Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ТМК) ана шундай ёндашув асосида мамлакат тарихида илк бор Технологик металлар олий мактабини ташкил этди. Бугунги кунда муҳандислик энди фақат формулалар эмас, балки дунёни ўзгартириш воситаси. Геология фақат қазиш эмас, балки стратегик фикрлаш санъати. Илм эса қоғозда эмас, реал саноат марказларида ҳаёт топмоқда. Олий мактабда таълим ана шундай замонавий қарашлар асосида олиб борилади.
Олий мактабнинг бакалавриат дастурида таълим жараёнлари Италиянинг машҳур Пиза университети билан ҳамкорликда олиб борилади. Муҳими ўқиш инглиз тилида, дарслар эса нафақат аудиторияда, балки «ТМК»нинг реал ишлаб чиқариш корхоналарида бўлади. Энг қизиғи, талабалар тўртинчи босқичда Италияга бориб, ўша ерда илм олишади. Яъни, талабалар бугун лабораторияда мис кристаллари ҳақида билса, эртага уларни заводда эритиб, кейин уларнинг саноатдаги йўлини амалда кўриш имконига эга бўлишади.
Олий мактабнинг яна бир мақсади критик минераллар йўналишидаги магистратура дастуридир. Хитойнинг Геофанлар университети билан биргаликда йўлга қўйилган бу лойиҳа халқаро даражада геология, изланиш ва разведка соҳаларида мутахассислар тайёрлашга қаратилган. Таълимнинг иккинчи босқичида магистрлар Хитойда ўқишни давом эттиришади. Ўқиш жараёни инглиз тилида олиб борилади, натижада битирувчилар икки давлат дипломига эга бўлади.
Ўзбекистон технологик металлар комбинати томонидан бакалавр босқичи учун 25 та грант, магистратура босқичи учун 10 та грант ажратилган. Олий мактабни битиргач эса талабалар ТМК томонидан тўлиқ иш билан таъминланади.