Аҳамиятлиси, мусобақанинг 3-кунида матонатли пара спортчиларимиз 3 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза, умумий ҳисобда 9 та медалга сазовор бўлишди.
Жумладан, найза улоқтириш баҳсида Розияхон Эргашева (F46) ва Ёрқинбек Одилов (F57), ядро улоқтиришда эса Бобуржон Омонов (F40-41) олтин медалга сазовор бўлган бўлса, Нозимахон Қаюмова (найза улоқтириш F13) ва Кубаро Ҳакимова (ядро улоқтириш F41) кумуш медалларни қўлга киритди.
Яна 4 нафар спортчимиз – Мадина Мухторова, Розияхон Эргашева, Шахинахон Йигиталиева ва Миран Сахатовлар ҳам найза ва ядро улоқтириш, югуриш баҳсларида бронза медалларига эга чиқишди.
Эслатиб ўтамиз, спортчиларимиз мазкур турнирнинг дастлабки кунида 5 та, иккинчи куни эса 4 та медални нақд қилишган эди. Эътиборли жиҳати, Т36 классида узунликка сакраш баҳсларида қатнашган ҳамюртимиз Иззат Турғунов 5.69 метр натижа қайд этиб, 2022 йилда ўзи ўрнатган Осиё рекордини янгилашга эришди.