бошлаб мактаб овқатларининг тури кўпайган.

    Финландияда махсус кенгаш мавжуд бўлиб, у мактаблар учун овқатланиш қоидаларини белгилайди. Мазкур давлатда мактабдаги егуликларни кузатиш ва баҳолаш учун маҳаллий ҳокимликлар масъул.

    Мактаб ошхонаси ўқувчиларни шошилмасдан овқатланишга ундайди. Овқатланиш вақтида ўқувчиларнинг ўзаро муносабатини яхшилашига эътибор қаратилади. Озиқ-овқатнинг таъми ва ҳароратига ҳам алоҳида аҳамият берилади. Мактаб ошхонасида таомномадагидан ташқари маҳсулотларни сотиш тақиқланади.

    Мактабларда тўғри овқатланиш тизимини йўлга қўйиш мақсадида Шотландияда 2007 йилда “Мактабларда саломатликни мустаҳкамлаш ва овқатланиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. У мактабдаги тушликлар, озиқ-овқатлар ҳамда ичимликлар учун стандартларни белгилайди. Бундан ташқари, мактабларда сотилиши тақиқланган маҳсулотлар ва ичимликлар рўйхати тасдиқланган. Тақиқланган маҳсулотлар рўйхатига қандолат маҳсулотлари, шоколад ва шоколад маҳсулотлари, шоколад билан қопланган маҳсулотлар, ширинликлар, шу жумладан, шакарсиз ширинликлар (масалан, сақич/желатин, қизилмия, ялпиз ва бошқа ширинликлар, лолипоплар, фуж, таблетка, тофе, шарбат, зефир), шоколад, йогурт ёки шакар билан қопланган қуритилган мева ва ёнғоқлар, қайта ишланган мевали ширинликлар, қовурилган овқатлар, ишлаб чиқариш жараёнида кўп қовурилган маҳсулотлар (чипс, қизариб пишган колбаса, қовурилган гамбургер ва шу кабилар), ёғли, ёғга тўйинган, натрий ва шакар миқдори белгиланган меъёрлардан юқори бўлган ва 25 г.дан ортиқ ўрамдаги егуликлар киради. Ўқувчиларга қўшимча тарзда туз берилмаслиги керак.

    Шунингдек, яхни ичимликлар, шакарсиз яхна ичимликлар, шакар қўшилган мева шарбати, ширинлаштирилган ёки тузланган сабзавот шарбати, кўнгилочар ичимликлар, спорт ичимликлари тақиқланган ичимликлар рўйхатига киритилган.

    Давлат ва грант асосидаги мактаблар раҳбариятига мактабларда тақдим этилган озиқ-овқат ва ичимликлар белгиланган талабларга мувофиқлигини таъминлаш мажбурияти юкланган. Мактабларда ошхона ташкил қилиш истагида бўлган тадбиркорлар ҳам мазкур талабларга риоя қилиши шарт.

    Шунга ўхшаш тўғри овқатланиш тартиби бошқа Европа ва Осиё давлатлари, АҚШ мактабларида ҳам ташкил қилинган. Жумладан, Италиянинг мактаб таомида одатда гўштли макарон, сабзавот ва мева, Швецияда асосий таом ва салат учун сабзавотлар мавжуд. Жанубий Кореяда ўқувчилар гуруч, шўрва, кимчи, мева ва йогуртли ичимлик истеъмол қилади.

    АҚШда миллий мактаб тушлик дастури ёрдамида мактабларда бепул овқатланиш ташкил этилган. Масалан, дастур орқали 2016 йилда 13,6 млрд долларга 30,4 млн.дан ортиқ бола арзонлаштирилган ёки бепул тушлик билан таъминланган.

    Япония мактабининг одатий тушлик таоми гуруч, асосий таом (гўшт, балиқ ёки тофу), сабзавотли таом, сут ва мевадан иборат. Таомнома боланинг кундалик фаолияти учун етарли бўлган 600-700 калорияни таъминлаш учун эҳтиёткорлик билан мувозанатланган.

    Японияда биринчи мактаб тушлик дастури 1923 йилда бошланган бўлиб, у асосан қашшоқ яшовчи ва тўйиб овқатланмасликдан азият чекаётган болаларнинг фаровонлигига қаратилган. Дастур 1954 йилдан бошлаб Япониядаги барча мактабларда жорий қилинган. Мактаб тушлиги тўғрисидаги қонун қатор асосий мақсадларни кўзда тутади.

    Болаларда тўғри овқатланиш кўникмасини шакллантириш, мактабда жамоавий муносабатларни мустаҳкамлаш, тўғри овқатланишни таъминлаш орқали болалар саломатлигини яхшилаш, болаларга тўғри овқатланишни ўргатиш шулар жумласидан.

    Эстонияда давлат ҳар бир таом учун 1 евро миқдорида субсидия беради. Қолган харажат маҳаллий ҳокимликлар ёки боланинг васийлари ёхуд ҳар иккаласи томонидан қопланади. Польшада ҳам бошланғич мактаб ошхоналари қисман субсидияланади. Жумладан, ота-оналар овқат учун пул тўлайди. Маҳаллий ҳокимликлар ошхонанинг бошқа барча харажатини қоплайди (масалан, ошпазларга иш ҳақи тўлаш ва жиҳозлаш).

    Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда мактаб ошхоналарини ривожлантириш учун қуйидаги таклифлар билдирилади:

    биринчидан, мамлакатимиздаги мактаблар ошхонасида озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича назоратчи фаолиятини йўлга қўйиш;

    иккинчидан, мамлакат миқёсида мактабларда бепул овқатланиш тизимини йўлга қўйишнинг ижтимоий-иқтисодий асосларини таҳлил қилиш;

    учинчидан, мактаб ошхоналари фаолиятини қисман субсидиялаш амалиётини жорий этиш.

    Адиба САФАРОВА,

    Адлия вазирлиги ҳузуридаги

    Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates