Май ойида электр энергияси ва табиий газ ишлаб чиқариш камайдими?

    Ижтимоий тармоқларда “май ойида электр энергиясини ишлаб чиқариш ва табиий газ қазиб чиқариш камайди”, мазмунида хабарлар эълон қилинди.

    Мазкур хабарлар юзасидан Энергетика вазирлиги изоҳ берди

    2024 йил май ойида электр энергияси ишлаб чиқариш ва етказиб бериш кўрсаткичлари қуйидагича:

    Ушбу давр мобайнида республикамизда 6,1 млрд кВт•соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 337,9 млн кВт•соат ёки 5,8 фоиз кўп.

    Шунингдек, республика истеъмолчиларига 5,0 млрд кВт•соат электр энергияси етказиб берилди. Мазкур кўрсаткич 2023 йилнинг шу давридагига нисбатан 297,1 млн кВт•соат ёки 5,7 фоиз кам.

    Шу жумладан, иқтисодиёт тармоқларига — 3,7 млрд кВт•соат (92,2 млн кВт•соат кўп), аҳоли истеъмолчиларига — 1,2 млрд кВт•соат (393,7 млн кВт•соат кам) электр энергияси етказиб берилган. Яъни, аҳоли истеъмолчилари томонидан шунча ҳажмдаги электр энергияси тежалган.

    Қолган электр энергияси станцияларнинг ўз эҳтиёжлари ва ишлаб чиқаришдаги эҳтиёж ҳамда электр энергиясини узатишдаги сарф учун ишлатилган.

    Кам етказиб берилганининг асосий сабаби шундаки, май ойида тарифлар ўзгариши фонида аҳоли истеъмолчилари электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланишган. Саноат корхоналари эса, юқорида кўрганингиздек, прогнозга нисбатан белгиланган ҳажмларда электр энергияси истеъмол қилган.

    Ортиқча ишлаб чиқарилган мазкур электр энергияси қўшни давлатларга экспорт қилинди.

    Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 8 та қуёш фотоэлектр ва битта шамол электр станцияси ишга туширилган бўлиб, улар кундуз куни 2000 МВт (умумий ишлаб чиқаришнинг 20 фоизи)гача «яшил» энергия ишлаб чиқармоқда. Бунинг ёрдамида импорт ҳажми кескин камайди.

    Шу боис, айтиш мумкинки, бугунги кунда юртимизда электр энергия ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо йўқ. Аксинча, бундан буён мамлакатимизда «яшил» электр станциясилар қуввати ошириб борилаверади ва электр энергияси истеъмолга (талабга) нисбатан кўпроқ ишлаб чиқарилишига эришилади.

    Шунингдек, май ойида 3 554,8 млн куб метр табиий газ қазиб олинган. Бу ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 41 млн куб метр камни ташкил этган.

    Бунда табиий газ қазиб чиқариш ҳажмлари камайиши Қандим газни қайта ишлаш заводи ва «Жарқудуқ» газни комплекс тайёрлаш қурилмасида режавий таъмирлаш ишлари ва бошқа технологик сабабларга кўра юзага келган.