Маърифат тарғиботига янгича ёндашув зарур

    Келажагини ўйлаган ҳар қандай давлат ёшларига имконият билан бирга шарт-шароит ҳам яратиб беради.

    Жаҳонда юз бераётган турли жараёнлар, рақобат муҳитида мафкуралар ўртасидаги кураш тобора кескинлашаётган вақтда маънавият ва маърифат масаласи долзарб аҳамият касб этаётгани сир эмас. Шуни чуқур англаган ҳолда мамлакатимизда мазкур йўналишда турли лойиҳалар, ислоҳотлар амалга оширилмоқда, янги қарорлар эълон қилинмоқда. Зиёлилар огоҳликка чақирилиб, келажак авлод тарбиясига масъулият билан ёндашиши кераклиги бот-бот таъкидланмоқда. Янада аниқроқ айтсак, маънавият ҳаёт-мамот масаласига айланиб улгурди.

    Шу боис Президентимизнинг бу йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини олим ва зиёлилар, юрт келажагига бефарқ бўлмаган ҳам бир одам катта хурсандлик билан кутиб олди. Мазкур қарор ижроси билан маънавий-маърифий ислоҳотлар самарадорлигига тўсиқ бўлаётган қатор тизимли муаммоларга ечим топилади.

    Келажагини ўйлаган ҳар қандай давлат ёшларига имконият билан бирга шарт-шароит ҳам яратиб беради. Шунингдек, уларнинг маънавиятини янада ошириш, маърифатли, зиёли бўлиб вояга етишида ҳам кўмакчи бўлади. Мазкур қарорда ҳам айнан шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган. Таълим ташкилотларида маданий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича янги тартиб жорий этилиши кўзда тутилди. Ҳар бир умумтаълим муассасасида ижтимоий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими жорий этиляпти. Уларга давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 0,5 иш бирлиги ажратилади. Иш ҳақи миқдори эса олий маълумотли ўқитувчи учун ўрнатилган баъзавий тариф ставкаси миқдорида белгиланади. Хўш, бу бизга нима беради? Аввало, ҳар бир таълим даргоҳидаги болалар эътиборда бўлади. Ёш авлод маънавиятини янада оширишга масъул ҳисобланади. Шу билан бирга ўғил-қизларнинг муаммолари билан ҳам қизиқиб, ечим топишда уларга кўмаклашади.

    Қарорда бу каби кўнгилни кўтарадиган, маънавиятимизни юксак даражага олиб чиқиш учун зарур бўлган чора-тадбирлар, йўл-йўриқлар кўп. Муҳими, энди соҳа вакиллари ҳам ташаббусни кучайтириши, бошқаларни эргаштира олиши зарур. Ўз устида ишлаши, янги методларни ўрганиб, ҳаётга татбиқ этиши ҳам муҳим. Албатта, бу борада ўз ечимини кутиб турган масалалар талайгина. Бинобарин, одамлар онгига миллий ғоянинг моҳиятини тўлиқ ва самарали усул билан етказиш ҳам олдимизда турган долзарб масалалардан бири. Айниқса, янгиланишларга юзаки қарайдиганлар дунёқарашини ўзгартириш, шукроналик ҳиссини янада кучайтириш ҳам зарур. Шу ўринда савол туғилади: бунга қандай эришиш мумкин?

    Бу борада Республика Маънавият ва маърифат маркази қошида ташкил этилган “Маърифат” тарғиботчилар жамияти зиммасига катта масъулият юкланади. Жамиятда барча вазирликлардан тавсия қилинган номзодлар, давлат ва жамоатчилик вакиллари, олим-зиёлилар, мутахассислар, маданият ва санъат арбобларидан иборат махсус тарғиботчилар, гуруҳи шакллантирилган. Республика миқёсида маънавий-маърифий тарғибот ва ташвиқот ишларига жалб этиш, соҳага янгича ёндашувни татбиқ қилиш, тарғиботчиларни молиявий ва маънавий рағбатлантириб бориш йўлга қўйилган. Жумладан, уларнинг маънавий-маърифий тарғибот тадбирларидаги маърузаларига ҳақ тўлаш ҳамда “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” кўрик-танлови, “Маънавият фидойиси” кўкрак нишонига тавсия этиш тизими ҳам яхши самара бермоқда.

    Кўпчиликнинг хабари бор: жамият томонидан “Маънавият фестивали” ўтказиб келинмоқда. 2019 йилда фестиваль доирасида республикамизнинг барча ҳудудида иш олиб борилди. Ўндан ортиқ лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. “Маърифат тур” лойиҳаси еттита вилоятда ташкил қилинди. “Маънавият тарғиботчиси” республика кўрик-танлови ўтказилди. “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида тўрт юзга яқин давра суҳбати ташкил этилди. Видеороликлар тайёрланиб, ижтимоий тармоқ ҳамда телевидение орқали ёритилди.

    Тўғри, бугунга қадар маънавий-маърифий тадбирлар асосан ташкилот, корхона, таълим муассасаларида ташкил этилганини рад этолмаймиз. Шунингдек, ҳаётда бўлаётган ҳаққоний воқеликдан ҳам қоча олмаймиз. Масаланинг яна бир томонига эътиборингизни жалб этсам. Тадбирлар кўп бўлгани яхши, бироқ сон сифат кўрсаткичини белгиламайди. Бу жараёнда асосий мақсадимиз танланган аудиторияга мақсадимизни етказиб, уларнинг онгига сингдиришга қаратилади. Белгиланган мавзудаги суҳбатдан сўнг одамларга ҳам фикр-мулоҳазаларини билдириш имконини қолдириш шарт, деб ўйлайман. Шундай қилиш керакки, тадбирдан сўнг қатнашувчиларда мавзу бўйича савол туғилмасин. Балки улар олган таассуротларини қариндош-уруғларига, қўшниларига етказиб, тарғиботчиларнинг кўмакчисига айлансин. Албатта, юқоридаги каби маънавий-маърифий тадбирлар бугунги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини етказишга ҳам хизмат қилиши шарт. Буларнинг барчаси эса самарали ва таъсирчан тарғибот технологиясини яратиш орқали амалга ошади.

    Буни яхши билган, англаган “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ташкил этилаётган ҳар бир акция, маърифий тадбирларда юзакиликдан воз кечиб, одамларга қалбан яқин бўлишга ҳаракат қилмоқда. Аввало, тадбир ўтказилиши режалаштирилган ҳар бир ҳудуд ўрганилиб, одамлар табиати, ўша ердаги ижтимоий муаммолардан келиб чиқиб, қайси лойиҳа амалга оширилиши белгиланмоқда. Бу жараёнда зиёлилар, олимлар, мутахассислар кўмагига таянилмоқда. Президентимизнинг юқорида келтирилган қарорида ҳам соҳалар ва ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда аниқ мақсадга йўналтирилган тарғибот-ташвиқот дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш зарурлиги кўрсатилган. Тажрибадан келиб чиқиб айтишим мумкинки, одамлар бир хилликдан, маъруза тинглашдан чарчаган. Уларга тадбир мақсадини янгича услубда, ахборот технологияларидан самарали фойдаланган ҳолда етказиш ҳам яхши натижа беради.

    Жорий йилда ҳам миллийлик ва замонавийлик уйғунлашган “Маънавият фестивали”ни ўтказишга катта тайёргарлик кўрилмоқда. Бунда ҳам Президентимизнинг мазкур қарорида белгиланган вазифаларга алоҳида урғу берилмоқда. Шунингдек, жамиятимиздаги маънавиятга оид барча масалага жиддий қараб, келгусидаги чора-тадбирларни шунга мос ишлаб чиқамиз.

    Бахтиёр ҲУСАНОВ,

    “Маърифат” тарғиботчилар жамияти раиси

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates