Жорий йилнинг 10 март куни Шаҳрисабз давлат педагогика институтида Қашқадарё вилоятидаги мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда «Меҳнат ярмаркаси» бўлиб ўтди. Тадбир давомида вилоятдаги 16 та мактабгача таълим муассасаси ва 50 дан ортиқ умумтаълим мактаби масъуллари ташриф буюрди. Тадбирни Институт ректори Шерзод Неъматов очиб берди. У ўз нутқида ёш мутахассисларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши ва таълимдаги ислоҳотларда фаол иштирок этиши муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Мазкур меҳнат ярмаркаси талаба-ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, айниқса, битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилди. Тадбирда етакчи иш берувчи ташкилотлар, муассаса вакиллари иштирок этиб, битирувчи талабалар билан бевосита суҳбат олиб борди.
Маълумот учун, Шаҳрисабз давлат педагогика институтида ҳозирда 3 та факультет, 13 та кафедра фаолият олиб бормоқда. Институтда жами 9392 нафар талаба таҳсил олмоқда. 2024–2025-ўқув йилида 2024 нафар талаба битирувчи сифатида рўйхатга олинган бўлиб, улардан 1948 нафари кундузги бакалавриат, 76 нафари эса магистратура босқичи талабалари ҳисобланади. Аҳамиятли жиҳати, ярмарка якунида 103 нафарга яқин талабалар бандлигини таъминлаш бўйича келишувга эришилди.








