У устозим, шоир Баҳодир Собитнинг қизи бўлиб, айни дамда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги 248-мактабда она тили ва адабиёт ўқитувчиси бўлиб ишлайди. Беш йил аввал Феруза қуйидагиларни ёзган экан:
“Онам Тошкентда таваллуд топган. Бувимни (отамнинг онасини) аравада атиги ярим кун йўл юриб Тошкентдан Жанубий Қозоғистоннинг Турбат қишлоғига ёр-ёр айтиб узатиб боришган экан. Мен, аҳолисининг 60 фоизини Тошкентдан қатағон қилинган ўзбек зиёлиларининг фарзандлари яшайдиган, Ўзбекистон пойтахтининг шундоққина биқинида жойлашган, туркигўй шоир Атоий, Ўзбекистон халқ шоири Туроб Тўла таваллуд топган кўҳна Турбат қишлоғида туғилганман. Урф-одатларида, шевасида Тошкент нафасини сақлаб қолган ҳамқишлоқларим фарзандларининг ярми Турбатда яшаса, айримлари Тошкентда истиқомат қилади.
Ўзбекистонда муқим 5 йил яшаган инсонга фуқаролик паспорти берилиши “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”даги қонунда белгилаб қўйилган. Тошкентга келганимга 25 йил бўлибди. Чорак аср… Баъзан тушларимда Ўзбекистон–Қозоғистон чегараларидан қанот қоқиб учиб ўтаман. Баъзан эса Ўзбекистон–Қозоғистон чегараларидаги дарвозаларнинг шарақлаб очилиб, божхона постидан ўтаётганимни кўраман…
Уйимдан Чилонзорга бир соатда етиб бораман. Агар қўлимда фуқаролик паспорти бўлганида эди, ота юртим – Турбатга 45 дақиқада етиб борар эдим. Шу армон, шу ҳасрат йиллар давомида мени эзиб келди. Юрагим ўртаниб, ота-она, жигарлар соғинчи қалбимни тилка-пора қилди. Бу масаланинг бир томони.
Иккинчиси, ўқитувчиман. Ўқувчиларим турли танловлар, фан олимпиадалари, “Билимлар беллашуви” каби мусобақаларда юқори ўринларни эгаллайди. Ўзим ҳам қандай танлов бўлса, қатнашавераман, ғолибликни қўлга киритавераман. Ҳар йили давлат мукофотларига тавсия қилинаман. Ҳужжатларим юқори ташкилотларга етиб борганида қайтиб келади… “Опа, – дейишади, – ҳаммаси зўр экану, паспортингиз чатоқ экан-да. Фуқаролигингиз йўқ экан”, дейишади жилмайиб. Кейин-кейин худди тавқи лаънатдек эшитиладиган шу гапдан қочиш учун мукофатларга ҳужжат ҳам йиғмай қўйдим.
Инсон учун мукофот нима ўзи? Агар кимдир менга шу саволни берса, ҳеч иккиланмай шундай жавоб берардим: “Мен учун Ўзбекистон паспортини бир бор бағримга босиш, мен Ўзбекистон фуқаросиман деган сўзни баралла айтиш бахт”.
Бир куни ўқитувчилар байрами арафасида Халқ таълими вазирлиги томонидан фахрий ёрлиқ билан тақдирландим. Қучоғим тўла гул, уйга қайтаётсам ёмғирдан қолган кўлмакда лойга ботиб ётган маст одамга кўзим тушди. Сал нарида эса мен орзу қилган, тушларимга кириб чиқадиган ям-яшил паспорт ҳам лойга қоришиб ётарди. Бўғзимга бир нарса тиқилди-ю, ўз-ўзимга “Шу одам ҳам мендан бахтлироқ, у шу ётишида ҳам Ўзбекистон фуқароси” дея йиғлаб юбордим. Бу биргина менинг дардиммикан?”
Феруза “Қирғизистоннинг Ўшидан Андижонга келиб қолган, Туркманистоннинг Тошовузидан Хоразмга, Тожикистоннинг 9 та чегара туманидан Ўзбекистоннинг турли вилоятларига тақдир тақозоси билан келиб қолган ўзбеклар менинг дарддошларим” деб ёзар экан, “Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фуқаролик паспортини бериш тўғрисидаги фармонини эшитган куним кун бўйи йиғладим. Кўз олдимдан бир соатлик йўлда туриб ҳам паспорти “ЛБГ” (лицо без гражданства — фуқаролиги йўқ шахс) бўлгани учун вақтида ҳужжат топшира олмай ёки виза учун 30 доллар (ҳозир 80 доллар) тўлолмай қолганлиги учун отасининг тобутини кўтаришдан маҳрум бўлган ўғиллар, онасининг совуқ дийдорини кўролмай армонда яшаётган қизлар ўтди”, дейди.
“Менинг қалбимда ҳам умид учқуни йилт этиб ёнди. Қўшни мамлакатларга очилаётган дарвозалар учун ташаккур! Дўстона муносабатлар учун ташаккур! Келажакка берилган йўлланма учун ташаккур! Энг муҳими, кўнглимдаги андуҳлар ювилиб, паспортнинг ранги каби ям-яшил куртак отаётган умид учун ташаккур!” дея тугалланади Ферузанинг мақоласи.
Рости, ўшанда – бундан роппа-роса беш йил аввал шу мақолани ўқиб кўзларимга ёш келганди. Тошкентдан атиги 60 километр узоқликдаги қишлоққа бориш машаққатларига ўзим ҳам гувоҳ бўлганман. Икки укам фуқаролиги йўқ шахс бўлгани туфайли йиллаб қишлоққа бора олишмасди. Укаларим майли, улар виза олиб қишлоққа бориб туришган. Аммо отасининг, онасининг жанозасига қатнаша олмаган ҳамқишлоқларим қанча? Тўғри, улар виза олиб жанозадан икки-уч кундан кейин бориб келишган. Аммо жигарларини сўнгги йўлга кузата олмаганликлари юракда армон бўлиб қолган.
Синфдошим Одил Ғойипов Тошкентдан уйланган, яъни рафиқаси ўзбекистонлик. Тақдир экан, 1993 йил январь ойида Тошкентга кўчиб келишди. Ўзбекистон паспорти берилаётганида унга ҳам, рафиқасига ҳам “Фуқаролиги йўқ шахс” паспортини беришди. Аслида “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”даги Кодексда Ўзбекистон ҳудудида туғилган ҳар бир шахсга Ўзбекистон фуқаролиги берилиши таъкидланган. Раҳматли отам Тошкент вилоятининг Кенсой қишлоғида, онам Тошкент шаҳрида туғилган ва болалигида ота-онаси билан Турбатга кўчиб кетишгани боис қозоғистонлик бўлиб қолишган. Агар онам ўтган асрнинг 90-йилларида Тошкентга кўчиб келгудек бўлса, Ўзбекистон фуқароси автоматик равишда берилиши керак эди. Худди шунингдек, Одил ўртоғимнинг рафиқасига ҳам Ўзбекистон фуқароси паспорти берилса қонун бузилмаган бўларди. Аммо, у орадан 27 йил ўтибгина Ўзбекистон фуқароси бўлди. 2020 йилда юзлаб қишлоқдошларим қатори икки укам ҳам “фуқаролиги йўқ шахс” тамғасидан қутилиб, Ўзбекистон фуқароси бўлдилар.
2016 йилнинг тўртинчи чорагидан том маънода Ўзбекистонда жиддий ислоҳотлар бошланди. Тўғриси, бундай либерал ўзгаришлар бўлишини ҳеч ким кутмаганди. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг юраги. Бу давлатдаги ислоҳотлар минтақанинг бошқа мамлакатларига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Ҳақиқатан ҳам, 2017 йилгача Ўзбекистоннинг қўшниларга нисбатан ёпиқ ва баъзи ҳолларда қарши сиёсати Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон ташқи сиёсатига таъсир кўрсатгани шубҳасиз. 2017 йилдан бошлаб бешта мамлакатда потенциал жиҳатдан ташқи иштирокчиларсиз минтақа сиёсатини ишлаб чиқиш имконияти пайдо бўлди. Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан ўзаро муносабатлари тубдан яхшиланди. Қирғизистон, Тожикистон билан деярли ёпиқ бўлган чегаралар очилди. Шуни таъкидлаш керакки, 2017 йилгача Ўзбекистоннинг фақат Қозоғистон билангина чегараси очиқ эди. Ўзим қозоғистонлик бўлганим учун қариндошларимни кўриш учун бориб туришга тўғри келарди. Чегарадан ўтиш “минг бир” азоб эди. Салкам икки соат навбатда турганингиздан кейингина чегарадан ўтиларди.
Устоз Абдусаид Кўчимов бир мақоласида шундай ёзганди:
“Алишер Нарзулло деган шоир бор. Тожикистонлик ўзбеклардан. Душанбега яқин Чинор деган қишлоқда туғилиб, катта бўлган. 30 йилдан бери Тошкентда яшайди. Бир неча шеърий китоблар муаллифи. Ҳозир ЎзАда — бирга ишлаймиз. “У кунларни эсласам қўрқинчли бир туш кўргандек бўламан, – дейди Алишер. – Туғилган маконга бориб-келиш учун 2-3 ойлаб сарсон бўлар эдик. Паспорт столида 80–90 кунлаб, элчихонада унданам кўп рухсат кутардик. Ижозат берилгунига қадар боришинг зарур бўлган маъракаю маврид аллақачон ўтиб кетган бўларди”.
Ҳаётда бўлган бир воқеани ҳазил аралаш айтиб беришганди. Опа Ўшда, сингил Андижон вилоятидаги қишлоқда яшайди. Орадаги масофа бир километрга ҳам бормайди. Авваллари пиёда бориб-келиб юришган. Аммо энди орада қаттиқ қўриқланадиган чегара бор. Сингил опани кўриш учун аввал Тошкентга келиб, Қирғизистон элчихонасидан виза олади, сўнг Қозоғистон орқали Бишкекка бориб, пойтахтдан Ўшга самолётда учади. Самолёт ҳам об-ҳаво ноқулайлиги сабаб Ўшга қўнавермайди. Сингилни ваҳима босади: “ишқилиб самолёт Андижонга қўнмасин-да”.
Ҳозир Ўзбекистон–Қозоғистон чегарасидан 10 дақиқада ўтасиз. Бирор-бир муаммо йўқ. Худди шундай, бир вақтлар виза билан бориладиган Қирғизистон ва Тожикистонга ҳам бемалол бориб келиш мумкин. Шунингдек, бирор-бир мамлакатда бўлмаган чиқиш визалари(стикер) фақат Ўзбекистонда жорий этилган эди. Айни дамда у “умрини ўтаб бўлган ўтмиш қолдиғи”га айланди.
Минтақа мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни яхшилашда, халқларимизнинг ўзаро муштарак алоқалари катта роль ўйнайди. Бунда маданиятларимиз, қадрият ва анъаналаримиз бир-бирини тўлдиради. Урф-одатларимиз ва удумларимиз бир, динимиз бир, тил тўсиғи йўқ. Аслида, сиёсий ҳамкорлик ва интеграция жараёнлари жамиятдан, унинг эҳтиёжларидан куч олади. Шу сабабли, сўнгги пайтларда минтақа жамиятлари ва халқлари ўртасида ҳам алоқалар жадаллашиб бормоқда.
Тан олиш керак, Марказий Осиёда йиллар мобайнида давом этиб келган совуқ муносабатни яхшилашда Ўзбекистондаги ўзгаришлар, Ўзбекистоннинг минтақа давлатлари ўртасидаги мулоқотларни яхшилаш, чегараларни очиш, виза тартибларини бекор қилиш, одамлар ўртасида борди-келдини йўлга қўйиш борасидаги ташаббуслари катта аҳамият касб этади. Жаҳонда кузатилаётган геосиёсий вазият шароитида Ўзбекистон олиб бораётган ташқи сиёсий йўл алоҳида аҳамиятга эга. Чунки, Марказий Осиёнинг иқтисодий фаровонлиги кўп жиҳатдан Ўзбекистон қабул қилаётган чора-тадбирлар самарадорлигига боғлиқ.
Республикамизда рўй бераётган бу каби ўзгаришлар, балки кимларгадир билинмаётгандир, бироқ мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёти нуқтаи назаридан бу ўзгаришлар ҳал қилувчи аҳамиятга эгалигини унутмаслигимиз керак. Бугун янги Ўзбекистон дея аталаётган мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётида жуда теран ўзгаришлар юз бермоқда. Халқимиз ўз қадрини билди. Хоразмий, Фарғоний, Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби буюк зотларнинг, Амир Темур сингари буюк давлат арбобларининг авлоди эканимизни, тарихда ҳеч кимдан кам бўлмаганимизни ва келажакда ҳам кам бўлмаслигимизни тўла англаб етдик.
Шу ўринда, 2009 йил 4 июнь куни АҚШнинг ўша вақтдаги президенти Барак Обаманинг Қоҳира университетида сўзлаган нутқини эслатиб ўтмоқчиман. Ўшанда Оқ уй раҳбари шундай деган эди: “Тарихга қизиққан инсон сифатида мен цивилизация ислом олдида қанчалик қарздор эканлигини ҳам биламан. Айнан ислом, Ал-Азҳар каби жойларда, асрлар давомида илм нурини таратиб келди ва Европадаги тикланиш ва маърифатга йўл очди. Мусулмон жамиятларининг илғорлик руҳи туфайли алгебра тартиб-қоидалари, магнитли компасс ва навигация ускуналари, ёзув маҳорати ва нашриётга эга бўлдик, касалликлар тарқалиши ва уларни даволаш йўллари ҳақида тушунча ҳосил қилдик. Ислом тамаддуни бизга улуғвор аркалар ва баланд миноралар, вақт ҳукмига бўйсунмайдиган шеърият ва жозибали мусиқа, ҳусни ҳаттотлик ва ҳузур-ҳаловат ила таффакур қилиш имконларини берди”.
Бу нутқ билан танишар экансиз, АҚШнинг ўша вақтдаги президенти ўзбек мутафаккирларини (алгебра тартиб-қоидалари деганда Хоразмийни, магнитли компас деганда Абу Райҳон Берунийни, навигация ускуналари деганда Фарғонийни, касалликлар тарқалиши ва уларни даволаш йўллари дейилганда Розий ва Ибн Сино) назарда тутганлигига ишонч ҳосил қиласиз. Улуғвор аркалар ва баланд миноралар (Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз), вақт ҳукмига бўйсунмайдиган шеърият (Навоий, Бобур) ва жозибали мусиқа (Форобий) дейиш билан Барак Обама Ўзбекистонни назарда тутмадимикан?!. Демак, Барак Обама таъбири билан айтганда, “цивилизация ислом олдида қанчалик қарздор” бўлса, халқимиз олдида ҳам шунчалик қарздордир.
Испания қиролининг элчиси Р.Г.Клавихо “Самарқанддаги Амир Темур саройига сайёҳат кундалиги” асарида қуйидаги гапларни ёзиб қолдирган. “Бу халқ билан шоҳ (яъни Амир Темур) кўплаб улуғвор жасоратлар кўрсатди, кўплаб ғалабалар қозонди. Бу меҳнатсевар, моҳир чавандоз камондан отувчи мерган, умуман, сабот-матонатли халқ. Иссиқ ва совуққа, очлик ва ташналикка жаҳондаги ҳар қандай элдан кўра саботли ва чидамли халқ”.
Ҳар бир инсон муваффақиятга эришганида суюнади, ғурурланади, ифтихор қилади. Ўзбекистондаги кенг қамровли ислоҳатлар бир пайтлар Амир Темур бошчилигида шон-шуҳрат қозонган ҳалқ бугун яна азалий довруғини қайта тиклаётганидан далолат беради, деб айта оламиз. Бугун, қадим Турон, Туркистон бешиги бўлмиш Ўзбекистон заминида муаззам боғлар, гўзал ва нурафшон манзиллар чирой очмоқда. Демак, Янги Ўзбекистонда яшаш ва шу азиз эл-юрт учун меҳнат қилиш бахт. Ана шу бахт барчамизга муборак бўлсин!
Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ,
журналист