Тадбир стратегик ҳамкорликни мақсад қилган турли гуруҳлар ва манфаатдор томонлар – давлат органлари, касаба уюшмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, кичик бизнес ва ижтимоий тадбиркорлик вакиллари, экспертларни бир жойга жамлади. Ушбу ташаббус фуқаролик жамиятини меҳнат қонунчилигининг самарали бажарилишини мониторинг қилиш ва рағбатлантириш, меҳнат ҳуқуқлари, шу жумладан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, қишлоқ ҳудудларидаги аҳолини рағбатлантиришда қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Мақсад – меҳнат муносабатлари соҳасидаги асосий муаммоларни аниқлаш, соҳанинг ҳозирги ҳолатини муҳокама қилиш, шунингдек, мамлакатимизда меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш бўйича натижаларга эришиш бўйича кейинги қадамлар ва вазифаларни белгилаш.
Давра суҳбатида Ўзбекистонда жамоатчилик кенгашлари ва мониторинг гуруҳларини ташкил этиш тажрибаси кўриб чиқилди, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги, расмий маълумотларнинг шаффофлигини таъминлаш, ОАВлар, ННТлар ҳамда давлат органларининг самарали ҳамкорлиги мажбурий меҳнат ёки бошқа меҳнат қонунчилиги бузилишининг олдини олиш омиллари сифатида муҳокама этилди. Бу йўналишда конструктив фикр ва ғоялар алмашинди, мамлакат фуқароларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишда юзага келиши мумкин бўлган камситилиш ва бўшлиқларни камайтириш бўйича асосий ҳуқуқий тушунчаларни белгиловчи тавсиялар берилди.
Тадбирда сўз олган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги вакили Лазиз Қаршиев давлат институтлари ва фуқаролик сектори ўртасидаги яқин ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этиб, бугунги кунда вазирлик маҳаллий ННТлар вакилларини меҳнат муносабатларининг барча соҳаларида меҳнат шароитлари ва меҳнат қонунчилигига риоя этилишини мониторинг қилишда ҳамкорликка чақирди.
Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси раҳбари Ширин Обидова давлат органлари, фуқаролик сектори ва оммавий ахборот воситалари ўртасида ҳамкорлик платформасини яратишни таклиф қилди.
Бундан ташқари, иштирокчилар меҳнат муносабатлари соҳасидаги қонун ҳужжатлари ижросини, хусусан фуқаролар, ёшлар, хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат ҳуқуқларини амалга оширишни ўрганиш, қурилиш объектларида хавфсизлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилиниши бўйича қатор мавзули учрашувлар, мулоқотлар, мониторинг тадбирларини ўтказишга келишиб олди. Оммавий ахборот воситаларини жалб этган ҳолда меҳнат ҳуқуқларини тарғиб қилиш бўйича кенг кўламли ахборот-тарғибот ишларини олиб бориш зарурлиги таъкидланди.
Давра суҳбатида, шунингдек, Буюк Британия ҳукумати томонидан молиялаштирилаётган «Иқтисодий ривожланиш йўлида самарали бошқарув» лойиҳасининг иккинчи компоненти «Фуқаролик жамияти хисобдорлик тарафдори»нинг тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу лойиҳа 2020—2025 йилларга мўлжалланган бўлиб, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда ислоҳотларнинг устувор йўналишлари бўйича иқтисодий сиёсатнинг самарадорлиги, ҳисобдорлиги ва шаффофлигини ошириш мақсадларига қаратилган.
АCTED ташкилоти томонидан ҳамда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати кўмагида Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳа фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситаларини меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва яшил иқтисодиётни рағбатлантириш соҳасида ҳисобдорликни тарғиб қилиш учун қўллаб-қувватлашга қаратилган. Унинг доирасида давлат органлари ва жамоатчилик, жумладан ишбилармон доиралар, фуқаролик жамияти институтлари, медиа ҳамжамияти ўртасида меҳнат муносабатлари, “яшил ўсиш” масалалари бўйича турли тадбирларни ўтказиш режалаштирилган.
Давра суҳбати Буюк Британия Ҳукумати кўмагида молиялаштирилаётган “Иқтисодий ривожланиш йўлида самарали бошқарув” лойиҳасининг иккинчи устуни лойиҳасида ташкил этилди.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.