Метин интизом, мустаҳкам ижро – мамлакат мудофаа салоҳиятини юксалтириш ва юқори жанговар шайлик асоси

    Долзарб 1 август 2022 4735

    "Янги Ўзбекистон" газетасида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-лейтенант Баҳодир Қурбоновнинг мақоласи чоп этилди. Унда ҳали ҳеч қаерда эълон қилинмаган маълумотлар бор.

    Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда 2021 йил 31 майдаги “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда мудофаа соҳасидаги тизимли ишларнинг изчил давом этишига жиддий туртки берди.

    Ушбу ҳужжатлар талаблари асосида Мудофаа вазирлиги мансабдор шахсларининг шахсий жавобгарлиги ва масъулиятини кучайтириш, қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этиш ва мониторинг қилишнинг таъсирчан тизимини яратиш, ташкилий ҳамда назорат фаолияти шакллари ва услубларини такомиллаштириш борасида комплекс чора-тадбирлар белгиланди. Бу жараёнда ижро интизоми, шахсий масъулият ва ташаббускорлик асосий тамойил қилиб олинди.

    Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини таъминлашнинг мутлақо янги “Ijro.gov.uz” тизими яратилиши жамият ҳаётидаги муҳим ислоҳот, янгилик ва ўзгаришлар, фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилишнинг асосий омили бўлмоқда.

    Мудофаа вазирлиги марказий аппарати ва қўшинларида ижро интизоми ҳолати бўйича ўтган даврда “Ijro.gov.uz” электрон тизимида 1 та қонун, Президентнинг 164 та фармони, 628 та қарори, 226 та фармойиши ва 158 та баёни доирасида Мудофаа вазирлигига юклатилган жами 1177 та топшириқнинг 981 таси ўз вақтида бажарилган бўлса, 196 тасининг ижроси давом эттирилмоқда.

    Қонунчилик ҳужжатлари, қўйилган вазифалар моҳияти ва аҳамиятини шахсий таркибга тезкор етказиш, назорат бандлари ва топшириқларни бажаришда ҳарбий қисм ва муассаса раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги таъминланган. Юқори ва қуйи тизимлар ўртасида тезкор ички ахборот алмашинуви жараёни тўлиқ электрон форматга ўтказилган. Бу эса соҳага доир қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этиш ва мониторинг қилишда ўз самарасини бермоқда.

    Мудофаа салоҳиятини янада юксалтириш йўлида

    Мудофаани бошқариш миллий марказида жорий йилнинг 13 январь куни Хавфсизлик кенгашининг Президентимиз – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган кенгайтирилган йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан Қуролли Кучлар Бош штаби фаолиятини сифат жиҳатидан янги поғонага олиб чиқиш, қўшинни замонавий қурол-яроғ ҳамда ҳарбий техника билан бутлаш, мавжудларини модернизация қилиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ёшларни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, ҳарбий хизматчиларнинг психологик тайёргарлиги ва жанговар руҳини мустаҳкамлаш бўйича қатор вазифалар қўйилганди. Ушбу муҳим вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2022-2026 йилларда Қуролли Кучларни янада ривожлантириш бўйича концептуал дастур ишлаб чиқилди ва у асосда амалий ишлар олиб борилмоқда.

    2016 йил билан таққослаганда ҳарбий хизматчининг ўқув-машғулот меъёри 4 баробар кўпайди, жанговар ва махсус тайёргарлик машғулотлари интенсивлиги, қўшинлар тайёргарлик даражаси 2 баробар ошди.

    Амалга оширилган ишлар ва ислоҳотлар самарасини юрт ҳимоячилари халқаро майдонларда ўтказилган ўйинлар ва мусобақаларда яққол намоён этишди. Жумладан, Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларидан иборат жамоамиз 2020 йилда Халқаро армия ўйинларида умумжамоа ҳисобида 3-ўринни қўлга киритган бўлса, 2021 йилги армия ўйинларининг 24 та йўналишида 4 та олтин, 9 та кумуш ва 4 та бронза медални қўлга киритиб, 42 та давлат армиялари ўртасида умумжамоа ҳисобида фахрли 2-ўринни эгаллади. Таъкидлаш жоизки, мазкур Халқаро армия ўйинларида қайд этилган жами 33 та рекорд натижадан 10 таси Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари томонидан ўрнатилди.

    Мудофаа вазирлигининг 2 нафар сержанти АҚШда ўтказилган “Илғор жангчи” мусобақасида муносиб иштирок этиб, фахрли 1-ўринни эгаллади.

    “Global Firepower Index-2021” рейтинги маълумотларига кўра, Ўзбекистон Қуролли Кучлари ҳарбий салоҳияти Марказий Осиёда биринчи, МДҲ давлатлари орасида учинчи ва дунёнинг 140 мамлакати орасида 53-ўринни туради.

    Ҳарбий мерос ва илмий салоҳият

    Буюк аждодларимизнинг бой ҳарбий меросини чуқур ўрганиш орқали ҳарбий илм-фанни ривожлантириш, миллий ҳарбий санъатимиз тарихи бўйича фундаментал тадқиқотлар қилиш, соҳадаги хавф ва таҳдидларни тизимли ўрганиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2021 йил декабрдаги қарорига мувофиқ Ҳарбий мерос ва замонавий тадқиқотлар институти ташкил этилди.

    Мудофаа вазирлиги тизимида ҳарбий илм-фанни ривожлантириш йўналишидаги изчил саъй-ҳаракатлар натижасида илмий даража ва илмий унвонга эга ҳарбий хизматчилар сони 137 нафарга етди. Яна 211 нафар ҳарбий хизматчи ҳозирги кунда илмий тадқиқот олиб бормоқда.

    Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси янги халқаро стандартларга мос такомиллаштирилди. Академияда давлат ва ҳарбий бошқарув даражасидаги ҳарбий кадрларни тайёрлаш магистратураси ташкил этилиб, йилига 15 нафаргача кадр тайёрланмоқда. Бунинг натижасида Қуролли Кучлар академияси илмий салоҳияти 51,3 фоиз ошди.

    Халқаро ҳарбий ҳамкорлик доирасида Мудофаа вазирлигининг 300 нафарга яқин ҳарбий хизматчиси Россия, АҚШ, Туркия, Германия, Хитой, Покистон, Ҳиндистон, Беларусь, Италия, Буюк Британия, Жанубий Корея олий ҳарбий таълим муассасалари ва ўқув марказларида таълим олиб, халқаро тажрибаларни ўрганди.

    Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Аждодларни излаб” ҳарбий-тарихий жамияти фаолиятига фан ва санъат соҳалари раҳбарлари ва мутахассислари жалб этилиши миллий ҳарбий меросимизни ҳар томонлама тизимли ўрганиш ҳамда оммалаштириш имконини берди.

    Жумладан, шу вақтга қадар фашизмга қарши уруш вақтида юртимиз аҳолиси 6 млн 551 минг кишини ташкил этган ва уларнинг 1 млн 500 мингга яқини урушда иштирок этган, деб ҳисобланар эди. Янги топилган маълумотлар асосида Ўзбекистондан 1 млн 951 мингга яқин киши урушга сафарбар этилгани, ҳар уч ўзбекистонликдан биттаси қўлига қурол олиб, фашизмга қарши жанг қилгани аниқланди. Яъни шунча йиллар мобайнида эътибордан четда қолиб келган, аммо жангларда мардонавор қатнашган қарийб 451 минг юртдошимизнинг номлари ва тақдири тикланди.

    Муддатли ҳарбий хизматга чақирув

    2021 йил 30 сентябрда имзоланган “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун билан мудофаа ишлари бўлимлари ҳузуридаги Қуролли Кучларни бутлаш, ҳудудий ҳамда ҳудудий-тиббий комиссиялар, шунингдек, вилоят йиғин пунктларида ҳарбий-тиббий комиссиялар ва мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги раҳбарият кенгашлари таркиби ва уларнинг иш фаолияти белгиланди. Бир-бирини такрорловчи тиббий кўриклардан ўтказиш амалиёти бекор қилинди. 196 нафар тиббий ходим тиббий комиссиялар таркибидан чиқарилди. Муддатли ҳарбий хизматга чақириш кўзда тутилган вазирлик ва идоралар вакилларининг номзодларни яккама якка суҳбат орқали танлаб олиши билан Қуролли Кучларни сифатли бутлаш имкони яратилди.

    Ўрта, ўрта махсус ва бошланғич профессионал таълим муассасаларининг битирувчи синф ўғил болаларини чақирув пунктларида қайд этиш ишларини апрель-май ойларидан охирги ўқиш йилининг октябрь-ноябрь ойларида амалга ошириш тартиби белгиланди.

    “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунга кўра, меҳнатга қобилиятсиз, яъни нафақада ёки ногирон бўлган ота-онанинг ёлғиз ўғли, уларнинг бошқа боқувчиси ёки бўлмаса, ҳарбий хизматга чақирилмас эди. Фуқароларнинг мурожаатлари ва таклифлари асосида ушбу тоифадаги чақирилувчиларга ота-оналарининг розилиги билан муддатли ҳарбий хизмат ёки сафарбарлик чақируви резерви хизматини ўташ ҳуқуқи берилди. Жорий йил ана шу тоифага кирувчи 112 нафар фуқаро муддатли ҳарбий хизматга чақирилди.

    Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 6 мартдаги қарорига мувофиқ, муддатли ҳарбий хизматга чақирилаётган фуқароларни ҳарбий тиббий кўрикдан ўтказиш учун туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимидаги ҳудудий тиббий комиссиялар ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри мудофаа ишлари бошқармалари ҳузурида ҳарбий тиббий комиссиялар ташкил этилди. Бу ўзгариш, ўз навбатида, кўп куч, ортиқча вақт ва маблағ сарфланишининг олдини олмоқда.

    Ҳудудий тиббий комиссиялар томонидан соғлиғи даражаси бўйича ҳарбий хизматга яроқли деб топилган чақирилувчилар бутлаш комиссиясида суҳбатдан ўтказилиб, соғлиғининг даражаси, жисмоний тайёргарлиги, фикрлаш қобилияти ва бошқа хусусиятларини инобатга олган ҳолда уларни қўшин турларига тайинлаш бўйича қарор қабул қилинмоқда.

    Фуқаролар томонидан ҳарбий хизматга яроқлилик тоифаси бўйича ўзига нисбатан чиқарилган хулосаларидан норози бўлиб мурожаат қилган фуқаролар Мудофаа вазирлиги марказий ҳарбий тиббий комиссиясининг назорат тиббий кўригидан ўтиши белгиланди. Унга 2021 йил ҳудудий тиббий комиссия қароридан қониқмаган ва бошқа сабабларга кўра 136 нафар, 2022 йилда 108 нафар фуқаро мурожаат қилган.

    Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 23 мартдаги “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда 2021 йил 31 майдаги “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қароридан келиб чиққан ҳолда барча мудофаа ишлари бошқармалари ва бўлимларини электрон ишлаш тизимига ўтказиш билан фуқароларга, айниқса, ёшларга қулай шароитлар яратилди.

    Натижада республикамиздаги 202 та мудофаа ишлари органи орқали фуқароларга хизмат кўрсатишда ортиқча қоғозбозлик ва бюрократия тўсиқларига барҳам берилди, қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш таъминланди. Автоматлаштирилган ахборот тизими ва электрон маълумотлар базаси ишга туширилиши билан 10 дан ортиқ ҳужжатни талаб этиш бекор қилиниб, қисқа вақтда “Ягона дарча” тамойили асосида ёки мудофаа ишлари бўлимлари орқали электрон тарзда маълумотнома олиш, рўйхатга қўйиш ёки чиқариш имконияти яратилди.

    2022 йил 1 июль ҳолатига 1016539 нафар фуқарога онлайн ва электрон тарзда “Ҳарбий рўйхатга киритиш ва ундан чиқариш” давлат хизмати кўрсатилди.

    Ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимояси

    Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уй-жой ва маиший шароитини, тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини яхшилаш масалалари Президент – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг доимий диққат эътибор марказида бўлиб келмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларини ипотека кредитлари орқали уй-жой билан таъминлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, 2021 йилда Тошкент шаҳри ва вилоятларда 1010 та хонадондан иборат 19 та кўп қаватли уй ипотека кредитлари ҳисобига қурилиб, ҳарбий хизматчи ва уларнинг оила аъзоларига фойдаланишга топширилгани, бу кўрсаткич 2022 йилда 1200 тани ташкил этгани бунинг яққол намунасидир. Бугунги кунда Тошкент ва Чирчиқ шаҳарларида 420 та хонадон фойдаланишга топширилган. Шунингдек, жорий йилнинг сентябрь ойида Жиззах, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида 290 та хонадон фойдаланишга топширилиши кўзда тутилмоқда.

    Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида 1991-2016 йилларда (25 йилда) жами 7137 нафар ҳарбий хизматчи уй-жой билан таъминланган бўлса, 2017-2021 йилларда 10769 та хонадон топширилган. 2022-2026 йилларда бу кўрсаткични ҳар йили 2295 тагача етказиш, 5 йилда ипотека кредитлари асосида жами 11475 та хонадонга мўлжалланган кўп қаватли турар жойлар барпо этиш режалаштирилган.

    Сўнгги йилларда Мудофаа вазирлиги тизимида малакали ҳарбий шифокорлар тайёрлаш, уларнинг маҳорати ва тажрибасини ошириш борасида ҳам кенг миқёсли ишлар йўлга қўйилди. Жумладан, вазирликнинг 234 нафар тиббиёт ходими республикамиз ва хориж (АҚШ, Россия, Хитой, Германия) тиббиёт марказлари ва академияларида таълим олди. Қуролли Кучлар Ҳарбий тиббиёт академиясида 181 нафар тиббиёт ходими, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказида 21 нафар шифокор, Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини ошириш марказида 4 нафар ҳамшира, Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Ҳарбий тиббиёт академиясида 11 нафар ҳарбий шифокор клиник ординатура, қайта тайёрлаш курсларида малакаларини оширишди. Шунингдек, 17 нафар ҳарбий шифокор Ҳарбий тиббиёт академиясининг ҳарбий интернатураси ва клиник ординатурасига қабул қилинди.

    Халқаро ҳарбий ҳамкорлик йўналишида Корея Республикаси Мудофаа вазирлиги билан ҳарбий тиббиёт соҳасида ҳамкорликка оид имзоланган англашув меморандуми доирасида барча округ ва бирлашмалардан 12 нафар тиббиёт ходими Корея Республикаси Қуролли Кучлари тиббиёт мактабининг “Жанг майдонида шошилинч тиббий ёрдам” ўқув курсларида амалий кўникмаларни оширишга, 2 нафар ҳарбий шифокор АҚШнинг Техас штатидаги ҳарбий ҳаво кучлари базасига ўқишга юборилди.

    Шу ўринда ҳарбий госпиталлар фаолиятига юқори технологияли, шу билан бирга, йирик бўғинларни эндопротезлаш амалиёти киритилганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Чунки соҳадаги бу янгилик сабаб 2022 йил 7 май куни Марказий ҳарбий клиник госпиталда илк бор академик В. Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган илмий-амалий хирургия тиббиёт маркази мутахассислари билан ҳамкорликда “буйракни кўчириб ўтказиш амалиёти” муваффақиятли амалга оширилди.

    Халқ ва армия бир тану бир жон

    “Халқ ва армия – бир тану бир жон” ғояси асосида ўтказилаётган тадбирлар Мудофаа вазирлиги фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, ҳарбий касб нуфузини ошириш, ҳарбий хизматчилар ва чақириққача бўлган ёшларнинг маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси тизимини шакллантириш сингари устувор мақсадларга хизмат қилмоқда. Бунинг натижасида Қуролли Кучлар ва халқимиз ўртасидаги ришталар мустаҳкамланиб, юртдошларимизнинг ўз армиясига нисбатан фахр, ғурур ва ифтихор туйғулари янада ошмоқда.

    Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари томонидан вилоятлар бўйича ижтимоий-иқтисодий ривожланиши паст бўлган олис қишлоқ, овул ва маҳаллаларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида жами 186 та маҳалла, қишлоқ ва овулда, 51583 та хонадонда ободонлаштириш, 3850 та объектда қурилиш, 303 та кўп қаватли ва 8 521 та объектда таъмирлаш ишлари бажарилди. 44 та маҳаллада ҳарбий муҳандислик техникасида бурғилаш ишлари олиб борилиб, 2 996 та хонадон томорқасини суғориш учун 303 та артизан қудуқ қазиб берилди.

    Мудофаа вазирлигининг 500 дан ортиқ тиббиёт ходими коронавирусга қарши курашиш ишларида фаол қатнашди. Мудофаа вазирлигининг 2 та Санитария-эпидемиология назорат маркази, 6 та ҳарбий госпитали вирусология лабораториясида коронавирус инфекциясини аниқлаш учун 51854 та лаборатория таҳлили амалга оширилди. “Ўзэкспомарказ”да коронавирус инфекциясини юқтирган беморларни даволаш мақсадида вазирлик томонидан 270 ўринга мўлжалланган вақтинчалик шифохона ташкил этилди ва унда 27576 фуқаро текширувдан ўтказилди. Уларга стационар ва амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилди.

    Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш

    Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва самарали ижро этиш мақсадида Мудофаа вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи, мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида “Миллий армиямиз – ёшлар нигоҳида” шиори остида 2022 йилга мўлжалланган, маҳаллаларда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича амалий чора-тадбирлар белгиланган “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

    Унга мувофиқ, алоҳида уюшган ва уюшмаган ёшлар билан жорий йилнинг 6 ойи давомида 14 та маъмурий ҳудуд бўйича маҳалла, ҳарбий қисм ва муассасаларда 4 та – ватанпарварлик, маънавият, маданият ва ҳуқуқий саводхонлик йўналишларида жами 16453 та манзилли тадбир ўтказилди. Уларга 905 мингдан ортиқ ёшар қамраб олинди.

    Ёшларнинг маънавий саводхонлигини ошириш ҳамда мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш мақсадида 2095 та маънавият соати, интеллектуал викторина, ҳарбий-спорт мусобақалари, буюк аждодларимиз қаҳрамонликларини ўрганишга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар, китобхонлик кечалари, концерт дастурлари, адабий-бадиий кечалар ташкил этилди. Мазкур тадбирларда 63 мингдан ортиқ ёш иштирок этди. Шунингдек, ўсиб келаётган ёш авлод қалбига улуғ саркарда аждодларимиз мардлиги ва жасоратини, буюк ватанпарварлигини чуқур сингдириш мақсадида ҳарбий қисм ва муассасаларда “Амир Темур” ва “Жалолиддин Мангуберди” синфлари яратилди.

    2022 йил март-май ойларида 9 мингдан ортиқ умумтаълим мактабининг 10-11-синфларидан 120 мингга яқин ўқувчиси иштирокида мудофаа вазири кубоги учун уч босқичда “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақалари ташкил этилди.

    Профилактик ҳисобда турган, уюшмаган, тарбияси оғир ҳамда жиноят ва ҳуқуқбузарликка мойил ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни соғлом турмуш тарзига қайтариш, бандлигига кўмаклашиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Андижон, Жиззах, Наманган, Хоразм, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида “Ёш ватанпарварлар йиғини” ташкил этилди. Мазкур йиғинларга 900 дан ортиқ ёш қамраб олинди.

    Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 2 мартдаги алоҳида қарори билан ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук ва жисмонан соғлом, баркамол авлодни вояга етказиш мақсадида Мудофаа вазирлиги ҳузурида “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати ташкил этилди.

    2022/2023 ўқув йилидан “Ватан таянчи” ҳаракати фаолиятида фаол иштирок этган ҳамда мактабни аъло баҳоларга тамомлаган ҳар бир “Ватан таянчи” отрядининг бир нафар аъзосига Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланадиган танлаб олиш тартибига мувофиқ олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсиянома берилади.

    Мурожаатлар қатъий назоратда

    Мудофаа вазирлиги тизимида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун талабларига мувофиқ ташкил этиб келинмоқда.

    2022 йилнинг 1 январидан ҳозиргача Мудофаа вазирлигига жисмоний ва юридик шахслардан жами 2114 та мурожаат (Президентнинг Виртуал қабулхонаси орқали 1306 та, бевосита 559 та, Бош прокуратурадан 41 та) келиб тушган. Тегишли идоралар ва ҳокимликларга тааллуқлилиги юзасидан 115 та мурожаат юборилган. Қолган 1973 та мурожаат Мудофаа вазирлиги раҳбарияти томонидан кўриб чиқилган.

    Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ва масъул ходимлари томонидан 208 нафар жисмоний ва юридик шахснинг вакиллари бевосита идорада ҳамда сайёр қабуллар орқали қабул қилинган ҳамда уларга тегишли амалий ёрдам кўрсатилган.

    Шу билан бирга, таҳлиллар натижаси жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг энг кўп қисми ҳарбий хизматчиларни оилавий шароитига кўра хизмат жойини кўчириш, контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш, ҳарбий хизматни тиклаш, уй-жойни хусусийлаштириш ва уй-жой билан таъминлаш, муддатли ҳарбий хизматга чақириш, сафарбарлик чақируви резервига олиш масалалари ҳисобига тўғри келмоқда.

    Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ёзма ва оғзаки мурожаатлари бўйича олиб борилаётган ишлар қатъий назоратга олиниб, натижалари юзасидан зарурий чора-тадбирлар белгиланган.

    Мурожаатлар таҳлили кўрсатмоқдаки, кўплаб фуқаролар бошқа йўналишлар қатори ҳарбий соҳадаги ислоҳотларни ҳам қўллаб-қувватлашини, Қуролли Кучларимиз қудратига ишонишини, Ватан ҳимоячиларининг фидоий хизматларидан миннатдор эканини билдиришган.

    Мудофаа вазирлигида қонунлар, Президент фармонлари ва ҳукумат қарорларида белгиланган топшириқлар ўз вақтида бажарилиб, ижро интизомини янада мустаҳкамлаш, шахсий масъулият ва ташаббускорликни ошириш ишлари изчил давом эттирилади. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистон хавфсизлигини таъминлашга, мудофаа салоҳиятини кучайтириш ва қўшинларнинг жанговар шайлигини янада оширишга, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоялашга хизмат қилади.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates