Унда Ислом цивилизацияси маркази, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбар-ходимлари, етакчи олимлар, санъатшунослар, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар “Маърифат карвони” тадбирларининг самараси, мақсади ва аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтишди. Жойларда ўтган тарбирларда мамлакат зиёлиларини бир ғоя остида бирлашгани, жамият тараққиёти, ривожи йўлида уларни бир ерга жамлангани алоҳида эътироф этилди. Ушбу анъана жадид боболаримиздан мерослиги, бу эса, аслида, Учинчи Ренессанснинг пойдевори эканлиги таъкидланди. “Маърифат карвони” тадбирлари келгуси йилдан бошлаб йилига тўрт маротаба ўтказилиши таклифи берилди.
–“Маърифат карвони” тарғибот тадбирлари бу ота-боболаримиздан қолган юксак маърифий меросни тарғиб қилибгина қолмасдан, ёшларни бугунги кунда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан хабардор этишни ўз олдига мақсад қилган, –деди Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов. – Ҳурматли Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган эзгу ишларга ҳамоҳанг равишда янгича форматларда ишлашимизни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Яна бир янгиликни сизлар билан баҳам кўрмоқчиман. Куни кеча СNN, Euronews ва дунёнинг етакчи телеканалларида Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги медиа маҳсулотлар намойиш этиб келинаётгани ҳақидаги хушхабар эшитдик. Энди нафақат миллий, қолаверса, жаҳон стандартларига мос контентлар ҳам яратишимиз керак. Олдимизда жуда кўп ва катта вазифалар турибди. Миллий маърифатимизни юксалтиришимизга хизмат қиладиган бундай эзгу ишларни марказимизда фаолият юритаётган 50-60 нафар олим ва ходимлар билан амалга ошириш мушкул. Шунинг учун биз “Маърифат карвони” номи остида мамлакатимиз бўйлаб юзлаб маърифатпарвар инсонларни йиғдик ва тарғибот ишларига жалб этдик. Мақсадимиз, мамлакатимиз раҳбари билдирган ишончни оқлаш ва масъулиятли вазифаларни муносиб амалга оширишдир. Биз ана шундай юксак мақсадлар йўлида бирлашяпмиз.
Маълумот ўрнида “Маърифат карвони” тадбирларини ташкил этиш учун Республикадан иштирок этувчи олимлар, зиёлилар, ёзувчи ва шоирлардан иборат жами 68 нафарни ташкил этган республика тарғибот гуруҳи аъзолари шакллантирилди. Мазкур тадбирларга 14 та ҳудуддан 80 мингга яқин иштирокчи қамраб олинди. Анжуман сўнгида маърифий тадбирларда фаол иштирок этган бир гуруҳ олимлар, тақдирланди.
–Ёшларнинг қўлидан телефонни олиб қўйиб бўлмаяптими, демак, биз уларнинг телефонининг ичига кириб боришимиз керак, –деди Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов. – Сифатли медиа контентлар сонини кўпайтириб, миллий интернет сегментимизни ривожлантиришимиз керак. Замонга мослашишимиз керак. Ҳозирги кунда сунъий интеллект оммалашяпти. Мен уни пичоққа ўхшатаман. У ошпазнинг қўлига тушса, унинг ёрдамида мазали овқат тайёрлаши мумкин. Ёвуз ниятли кишининг қўлига тушса, ундан бузғунчилик йўлида фойдаланиши мумкин. Марказимизда стартап лойиҳалар учун махсус бўлим ташкил этмоқчимиз. У ерда янги ғоялар, замонавий таклифлар тингланиб, амалга тадбиқ қилинади. Бугунги ёшларни лол қолдириш қийин. Уларга нима кераклигини билмаймиз. Шунинг учун, ғояларни ўзларидан олиб, яна ўзларига самарадор кўринишда қайтарамиз. Келгусида ўтказиладиган “Маърифат карвони” тадбирларини янада жозибадор ва ранг-баранг ўтишида ушбу стартап лойиҳалар қўл келади деб ўйлайман.
Тадбир давомида Ислом цивилизацияси марказининг мега-лойиҳаси бўйича видеоролик намойиш этилди. Унда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўйича амалга оширилган ишлар: муҳим халқаро алоқалар, топилма ва кашфиётлар, йирик халқаро тадбирлар каби воқеликлар акс этган.