Сенат маълумотига кўра, Парламент юқори палатаси раиси Танзила Норбоева раислигида ўтган тадбирда БМТ Бола ҳуқуқлари қўмитасининг Ўзбекистон учун тавсияларини амалга ошириш бўйича кейинги қадамлар муҳокама қилинди.
Давра суҳбатида қатнашган ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Афшан Хан тавсияларни амалга оширишда икки муҳим жиҳат, яъни парламент назорати ва далилларга асосланган қарорлар қабул қилиш муҳимлигини таъкидлади.
БМТ Бола ҳуқуқлари қўмитаси БҲКнинг барча тамойиллари ва қоидаларини қонунчиликка киритиш ва уларнинг тегишли органлар томонидан амалда тадбиқ этишни тавсия қилди. Давра суҳбати иштирокчилари камчиликларни бартараф этиш ва мамлакатда БҲК ижроси устидан назоратни кучайтириш учун бола ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчилик ташаббуслари ва устувор йўналишларни муҳокама қилдилар.
БМТ Бола ҳуқуқлари қўмитасининг якуний тавсияларини амалга ошириш бўйича жорий режалар ҳам кўриб чиқилди. Бунда камситмаслик, боланинг энг яхши манфаатлари, яшаш, омон қолиш ва ривожланиш ҳуқуқи, боланинг қарашларини ҳурмат қилиш сингари умумий тамойилларга эътибор қаратилди.
Шунингдек, сенаторлар ҳамда вазирлик ва миллий идоралар вакиллари томонидан мазкур тавсияларни амалга ошириш, жумладан, Ҳаракат дастурини мониторинг қилиш ва ҳисобот тайёрлаш бўйича фикр ва аниқ режалар билдирилиб, бунда фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларини ҳам мамлакатда бола ҳуқуқларининг амалга оширилиши мониторингига жалб қилиш зарурлиги таъкидланди.