“Меҳр” инсонпарварлик операциялари: Ўзбекистон тажрибаси дунё бўйлаб ёйишга лойиқ

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ҳамда ЮНИСEФ ҳамкорлигида қуролли можаро ҳудудларидаги болалар ва аёлларни ўз ватанига қайтариш, уларнинг жамиятга самарали реинтеграцияси бўйича халқаро ҳамкорлик мавзусида онлайн анжуман ўтказилди.

    Тадбирда тегишли давлат, нодавлат, халқаро ташкилотлар, элчихоналар, фуқаролик жамияти институти вакиллари, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон республикаси омбудсман институти мутахассислари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

    Тадбирнинг мақсади Яқин Шарқдаги қуролли тўқнашувлардан жабр кўрган болалар ва аёлларни ватанига қайтариш, уларни ҳаётга мослаштириш бўйича тажриба алмашиш, ютуқлар ва муаммоларни муҳокама қилиш ҳамда аёллар ва болалар репатриацияси, реинтеграцияси бўйича тавсиялар ишлаб чиқишдир.

    Таъкидланишича, 2019 йилда Ўзбекистон ҳукумати биринчилардан бўлиб Ироқ ва Суриядаги қуролли тўқнашувлар ва жанговар ҳаракатлар натижасида жабр кўрган ўз фуқароларини, асосан, аёллар ва болаларни ватанига қайтаришни амалга оширди. Шу йилдан бошлаб Ироқ, Сурия ва Aфғонистондаги қуролли тўқнашувлар ва жанговар ҳаракатлар натижасида жабр кўрган болаларни қайтариш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Эътиборлиси, мамлакатлар ичида биринчилардан бўлиб Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ватанига қайтарилган фуқароларини ўз ҳимоясига олди. Бугунги кунга қадар Ўзбекистон “Меҳр” инсонпарварлик операциялари доирасида, Қозоғистон "Жусан" ва "Русафа" операциялари доирасида, Тожикистон, Қирғизистон ҳамда Россия Федерацияси ўз фуқароларини ватанига қайтарди.

    Ўзга юртга бориб қолиб оғир ҳаётий даврни бошидан ўтказган бу инсонларга ҳукуматимиз томонидан тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. Уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашиши, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этиши учун зарур шароит яратилди, бошпана ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

    – Бу борада амалга ошираётган ишларимиз Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги декларацияда белгиланган принципларга тўла мос бўлиб, аввало, ота-она қарамоғисиз қолган, ҳуқуқий кўмакка муҳтож болаларга ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова. – Айтиш керакки, ҳуқуқлар барча болалар учун истисноларсиз тан олинади. Бола ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳимоя ва ёрдамни биринчи бўлиб олиши керак. Шу маънода, бугунги кунда амалга оширилаётган инсонпарварлик тадбирлари халқаро эътироф этилган бу меъёрлар талабига тўла жавоб бериши билан аҳамиятлидир.

    – ЮНИСЕФ ушбу илғор тажриба алмашинувига кўмак беришдан мамнун эканини алоҳида таъкидлайман, – дейди ЮНИСEФнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Афшан Хан. – Зеро, бугун дунёнинг бир қатор минтақаларида рўй бераётган қуролли тўқнашувлардан жабр кўраётган болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш барчамизнинг зиммамизга катта масъулият юкламоқда. Ушбу тадбир бу йўналишда ҳал этилиши лозим бўлган энг муҳим масалаларга самарали ечим топиш, инсонпарварликка йўғрилган эзгу лойиҳаларни изчил давом эттиришда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, деган умиддамиз.

    Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Президентимизнинг ташаббуси билан 2019 йилда амалга оширилган “Меҳр–1” ва “Меҳр–2” тадбирлари доирасида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати Сурия ва Ироқдаги қуролли можаро ҳудудларида бўлган бир гуруҳ аёллар ва болаларни ватанга қайтарган эди. 2020 йилда ва 2021 йил март ойида “Меҳр–3” ва “Меҳр–4” операциялари доирасида яна бир гуруҳ аёллар ҳамда болалар Сурия ва Афғонистондан олиб келинди.

    Халқаро экспертлар Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибасини етарли даражада самарали деб баҳолаб, минтақада ва бутун дунёда кенг ёйишга лойиқ эканини эътироф этди.

    Баҳор ХИДИРОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates