Саида Мирзиёева: бирламчи тиббий-санитария тизимига бўлган ёндашув тубдан қайта кўриб чиқилади

    Саида Мирзиёева Ургутнинг чекка қишлоқларидан биридаги «Навоий» поликлиникасидаги вазиятни ўрганди.

    Қайд этилишича, поликлиника биноси 1972 йилда қурилган бўлиб, капитал таъмирга, шуниндек, янги стандартлар ва тиббий хизматлар сифатини оширишга муҳтож.

    Муассаса 13 мингдан ортиқ аҳоли учун бирламчи тиббий ёрдам кўрсатади. 16 та қишлоқда яшовчи аҳоли учун эса бу туғруқни қабул қиладиган энг яқин ва ягона тиббиёт маскани ҳисобланади.

    "Юклама ниҳоятда катта, шароит эса изоҳ талаб қилмайди. Зах хоналарнинг кулранг ойналарига урилаётган ёмғир томчилари ҳам вазиятни акс эттиряпти.
    Бу ҳолат битта поликлиниканинг муаммоси эмас. Бу — бирламчи тиббий хизмат тизимида мавжуд бўлган катта муаммоларнинг акси. Олдимизда диагностика ва даволаш стандартларини такомиллаштириш, кадрлар тайёрлаш вазифалари турибди. Мутахассислар билан биргаликда вилоят соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича янги мастер-режани батафсил кўриб чиқдик.
    Бу жараён фақат биноларни таъмирлаш билангина чекланмайди, балки бирламчи тиббий-санитария тизимига бўлган ёндашув тубдан қайта кўриб чиқилади. Бугун кўрганларим шуни яна бир бор исботлади: соғлиқни сақлашдаги муаммоларни фақат ҳисобот ва ҳужжатлар асосида баҳолаб бўлмайди", деб ёзади Президент Администрацияси раҳбари.