Ўзбекистон Республикаси Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева форумда Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини тақдим этди.
"Марказий Осиё — табиий омилларга энг таъсирчан минтақалардан бири ҳисобланади: 70 йил давомида бу ҳудудда ҳарорат 1,5–2°C га кўтарилган. Орол фожиаси эса глобал экологик инқирознинг рамзига айланган.
Ҳозирда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан «Марказий Осиёнинг яшил ривожланиш» концепцияси ишлаб чиқилмоқда. У яшил технологиялардан тортиб барқарор урбанизациягача бўлган барча соҳаларни тўла қамраб олади. Ушбу концепция COP30 форумида қабул қилинишига умид қиламиз.
Оролбўйи ва Қорақалпоғистонни ривожлантириш шахсан мен учун устувор вазифадир. Бу борада учта йўналишда — экология, инфратузилма ва маданий тикланиш бўйича иш олиб боряпмиз. Эртага Нукусда очилиши бўлиб ўтадиган Орол маданият саммити ҳам фан, санъат ва жамият ўртасида ўзига хос мулоқот майдони бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Биз мулоқот ва ҳамкорликка очиқмиз. Фақатгина биргаликда биз Ер юзини асраб қолишимиз ва фарзандларимиз, набираларимиз ҳамда биздан кейинги барча авлодлар учун яхшироқ келажакни барпо этишимиз мумкин", дейди Саида Мирзиёева ижтимоий тармоқларидаги ўз саҳифасида.