Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги Фармони билан “Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари” тамойилига асосан ишлаб чиқилган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тасдиқланди.
Тараққиёт стратегияси 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган бўлиб, “Инсон қадри учун” деган эзгу ғояни ҳаётга тадбиқ этишни кўзда тутади. Бу дастур кенг халқ оммаси билан бамаслаҳат, юртдошларимизнинг фикр ва таклифлари асосида шакллантирилди.
Тараққиёт стратегияси моҳиятан халқчил ва тарихий бўлиб, унда инсон қадрини улуғлашга қаратилган 100 та мақсадга элтувчи йўналиш ва механизмлар аниқ, тиниқ белгилаб қўйилган. Унда 7 та устувор йўналиш белгилаб берилди:
Мазкур устувор йўналишлар доирасида 100 та мақсадларга эришишга қаратилган ва 2022 йилда амалга оширилиши лозим бўлган 398 та чора-тадбир назарда тутилди.
Барчамизга маълумки, сўнгги беш йиллик ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асослари яратилди. Жумладан, Ҳаракатлар стратегияси доирасида таълим соҳасининг барча босқичларида бўлгани каби олий таълим тизимини ислоҳ қилиш борасида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилди. Натижада ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2016 — 2021 йилларда 9 фоиздан 28 фоизга кўтарилди. Янги Ўзбекистоннинг 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси орқали ушбу кўрсаткични 2022 йил якунига қадар 38 фоизга, 2026 йилга келиб эса 50 фоизга етказиш мақсад қилинмоқда.
Натижада, олий таълим олиш истагида бўлган минглаб ёшларимиз учун кенг имкониятлар яратилади, улар қандайдир қийинчиликлар, иқтисодий ҳаражатлар қилиб, оиласи ва яқинларидан йироқда эмас, мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлардан хабардор бўлиб, Ватанмизда таълим олиш имкониятига эга бўлишади.
Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг 34 та мақсад, 59 та чора-тадбирни ўзида акс эттирган “Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш” номли 4-йўналишида таълим соҳасида бир қатор мақсадли вазифалар белгилаб берилган. Учинчи Ренессанс пойдеворининг асосий бўғинларидан бири бўлган олий таълим тизимини ривожлантириш бўйича марралар катта олинган.
Алоҳида эътироф этмасликни иложи йўқ, ҳар битта ҳудудда хусусий олий таълим муассасаларини ташкил қилиш ва 2026 йилга қадар 50 та хусусий университетлар ташкил қилиш масаласи ҳам назарда тутилган.
Яна бир масала, ривожланган давлатларда ҳам талабаларни турар жойлар билан тўлиқ таъминлаш жиддий масалалардан саналади. Мамлакатимизда сўнгги йилларда олий таълимда таҳсил олаётган талабалар сонининг сезиларли ортгани, бу ёшларни турар жойлар билан таъминлаш масаласини долзарб қилиб қўйди. Албатта, барча талабаларни бирданига турар жой билан таъминлаш имконсиз. Аммо, Тараққиёт стратегиясида бу масаланинг ечимига ҳам алоҳида эътибор қаратилганини кўришимиз мумкин. Хусусан, 2022 йилда 47 та талабалар турар жойини қуриб битказиш, 2026 йилга қадар 72 400 ўринли 181 та Талабалар турар жойини барпо этиш натижасида талабаларни ётоқхона билан таъминлаш даражасини 60 фоиздан ошириш вазифаси белгилаб қўйилган.
Урганч давлат университетида бугунги кунда мамлакатимизда таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда, Тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор вазифалар асосида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Урганч давлат университетида ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишларни амалга оширишда 5 та муҳим ташаббус асосида амалга ошириладиган ишларга алоҳида эътибор берилади. Университетда умумий йиллик режадан келиб чиқиб, ҳар ойда факультетлар кесимида амалга ошириладиган “Маънавият хафталиги” ва “Маънавият куни” тадбирлари режаси тасдиқланиб, ишлар ташкил қилинади. Факультетлар кесимида шакллантириладиган ойлик тадбирлар режаларида белгиланган маънавий-маърифий тадбирлар, турли танлов ва мусобақалар факультетда, талабалар турар жойларида амалга оширилиши кўзда тутилган.
Университетда талабаларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида тўгарак ва клублар фаолиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Янги барпо этилган Талабалар турар жойининг ертўла қисмидан унумли фойдаланган ҳолда IT маркази, 5 та ташаббус, Коворкинг ва ҳунармандчилик марказлари ташкил қилиниб, уларда 10 дан ортиқ тўгараклар фаолият юритмоқда. Шу жумладан, Заковат интеллектуал ўйинлари тўгараги, тикувчилик тўгараги, дидактик кўргазмалар тўгараги, Start-up, лойиҳалар фабрикаси клублари, инглиз тили тўгараги, кулолчилик маркази шулар жумласидан.
Университетда таҳсил олаётган талабаларни турар жойга эҳтиёжини қоплаш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, сўнгги йилларда бу борада қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, ўтган йил 500 ўринли янги талабалар турар жойи биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бир қатор ТТЖ биноларида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Натижада университетда ТТЖ қуввати йилдан йилга ошиб бормоқда. Хусусан, ТТЖ қуввати 2019 йилда 1058 ўринни ташкил қилган бўлса, 2020 йилда 1298, 2021 йилда 1798, 2022 йилда 2334 ўринни ташкил қилди. Кейинги йилга бу кўрсаткич 3134 ўринга чиқиши кўзда тутилган.
Президентимизнинг 2021 йил 21 апрелдаги “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғриси”даги фармони ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2021 йил 29 апрелдаги ёшлар билан “Маҳаллабай” ишлаш тизимини йўлга қўйиш тўғрисидаги 202-сонли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида университетга Урганч шаҳридаги “Маърифат” ва “Жалолиддин Мангуберди”, Шовот туманидаги “Янги бурлоқ”, Қўшкўпир туманидаги “Месит”, Хонқа туманидаги “Мустақиллик”, Янгибозор туманидаги “Боғолон”, Янгиариқ туманидаги “Арбоблар”, Хива шаҳридаги “Қиёт”, Хива туманидаги “Қумёп”, Урганч туманидаги “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинлари бириктирилган.
Айнан Тараққиёт стратегиясининг 71-мақсадида белгиланган “Оила, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш” мақсадида маҳалла ёшлари учун маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари, турли тўгарак ва танловлар ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режаси шакллантирилиб, қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, университетга бириктирилган маҳаллалардаги уюшмаган ёшларни хорижий тиллар ва компьютер саводхонлигига ўқитиш бўйича махсус бепул курслар ташкил этилган. Урганч шаҳридаги “Маърифат” маҳалласи ёшлари университет талабалар Спорт клуби қошидаги 13 турдаги спорт тўгаракларига жалб этилган.
“Талаба — спорт элчиси” лойиҳаси доирасида Жисмоний маданият факультети талабалари ўзлари истиқомат қиладиган маҳаллаларда спорт тадбирлари ўтказиб, шахмат, футбол, волейбол, эркин кураш, кураш, гандбол, бадминтон тўгараклар фаолиятини йўлга қўйган.
Бизнес ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш мақсадида Иқтисодиёт факультети профессор-ўқитувчилари ва талабалари томонидан семинарлар ўтказиб келинмоқда. Бундан ташқари, Иқтисодиёт факультети жамоаси томонидан 50 дан ортиқ бизнес режалар пакети шакллантирилиб, маҳалла ёшларига тавсия этилмоқда.
“Бир зиёли — бир маҳаллага маънавий ҳомий” тамойили асосида ўзлари яшаб турган маҳаллаларда профессор-ўқитувчилар, магистрантлар, шу ерда доимий яшовчи талабалар билан биргаликда аҳоли, жумладан, уюшмаган ёшлар ўртасида “Янги Ўзбекистон — янгича дунё қараш” деган ғоя асосида маънавий-маърифий ва тарғибот тадбирларини ташкил этиб келишмоқда.
2022 йилда 5 та муҳим ташаббус тадбирларини янги босқичга кўтариш, маҳаллаларда ёшлар етакчиси билан университет вакилларининг фаолиятини уйғунлаштириш, маҳаллалардаги уюшмаган ёшларни бандлигини таъминлашда кўмаклашиш, “Ректор кубоги” спорт мусобақаларини ўтказиш, “Талаба спорт элчиси” лойиҳаларини давом эттириш, кам таъминланган оилалар қизларини тайёрлов курсларида бепул ўқитишни режалаштирганмиз. Шу билан бирга, психологик хизмат кўрсатиш орқали маҳаллалардаги ижтимоий муаммоларни бартараф этишда қатнашиш, ёшларга “Китоб улашиш” акцияларини ташкил этиш, университет волонтёр ёшларини маҳалла ва мактабларга ташрифини уюштириш, маҳаллалар ёшларини университет тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейига саёҳат уюштириш, маҳаллаларда сайёр учрашувларни ташкил этишда ҳам фаоллик кўрасатамиз.
Зеро, ёшлар келажак эгалари ҳисобланади. Ёшларимиз таълим-тарбиясида эса маънавий тарбия катта аҳамиятга эга бўлиб, ёшларимизнинг фаол фуқаролик позициясини кучайтириш, илмий ва маънавий-ахлоқий, соғлом дунёқарашни шакллантириш, бахтли оилавий ҳаёт учун зарур бўлган билим, кўникма ва малакаларини шакллантириш, келажакка ишонч ва мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини кучайтириш асосий мақсадимиз бўлиб қолади.
Санжарбек Давлетов,
Урганч давлат университети Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори,
тарих фанлари доктори









