Форум иштирокчилари Марказий Осиёда фуқаролик жамиятини фаоллаштиришни минтақани инклюзив ривожлантириш омили сифатида муҳокама этди, шунингдек, ўзаро ҳамкорлик жиҳатларини кўриб чиқди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатларида ўн минглаб жамоат (нодавлат) ташкилотлари фаолият олиб боради, улар ўз тармоқларида юз минглаб фаолларни, кўнгиллиларни, жамоатчилик фикри етакчиларини бирлаштиради.
Фуқаролик жамияти даражасидаги ўзаро ҳамкорлик минтақа мамлакатларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни жадал ривожлантириш учун асос яратади, тизимли ўзаро ёрдамни таъминлайди ва учинчи секторда умумий сиёсатни мувофиқлаштириш учун шароит яратади.
Экспертларнинг эътироф этишича, Ўзбекистоннинг сиёсий қиёфаси янгиланиши билан бирга, одамларнинг ҳам, фуқаролик жамиятининг ҳам дунёқараши ўзгаряпти. Марказий Осиё мамлакатларининг фуқаролик жамияти институтлари катта салоҳиятга эга, лекин улардан тўлақонли фойдаланилмаяпти.
Хусусан, кейинги йилларда халқаро майдонда кўплаб ташаббуслар илгари суриляпти, бу ташаббусларнинг фуқаролар томонидан қўллаб-қувватланиши жаҳон ҳамжамияти, жаҳон ташкилотлари учун кучли «сигнал»га айланиши мумкин. Ташаббусларнинг халқ, фуқаролик жамияти институтлари томонидан бевосита қўллаб-қувватланишини уни нафақат давлат, балки минтақавий ва халқаро миқёсда илгари суришнинг муҳим механизмларидан бири сифатида кўриш керак. Марказий Осиё мамлакатларининг нодавлат секторларини бирлаштириш саъй-ҳаракатлар ва ресурслар самарадорлигини сезиларли даражада оширади.
Маълумки, 2018 йилдан буён Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат кенгаши форматида учрашяпти. Бундай учрашувлар формати минтақа мамлакатлари, шу жумладан фуқаролик жамиятлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда янги босқич бўлди. Бу – минтақада юз берган кўплаб ижобий ўзгаришларни қўллаб-қувватлаш нуқтаи назаридан ўз қийматига эга.
Айтиш керак, Остона, Тошкент, Туркманбоши ва Чўлпон-Ота шаҳарларида ўтган тўртта учрашув якунларига кўра, минтақанинг барча бешта давлати ўртасида хавфсизлик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва ижтимоий алоқаларни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, экологик муаммоларни ҳал этиш, муқобил энергияни ривожлантиришни илгари суриш ҳамда илмий-техникавий тараққиётни қўллаб-қувватлаш соҳаларида қўшма ҳамкорлик қилиш белгиланди.
Шу билан бирга, фуқаролик жамияти институтлари ва фикр етакчилари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш давлатлараро келишувлар самарадорлигини ошириши мумкин, чунки фуқаролик жамияти вакиллари фаолияти доирасида шу каби масалалар устида иш олиб боради.
Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги мулоқотнинг узоқ муддатли мақсадларидан бири ҳам фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, демократлаштириш ва қонун устуворлигини таъминлашдир. Европа Иттифоқи томонидан Фуқаролик жамияти форумларининг ўтказилиши, уларда Марказий Осиё бўйича махсус вакилнинг нутқ сўзлаши бунинг ёрқин ифодасидир.
Тошкентдаги форум иштирокчилари фуқаролик жамияти феноменининг Марказий Осиё ва минтақанинг барча мамлакатлари учун юқори аҳамиятини ҳисобга олиб, Марказий Осиё фуқаролик жамияти форумини тузилма сифатида ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Уни институтлар, ташкилотлар ўртасидаги самарали алоқаларни ривожлантириш учун асосий тузилмага айлантириш, бунда Марказий Осиё мамлакатларидаги фуқаролик жамияти гуруҳлари, уларнинг саъй-ҳаракатларини минтақалараро даражада ҳам, АҚШ, Европа Иттифоқи ва уларнинг Осиёдаги ҳамкорлари, масалан Япония билан шериклик қилиш йўналишида биргаликда мувофиқлаштириш кўзда тутилган.
Таъкидланишича, Марказий Осиё фуқаролик жамияти форуми минтақадаги фуқаролик жамияти вакилларининг Марказий Осиёда фуқаролик жамияти институтлари томонидан олиб борилган қўшма тадқиқотлари давомида аниқланган энг долзарб муаммоларни муҳокама қилиш учун мунтазам учрашувлари учун платформа бўлиб хизмат қилади.
Тадбир якунлари бўйича иштирокчилар Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш ғояларини илгари суриш, демократик тараққиёт йўлида ҳамкорликнинг янги йўналишларини ривожлантиришга хизмат қилувчи Марказий Осиё фуқаролик жамияти форумини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Мазкур Форум «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, Олий Мажлис Сенати ҳамкорлигида Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси кўмагида ташкил этилди.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.