Майданак ва Суффа радиоастрономик обсерваториялари. Уларда қандай тадқиқотлар олиб борилади?

    Майданак обсерваторияси Ўз ФА Улуғбек номидаги Астрономия институтининг астрономик кузатув пункти ҳисобланади. Унда 7 та телескоп мавжуд бўлиб, уларнинг ичида энг каттаси — кўзгусининг диаметри 1.5 метр бўлган АЗТ-22 телескопидир. Ушбу телескопларда турли осмон жисмлари — кичик сайёралар, коинот чиқиндилари, Сомон Йўли галактикамиздаги ўзгарувчан ва қўшалоқ юлдузлар, экзосайёралар, қўшни галактикалар ва ядроси фаол бўлган квазар ва блазар деб номланувчи ёш, шаклланаётган галактикалар кузатувлари олиб борилмоқда.

    Обсерваторияга 10 дан ортиқ халқаро илмий марказлар билан тузилган ҳамкорлик шартномалари асосида кўплаб замонавий ускуналар, ёруғлик детекторлари олиб келиниб, телескопларга ўрнатилган ва улар ёрдамида замон талабига жавоб берувчи кузатувлар, тадқиқотлар ўтказилмоқда.

    Жумладан, Инновацион ривожланиш вазирлиги жамғармаси орқали замонавий ёруғлик детекторлари жамланмаси сотиб олинди. Бу детектор-камераларни 3 та телескопга ўрнатиш орқали кузатув сифати ва илмий натижалар аниқлигини анча ошириш кутиляпти.

    Бундан ташқари, денгиз сатҳидан 2500-3000 м баландда жойлашган Туркистон тоғ тизмаси ҳудуди — Суффа платосида ҳозирги вақтда ноёб илмий объект РТ-70 радиоастрономик комплекси жойлашган.

    Халқаро келишувга асосан Суффа платоси ҳудудида радиошаффофликни кеча-кундуз мониторинг қилиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва RТ-70 радиотелескопини барпо этиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси RТ-70 радиоастрономик обсерваторияси томонидан амалга оширилади.

    Қурилаётган мажмуанинг бош инструменти тўла бурилувчи диаметри 70 метрли антенна спектрнинг миллиметрли тўлқин узунлиги диапазонининг қисқа соҳасида ишловчи радиотелескопнинг адаптив тизимли янги авлоди ҳисобланади. RТ-70 радиотелескопи катта юзали антеннанинг нодир характеристикаларига эга инструмент сифатида узоқдаги аппаратлар космик базаси билан алоқани таъминлаш учун ҳам фойдаланилиши мумкин.

    Илмий комплексдан фойдаланиш истиқболлари бизнинг мамлакат олимлари учун фойдали бўлиши шубҳасиз. Умуман олганда, Фанлар академияси Астрономия институти, энг яхши оптик астропункт (Майданак тоғи)га эга олимларимиз аллақачонлардан бери халқаро дастурларда қатнашиб келмоқда. Майданак обсерваториясида оптик диапазонда ва Суффа платосида радиодиапазонда синхрон кузатувлар космик объектлардаги жараёнлар динамикаси ва физикасини янада чуқурроқ ўрганиш имконини беради.

    Суффа платосидаги радиоастрономик комплекс, профессор-ўқитувчилар таркиби учун, шунингдек, Тошкент давлат университети ва Самарқанд педагогика университети астрофизика ва астрономия кафедраси ҳамда Тошкент ахборот ва алоқа университети талабалари учун ҳам йирик илмий-педагогик марказ бўлиб қолади.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates