Малакали геологлар тайёрлаш

    Иқтисодиёт барқарорлиги ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим вазифа.

    Дунё тараққиёти тарихи, шу жумладан, ижтимоий давлатчилик пайдо бўлганидан бошлаб ҳозирги ривожланиш йўлига қадар назар ташласак, барча даврларда мамлакатларнинг куч-қудратини белгиловчи асосий омиллар мавжудлигини кўрамиз. Масалан, замонавий давлатчиликнинг илк палласида муайян мамлакатнинг ривожланиш истиқболи унумдор тупроғи, суви, қўшинининг хавфсизликни таъминлай олиш салоҳиятига боғлиқ бўлган. Кейинчалик дунё саноатлаша бошлагач, олтин, кумуш, нефть каби табиий бойлик захиралари бу борада ҳал қилувчи омилга айланган.

    Бугунги кунга келиб, юксак тараққиётга эришишда бу омилларга қўшимча равишда мамлакатнинг қулай географик жойлашуви, самарали бошқарув тизими каби қатор жиҳатлар ҳам жуда муҳим. Лекин гап энг бирламчи ва муҳим омил ҳақида борар экан, инсон капитали масаласини асло ёддан чиқариб бўлмайди. Чунки нефть ўрнини муқобил энергетика эгаллаётган, тежамкорлик ва илм-фан ютуқлари ҳисобига қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлиги каррасига ошаётган бир шароитда глобал дунёнинг бугунги кундаги асосий ривожланиш тенденцияси айнан билимли ёшлар, рақобатбардош кадрларга бевосита боғлиқ бўлиб қолмоқда.

    Президентимиз ташаббуси билан 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берилишида ҳам жуда катта маъно-мантиқ, улкан мақсадлар, ўз навбатида, залварли вазифалар мужассам. Зеро, кейинги беш йилликдаги тараққиёт йўлимизни белгилаб берувчи энг муҳим ҳужжат — 2022– 2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида ҳам айни жиҳатга алоҳида эътибор қаратилган. Инсон капиталини ривожлантириш еттита муҳим йўналишдан бири сифатида белгиланган.

    Кейинги беш йилликда мамлакатимизда халқаро таълим дастурлари асосида мактаб, ўрта махсус ва олий таълим тизими тубдан ислоҳ қилинади. Хусусан, 2023 йилда илм-фан ва инновациялар учун 1,8 триллион сўм ажратилади. Сув ва энергетика ресурсларини тежаш, тупроқ унумдорлиги, геология, саноат, қурилиш каби соҳаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Таълим тизими янги босқичга кўтарилиб, боғчадан бошлаб олий таълимгача бўлган барча бўғинда қамров ва сифат кескин оширилади. Малакали кадрлар тайёрлаш тизими замон талабларига мослашади.

    Биргина геология соҳасини олайлик. Мамлакатимиз ҳукумати замонавий дунёда саноатни ривожлантиришнинг экспорт-хомашё модели босқичма-босқич ўз салоҳиятини йўқотаётганини тушунди. Бундай шароитда хомашё ресурсларини янада чуқур қайта ишлаш ва ресурсларни тежаш масалалари билан шуғулланиш муҳим. Ушбу талабга зид равишда қазиб олиш ва қайта ишлаш саноати, умуман, геологияда машина ва ускуналарнинг юқори даражада эскириши муаммоси мавжуд. Бу эса меҳнат унумдорлигига таъсир қилди.

    Шунингдек, тармоқлараро ҳамкорликнинг паст даражаси, ташқи бозорга чиқишнинг юқори харажати, логистика инфратузилмасининг ривожланмагани ҳам турли қийинчиликлар пайдо қилди.

    Ҳукуматимиз 2017–2022 йилларда мазкур муаммоларни босқичма-босқич бартараф этиш мақсадида Миллий саноатни ривожлантириш концепцияси асосида саноат тармоқларини ривожлантириш дастурларини ҳаётга татбиқ қила бошлади. Концепцияда мамлакатнинг ресурс-хомашё салоҳиятини, тоғ-кон ишларига ресурстежамкор технологияларни кенгроқ жалб этиш, мис рудаси, кўмир, нефть ва газ каби энергия ресурсларини, шунингдек, олтин, уран ва нодир металларни комплекс ажратиб олиш ва қайта ишлаш назарда тутилган эди.

    Стратегик тармоқларни ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатлар ягона мақсадга йўналтирилгани сезиларли натижалар берди. 2016–2020 йилларда саноат ялпи қўшилган қийматининг ўртача йиллик ўсиш суръати 105,4 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, мамлакат ялпи ички маҳсулотида саноатнинг улуши 19,5 фоиздан 27,4 фоизга, қурилиш улуши 5,6 фоиздан 6,7 фоизга ўсди. Ушбу даврда ишлаб чиқариш кўрсаткичи 33 фоиздан, қайта ишлаш саноатида эса 43 фоиздан ошди. Энг юқори ўсишга енгил автомобиль (2,7 баробар) ва қурилиш материаллари (45,7 фоиз) ишлаб чиқаришга эришилди.

    Экспортни рағбатлантириш, тайёр маҳсулотлар номенклатураси ва ассортиментини кенгайтиришга жиддий эътибор қаратилди. Бу саноат маҳсулотлари экспортини (олтин экспортидан ташқари) 2017 йилдагига нисбатан қарийб 65 фоиз ошириш имконини берди. Ўсишнинг асосий драйверлари тўқимачилик (41,5 фоиз) ва кимё саноати (11,4 фоиз), металлургия (24,4 фоиз), машинасозлик (9 фоиз) бўлди.

    Президентимиз алоҳида таъкидлаганидек, кенг кўламли ва самарали ислоҳотлар натижасида мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 2022 йилда биринчи маротаба 80 миллиард доллардан ошди. Иқтисодиётимизга 8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилиб, экспорт ҳажми 19 миллиард долларга етди.

    Президентимизнинг 2020 йил 8 июндаги “Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимида Геология фанлари университети фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан биринчи маротаба Геология фанлари университетининг янги кампуси негизида таълим, фан ва амалиёт интеграцияси орқали геологларни тайёрлаш тизими йўлга қўйилган эди. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 2 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимидаги Геология фанлари университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан эса Геология фанлари университети геология соҳасида таълим, илм-фан ва амалиёт интеграциясини таъминловчи илмий кластер ҳамда малакали кадрлар тайёрлаш ва илмий тадқиқот ишларини мувофиқлаштириш бўйича мамлакатимиздаги таянч олий таълим муассасаси этиб белгиланди.

    Бугунги кунда юртимиз геологлари, муҳандис ва олимлари олдида кадрлар тайёрлашнинг сифатли тизимини яратиш орқали энергия ва сув муаммоларини ҳал қилиш, ҳозирги глобал ўзгарувчан дунёда мамлакат иқтисодиёти ва саноатини янада ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегиясини шакллантириш орқали Ўзбекистон табиий бойликларини диверсификация қилиш каби муҳим вазифалар турибди. Геология фанлари университетига эса бу мураккаб геологик вазифаларни ҳал қилишга қодир замонавий, юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш вазифаси юклатилган.

    Университетимиз дуал таълим, ўрта профессионал геологик таълим, олий профессионал таълим ва аспирантура таълими — докторлик тадқиқотларини назорат қилади. Айнан шу жиҳатлар амалий кўникмаларга эга юқори малакали кадрларни тайёрлаш имконини беради.

    Бугун мамлакатимиз геологлари учун қатор асосий долзарб йўналишлар белгиланмоқда. Малакали кадрларсиз уларни ривожлантириб бўлмайди. Биринчи йўналиш — электротехника соҳасини ривожлантириш. Охирги 5 йилда электротехника саноатида ишлаб чиқариш кўрсаткичи 4,5 баробар ошиб, 4 триллион сўмдан 17 триллион сўмга етди. Ўз навбатида, экспорт ҳажми ҳам 5 баробар кўпайиб, 117 миллион доллардан 563 миллион долларга етказилди.

    Мамлакатимиз импорт қилинадиган электротехника маҳсулотларини сотиб олишга катта миқдорда маблағ сарфлайди. Ваҳоланки, уларни ишлаб чиқариш учун Ўзбекистонда барча зарур шароит мавжуд. Шундан келиб чиқиб, бугун ушбу йўналишда нафақат ички бозор эҳтиёжини таъминлаш, балки дунё бозорида ўрнимизни эгаллаш учун йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мақсад — юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни икки баробар ошириш ҳамда экспортни янада кўпайтириш.

    Ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар айни пайтга келиб илк натижаларини бера бошлагани қувонарли ҳол, албатта. Хусусан, экспорт қилинаётган маҳсулотлар тури 200 тага етди. Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидаги 11 та корхона биринчи марта ташқи бозорга маҳсулот чиқарди.

    Иккинчи йўналиш — энергетика саноатини ривожлантириш. Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотидаги ўсиш электр энергияси истеъмолининг ошишига сабаб бўлади. Бундай шароитда муқобил энергиядан фойдаланиш кўламини кенгайтириш иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ. Чунки бу органик ёқилғидан фойдаланган ҳолда олинадиган анъанавий энергияга нисбатан рақобатбардошдир. Уран қазиб олиш мамлакатимиз тоғ-кон саноатининг муҳим тармоғи.

    Президентимизнинг 2022 йил 14 июлдаги “2022-2030 йилларда “Навоийуран” давлат корхонасида уранни қазиб олиш, қайта ишлаш ҳажмларини ошириш ҳамда уни трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан уран қазиб олишни 2030 йилга қадар икки баробар, яъни 3,5 минг тоннадан 7,1 минг тоннагача ошириш белгиланган. Давлатимиз раҳбари 2023 йил 11 январда ўтказилган йиғилишда кўмир ва уран қазиб олишни кенгайтиришга доир лойиҳалар тақдимоти билан танишиш чоғида кўмир қазиб чиқариш ҳажмини ошириш билан бир қаторда, ушбу мақсадларга эришишга ҳам алоҳида эътибор қаратди.

    Бугунги кунда геологлар олдида, биринчи навбатда, нефть ва газ захирасини кўпайтириш вазифаси турибди. Геология фанлари университети қаттиқ фойдали қазилмалар бўйича геолог мутахассисларни тайёрлаш билан бирга, нефть ва газ конлари геологияси бўйича ҳам мутахассисларни тайёрлаш мақсадида нефть ва газ факультети фаолияти йўлга қўйилди.

    Учинчи йўналиш — мис кластери, алюминий ишлаб чиқариш ва қора металлургияни ривожлантириш. Сўнгги 5 йилда мамлакатимизда мис ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 1,5 баробар ошиб, 2020 йилда 148 минг тоннага етди. Аммо юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш етарли даражада эмас. Хусусан, миснинг қарийб 60 фоизи хомашё сифатида экспорт қилинади.

    Халқаро экспертлар фикрича, 2030 йилга бориб, электр транспорт воситалари ишлаб чиқариш, электротехника ва қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш ҳисобига мисга глобал талаб 40 фоиз ўсиши кутилмоқда.

    Ҳозир Ўзбекистонда мис саноатидан тушган даромад 2,5 миллиард долларни ташкил этади. Кейинги йилларда мис ишлаб чиқариш ҳажми 5 минг тоннага ошиши билан бу кўрсаткич тегишли тармоқларни ҳисобга олган ҳолда 7-8 миллиард долларга етиши мумкин. Шу мақсадда 2021 йил 24 июнда Президентимизнинг “Кон-металлургия саноати ва унга боғлиқ соҳаларни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорда “хомашёдан тайёр маҳсулотгача” кўп даражали қиймат занжирларини яратишга қаратилган мис маҳсулотлари ва турдош тармоқларда юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича илмий-технологик кластерни ривожлантириш белгиланган.

    Президентимиз Оҳангарон мис кластерини бошқариш тизимини такомиллаштириш, хорижий бошқарувни йўлга қўйиш, чуқур қайта ишлаш лойиҳалари ва инновацияларни амалга ошириш муҳимлигини бир неча бор таъкидлаган. Шу ўринда мамлакат геологлари, биринчи навбатда, Геология фанлари университети битирувчилари зиммасида келгусида мис-порфир типидаги янги чуқур конларни, мисли қумтошлар конларини очиш ҳисобига мис хомашёсини ишлаб чиқиш ва унинг салоҳиятини кўпайтириш масалаларини ҳал қилиш масъулияти турганини таъкидлаш жоиз.

    Айни пайтда Ўзбекистоннинг барча тармоғида йилига 4 миллион тонна қора металл ишлатилади. Хусусан, уй-жой қурилиши таннархида металл буюмлар учун харажатлар улуши 15 фоизни, машинасозликда эса 40 фоизни ташкил этади.

    Президентимиз навбатдаги Мурожаатномасида олдимизга катта вазифаларни қўйди. Зеро, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” Ўзбекистоннинг саноат ва илмий жиҳатдан ривожланган мамлакат ва минтақанинг етакчиси сифатида шаклланишининг янги босқичи ҳамда дунёнинг ривожланган давлатлари рўйхатига кириш йўлининг ибтидосидир.

    Шу маънода, университетимиз жамоасининг мақсади ҳам дунёдаги энг яхши геология университетлари қаторига киришдир. Унга эришиш учун қатор муҳим вазифаларни амалга оширишни мақсад қилганмиз. Ўқитиш сифати ва қамровини ошириш орқали таълим хизматини қўшни мамлакатларга экспорт қилиш, янги илмий мактабларни ривожлантириш, илмий ва инновацион ишланмаларни тижорийлаштиришни кучайтириш, ҳар хил турдаги маъданлардан юқори технологик металларни ажратиб олишнинг янги технологияларини ишлаб чиқиш, хорижлик ўқитувчиларни жалб қилган ҳолда ўқув жараёнини такомиллаштириш ҳамда Ўзбекистон геологияси учун янги мутахассисликлар бўйича ўқув дастурларини ривожлантириш шулар жумласидан.

    Яқин келажакда университетимиз жамоаси билан ушбу режаларни биргаликда рўёбга чиқарамиз ва кўзланган мақсадларимизга эришамиз. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистон иқтисодиёти барқарорлигини таъминлаш, юртимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

    Мақсуд ИСОҚОВ,

    Геология фанлари университети ректори, геология-минералогия фанлари доктори

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates