Европада газ нархи 2023 йил октябрь ойидан бери энг юқори даражага етди – 1 минг куб метр учун тахминан 540 доллар. Бу Украина орқали транзитнинг тўхтатилгани, Норвегияда суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқаришдаги носозлик ва паст ҳароратлар фонида содир бўлди.
Европа аукционларида газ нархи 2023 йил октябрь ойидан бери энг юқори даражага кўтарилди, деб хабар беради Bloomberg. Биринчи савдо куни, 2 январда ёнилғи нархи 1 МВт/соат учун 50,3 еврога етди (1 минг куб метр учун тахминан 540 доллар).
Бу 1 январь куни эрталаб Россия газининг Украина орқали Европага транзитининг тўхтатилиши, Норвегияда етказиб беришда узилиш ва қитъада совуқ тушиш билан бир вақтга тўғри келди.
Россия газининг Украина орқали Европага транзити “Газпром” ва “Нафтогаз” ўртасидаги шартнома муддати тугагани сабабли 1 январ куни эрталаб тўхтаб қолди. Москва аввалроқ шартномани узайтиришга тайёрлигини билдирган, бироқ Киев буни рад этган. “Шимолий оқим”даги портлашлар ва Ямал-Европа газ қувури орқали газ тортиб олиш тўхтатилганидан сўнг, “Турк оқими” Россия газини Европага етказиб беришнинг ягона йўли бўлиб қолмоқда, деб хабар беради rbc.ru.