Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан Кўп қаватли уйларни сақлаш билан боғлиқ харажатлар ҳисоб-китобини юритувчи “Менинг уйим” биллинг тизими ишга туширилди. Бу ҳақида вазирлик ахборот хғизмати хабар бермоқда.
Ушбу ахборот тизими орқали:
- кўп қаватли уйларни бошқарувчи ташкилотларнинг фаолиятини оптималлаштириш ва республикадаги кўп квартирали уйлар тўғрисидаги маълумотларнинг марказлашган ҳисобини юритиш;
- кўп хонадонли уйларнинг ҳолати, уй-жой мулкдорлари томонидан тўланадиган маблағлар, қарз миқдори, муддатини автоматик тарзда кузатиб бориш;
- уй-жой мулкдорларидан олинган тўловлар тўғрисидаги барча маълумотларни ягона базада сақлаш;
- тизимдаги уй-жой мулкдорлари ўртасида сўровлар ўтказиш орқали бошқарув ташкилоти рейтингини аниқлаш;
- бошқарув ташкилотлари томонидан бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларни эълон қилиб бориш;
- уй эгасининг шахсий кабинетида янгилик, хабарнома вa хабарларни нашр этиш (1 кв.м учун нарх, тўлов хабарномаларини юклаб олиш, тўловлар тарихи, уй ҳақида тўлиқ маълумот, сўров натижалари, бошқарувчи компания хизматлари учун онлайн тўловларни қабул қилиш ва бошқалар);
- тижорат банкларининг кассалари ва электрон тўлов тизимлари (clic, paynet, upay, payme, uzcard) орқали мажбурий бадал тўловларини амалга ошириш;
- бошқарув ташкилотлари томонидан 24 соат мобайнида фаолият юритадиган диспетчерлик ва авария вазиятларини бартараф этиш хизматини ташкил этишга эришилади.
— Республикада 1,3 миллиондан ортиқ хонадондан иборат 39 691 та кўп квартирали уй мавжуд бўлиб, уларга 736 та бошқарувчи ташкилот ҳамда 277 та уй-жой мулкдорлари ширкати хизмат кўрсатади, — деди Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Озода Жўраева. — Бугунги кунга қадар “Менинг уйим” ягона электрон базасига ширкат ва бошқарув ташкилотлар бошқарувидаги кўп квартирали уйлардаги 1 218 689 та хонадон тўғрисидаги маълумотлар киритилди. Шундан 731 849 таси вилоятлар ва 486 840 таси Тошкент шаҳрига тўғри келади. Вазирликнинг расмий веб-сайтида “шаффоф коммунал” ойнаси яратилди ҳамда электрон реестр ва электрон рейтинг платформаси ҳаволасида ишга туширилди.
“Менинг уйим” ахборот тизимида кўп квартирали уй-жойлар хонадонларининг маълумотлар базасини автоматик шакллантириш мақсадида Кўчмас мулк объектларининг кадастр рақамларига боғланган ҳамда ягона манзиллар реестри билан, шунингдек, уй-жойлар мулкдорларининг қарздорлигини нотариал идоралар томонидан текшириш учун Адлия вазирлигининг маълумотлар базаларига интеграция қилинган.