Унинг фикрича, мигрантлар оқимининг кучайиши Россия миллий хавфсизлигига таҳдид солмоқда.
“Россияга яхши назорат остида бўлмаган муҳожирлар оқими тобора ортиб бормоқда. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи олти ойида хорижликларга 114 мингга яқин меҳнат рухсатномаси берилган, бу 2024 йилнинг биринчи ярмига нисбатан бир ярим баробар кўпдир. Умуман олганда, фақат расмий ҳисоб-китобларга кўра, Россияда уларнинг сони 6,5 миллиондан ортиқ, уларнинг ярмидан қамроқ қисми ишлайди. Қолганлари эса ҳеч иш қилмайдиган, лекин ижтимоий инфратузилмамиздан, жумладан, шифохона ва мактабларимиздан фойдаланадиган оила аъзоларидир”, дейди Миронов.
Депутатнинг фикрича, бу ҳолат Россия миллий хавфсизлиги ва фуқаролари фаровонлигига бевосита таҳдид солади.
“Адолатли Россия” аллақачон Давлат Думасига мамлакатда миграция тартибини тиклашга ёрдам берадиган бир қатор қонун лойиҳаларини киритган. Аммо бу қарорлар ҳали қабул қилинмаган бўлса-да, мен Марказий Осиёдан келган муҳожирларга 2030 йилгача фуқаролик ва яшаш рухсатномаларини беришга мораторий қўйишга чақираман. Фақат шу йўл билан вазиятни барқарорлаштириш ва хориж фуқароларининг мамлакатга оммавий келиши билан боғлиқ бугунги кунда юзага келаётган барча муаммоларни ҳал қилиш мумкин”, деди Миронов.
Депутат 2022 йил апрель ойида Тожикистон фуқаролари учун худди шундай мораторий жорий этиш ташаббусини илгари сурди – кейин у ҳукумат ҳам, Дума ҳам буни қўллаб-қувватламаганини тан олди. 2024 йилда Миронов яна Марказий Осиё аҳолисига Россия фуқаролигини беришни 2026 йилгача тўхтатиб туришни таклиф қилди, бироқ бу ташаббус ҳам қўллаб-қувватланмади.
Аввалроқ Миронов меҳнат муҳожирларига оиласини Россияга олиб келишни тақиқлашни таклиф қилган эди, деб хабар берди gazeta.ru.








