Марказий Осиё ёшлари Тошкентда

    Лидерлар глобал сув муаммоларини муҳокама қилиб, ўз ечимларини таклиф этмоқда.

    Тошкент шаҳрида “Европа Иттифоқи — Марказий Осиё ёш етакчилари конференцияси: Барқарор сув ҳаракати парадигмасини ўзгартириш” мавзусидаги минтақавий конференция ўтказилмоқда. Европа Иттифоқи ташаббуси ва Нордик университети ташкилотчилиги, юртимизнинг бир қатор вазирлик-идоралари ҳамкорлигида 30-31 октябрь кунлари илк бор ўтаётган халқаро тадбирда Марказий Осиёнинг бешта давлатидан 35 ёшгача бўлган 100 нафарга яқин иштирокчи қатнашяпти. Жумладан, талабалар, ташаббускор ёшлар, фуқаролик жамияти ташкилотлари, тадқиқотчилар, оммавий ахборот воситалари, ёш сиёсатчилар, шунингдек, ҳукумат экспертлари вакиллари иштирок этмоқда. Қўшни мамлакатлар етакчилари ва ёшлар сув, иқлим ўзгариши ҳамда барқарорлик билан боғлиқ муаммоларни муҳокама қилиш учун пойтахтимизда жам бўлди.

    — Ушбу минтақавий тадбир Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги яқин ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир, — дейди Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, элчи Терхи Ҳакала. — Турли соҳалардаги ёш етакчилар — фуқаролик жамияти, илмий доиралар, оммавий ахборот воситалари, ҳукумат вакиллари ҳудудларни ривожлантириш, экологик муаммоларга қарши курашда муҳим рол ўйнайди ва барчани бир платформада бирлаштирганимиздан хурсандмиз. Сувни бошқариш фақат экологик муаммо эмас: иқтисодий ва ижтимоий барқарорлигимиз асосидир. Сайёрамиз сув танқислиги ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ катта муаммоларга дуч келмоқда ва сув чегара билмаслиги сабабли бу муаммоларни биргаликда ҳал қилишимиз муҳим. Ёшларнинг илғор ва навқирон етакчи сифатидаги овози нафақат инновацион, балки амалий ва қамраб олувчи ечимларни шакллантиришда жуда зарур.

    Конференция Европа Иттифоқи — Марказий Осиё ҳамкорлиги ҳамда Марказий Осиёдаги сув инқирозини ҳал қилишда ёшларнинг ролига бағишланган иккита тематик сессиядан иборат. Бундан ташқари, конференция бир нечта интерактив семинарларни ўз ичига олган, улар давомида иштирокчилар сувдан фойдаланиш самарадорлиги, тежамкорлик ва сув дипломатияси каби ўзаро манфаатли сувга оид мавзуларни муҳокама қилмоқда.

    Шунингдек, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университетининг тажриба майдонига (Сувчилар мактаби) экскурсия ўтказилади, бу эса иштирокчиларга амалий тажриба орттириш имконини беради.

    — Ушбу халқаро тадбирни ўтказиш ва бунинг учун Тошкент шаҳрини танлаш ташаббуси Европа Иттифоқи томонидан билдирилди, — дейди Халқаро Нордик университети ректори Шерзод Мустафоқулов. — Бунда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё миқёсидаги фаоллиги ортиб бораётгани, мамлакатимизда аҳоли ва ёшлар сонининг юқори экани инобатга олинган. Айни кунларда эса минтақа давлатларининг 35 ёшгача бўлган йигит-қизлари пойтахтимизда жам бўлиб турибди. Йирик форматдаги конференция доирасида университетимизда “workshop” ҳамда "Nexus" ўйинлари ташкил этилмоқда. Шунингдек, дастурдан моҳир фотограф, кўплаб фотокўргазмалар муаллифи Тамара Кубаева режиссиёрлигидаги филмь намойиши ҳам жой олган.

    Умуман, конференцияда ёшларнинг эътибори сув муаммоларига қаратилиб, улар учун хорижлик экспертлар томонидан маърузалар, семинарлар ўтказилмоқда. Халқаро конференцияда жам бўлган 100 нафар лидерларни муаммога самарали ечимлар топиш мақсади бирлаштиради. Тадбир доирасида сув муаммоларининг ечимига бағишланган “Тошкент декларацияси” ёки “Тошкент резолюцияси” қабул қилиниши кўзда тутилган.

    Бир сўз билан айтганда, ушбу ноёб конференция Марказий Осиёнинг ёш етакчилари учун сув билан боғлиқ муаммолар бўйича ўз нуқтаи назарларини билдириш учун платформа бўлиб хизмат қилади ва кўплаб соҳаларда ҳамкорлик ва фикр алмашишга ёрдам беради.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири


    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates