Мамлакатимизда илк бор Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги ўтказиляпти

    Мамлакатимизда 8 ноябр 2023 1963

    Жорий йил ноябрь ойида Олий Мажлис палаталари томонидан Вазирлар Маҳкамаси ва халқаро ташкилотлар билан биргаликда мамлакатимиз тарихида илк маротаба Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлигини ўтказиш режалаштириляпти.

    Ушбу ойликни ўтказишдан мақсад – мамлакатимизни барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг ижро этилиши устидан парламент назоратини олиб бориш, бу борада ҳукуматга кўмаклашиш, аҳолининг хабардорлик даражасини ошириш, ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, шунингдек, мазкур мақсадларнинг “Ўзбекистон – 2030» Стратегияси доирасида амалга оширилиши белгиланган ислоҳотлар билан ҳамоҳанглигини таъминлашдир.

    Агар рақамларга эътибор берсак, ҳар бир миллий мақсад бўйича халқаро экспертлар иштирокида 24 та тадбирлар ташкил этилади, уларда миллий мақсадлар билан бирга БМТнинг Юқори даражадаги сиёсий ҳафталиги доирасида ўтказилган тадбирларда муҳокама этилган долзарб масалалар кўриб чиқилади.

    Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан 2022-йил 14 декабрда қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида«ги резолюциянинг ҳамда миллий мақсадлар доирасида олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тарғиб қилишга бағишланган брифинг ва матбуот анжуманлари ташкил этилади.

    Ойлик доирасида Тошкент шаҳрида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро ҳамкорлик бўйича II Глобал форум ҳам ўтказилади.

    Умуман олганда Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги ва II Глобал форумда хорижий мамлакатлар парламентлари, парламентлараро ташкилотлар раҳбарлари ва аъзолари, ёшлар парламентлари, давлат органлари, халқаро ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, илмий-тадқиқот муассасалари экспертлари (жами 500 нафардан ортиқ) анъанавий ва онлайн тарзда иштирок этиши кўзда тутиляпти.

    Фуқаролик жамияти институтлари томонидан миллий мақсадлар муҳокамасига бағишланган жамоатчилик эшитувлари ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

    Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлигининг ўтказилиши натижасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг таклифи асосида қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида«ги резолюциянинг, шунингдек, БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида ҳамда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида илгари сурган ташаббуслари мазмун-моҳияти дунё ҳамжамияти билан муҳокама этилади, тарғиб этилади ва шу орқали Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижи янада мустаҳкамланади.

    Шунингдек, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро ҳамкорлик бўйича Тошкент коммюникеси қабул қилинади.

    Қолаверса, мамлакатимизда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ташаббуси билан илгари сурилаётган Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кенгайтириш тўғрисида БМТ Бош Ассамблеясининг резолюцияси лойиҳаси ишлаб чиқилиб, БМТга юбориш режалаштириляпти.

    Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, мазкур тадбирлар ва унинг доирасида ишлаб чиқиладиган ҳужжатлар мамлакатимизнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари рейтингидаги ўрнининг янада яхшиланишига хизмат қилади, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates